1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ҲОФИЗ ИБН ҲАЖАР АСҚАЛОНИЙ

2-06-2020, 09:28 729 Ўқиш режими + -


ҲОФИЗ ИБН ҲАЖАР АСҚАЛОНИЙ

 

      Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

         Ибн Ҳажар Асқалоний ислом уммати орасида ўзининг ҳадис, улумул ҳадис, рижол илми борасида беқиёс хизматлари билан катта мавқега эгадир. У зотнинг ҳаёти, илмий фаолияти ва ислом дини ривожига қўшган ҳиссасини ўрганиш бугунги кунда ёшларни ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадда, ушбу буюк алломанинг ҳаёти ҳақида қисқача маълумот берамиз.

         Унинг тўлиқ исми – Аҳмад ибн Али ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Али ибн Маҳмуд ибн Аҳмад ибн Ҳажар Асқалонийдир. Куняси Абул Фазл, лақаби – “Шиҳобуддин”дир. Олимга Кинона қабиласидан бўлгани учун “киноний” нисбати, аждодлари асли Фаластин ҳудудидаги Асқалон шаҳридан бўлгани учун эса “Асқалоний” нисбати берилган. 

         Ҳофиз ибн Ҳажар ҳижрий 773 йил шаъбон ойининг 22 кунида Мисрнинг Нил дарёси соҳилидаги кичик қишлоқда таваллуд топади. Бўлажак аллома илм нури ила мунаввар бўлган оилада дунёга келган эди. Алломанинг бобоси, бобосининг акаси, отаси барчалари илм аҳли бўлган.

         Таълим олишни беш ёшидан бошлаган ёш Аҳмад тўққиз ёшида устози шайх Садриддин Муҳаммад Сақтий ҳузурида Қуръони каримни тўлиқ ёд олади. Ҳижрий 785 йил ўн икки ёшида Масжидул Ҳарамда таровеҳ намозида имом бўлиб Қуръони каримни хатм қилади.

         Ҳофиз Ибн Ҳажарнинг устозлари жуда кўп бўлган. Тадқиқотчилар бунинг сабаби сифатида Миср диёрида уламоларнинг кўплиги ҳамда олимнинг турли ўлкаларга илм талабида қилган сафарларини келтиради. У таълим олиш мақсадида 50 га яқин шаҳарга сафар қилган. Зеро, таълим олувчи ўзи туғилиб ўсган жой уламоларининг илмини олиб бўлгандан сўнг бошқа ўлкаларга сафар қилиши унинг илми юксалишига, дунёқараши кенгайишига сабаб бўлади. Бундай сафарлар ўрта асрлар ислом таълимининг ажралмас қисми бўлган.

         Ибн Ҳажар ўзининг серқирра ижоди билан ислом олами кутубхонасини ўз соҳасида қимматли дея топилган китоблар, манбалар ила бойитди. Бутун борлиғини илм-у маърифатга сарфлаган алломанинг ёдлаш қобилияти кучлилиги, зеҳн-у заковати ўткирлиги ҳамда ҳар дақиқасини ғанимат билиши алломанинг таълиф этган китоблари сони кўпайишига  ва қадр-қиммат топишига сабаб бўлди.

         Китоб таълиф қилишни йигирма уч ёшидан бошлаган улуғ ҳофиз то умрининг охиригача бу ишини давом эттирди. У таълиф этган китобларнинг сонини Саховий устозининг таржимайи ҳолини баён қила туриб икки юз етмишдан ортиқ эканлигини айтиб ўтган. Унинг, айниқса, “Фатҳу-л-борий би шарҳи саҳиҳи-л-Бухорий”, “Булуғу-л-маром мин адиллати-л-аҳкоми”, “Ал-исобату фи тамйизи-с-саҳоба”, “Лисону-л-мезон”, “Таҳзибу-т-таҳзиб”, “Нузҳату-н-назар фи тавзиҳи нухбати-л-фикар” каби асарлари бутун ислом оламида ўз соҳасида асосий мабалар сифатида тан олинади. 

         Ибн Ҳажар ўзининг юксак илмий салоҳияти; устозлари, шогирдлари, яқинлари ҳамда атрофидагилар билан гўзал муносабати; Аллоҳ таолога бўлган тақвоси, одоб-у ахлоқи ила ўз замонасининг уламолари, фозиллари, катта-ю кичигининг қалбидан жой олган эди. Ҳозирга қадар барча аҳли илмлар, алломанинг ҳаёти билан танишган ҳар қандай киши унинг нечоғлик катта аллома, ҳақиқатда, уммат учун намуна эканлигини англаб етади.

         Буюк алломанинг ҳаётидан қисқача тўхталиб ўтган маълумотларимизга хулоса тарзида   шайх Бурҳониддин ал-Биқоийнинг Ибн Ҳажар Асқалонийни таърифлаб айтган қуйидаги сўзларини келтирамиз: “Шайхул ислом, уммат намунаси, ҳофиз, уламолар султони, фақиҳлар подшоҳи Ибн Ҳажар агар фиқҳдан гапирса, эшитгувчи киши уни имом Шофеъий; араб  грамматикасидан сўз очса, уни Сибавайҳ; арузга киришса, Халил ибн Аҳмад деб ўйларди”. 

 

 

Ҳумоюн Нодиров


 Тошкент ислом институти 

4 босқич талабаси