1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ИСРОФГА ЙЎЛ ҚЎЙМАНГ!

2-06-2020, 11:13 550 Ўқиш режими + -

 

  


ИСРОФГА ЙЎЛ ҚЎЙМАНГ!

 

   Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

 Аллоҳ таоло инсонларга беҳисоб неъматларни ато этиш баробарида бу неъматлардан тежамкорлик билан, исроф қилмасдан фойдаланишни ҳам буюрган. “Исроф” сўзи арабча бўлиб, унинг маъноси “ҳар бир ишда ҳаддан ошиш” маъносида келади. Исроф динимизда қаттиқ қораланган. Шариатимизда ҳар бир нарсани меъёрида қилиш тавсия этилади. Бир нарсани жуда ошириб ҳам юборилмайди ва аксинча, жуда йўқ даражага ҳам тушуриб қўйилмайди. Балки ўрта меъёрида адо этилади. Меъёрдан ошириб юбориш исроф, деб қаралади. Қуръони каримда исрофнинг нақадар ёмон хислат экани ҳақида ўнлаб ояти карималар бор. Аллоҳ таоло айтади:

Еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай”. (Аъроф сураси, 31-оят).

Аллоҳ таоло инсонларга жуда кўп неъматларни ато этиб қўйган. Банданинг вазифаси Аллоҳ берган бу неъматларнинг шукрини қилиш, уларни тежаб-тергаб, исроф қилмай ишлатиш, Парвардигорнинг берганига рози бўлишдир. Эҳтиёждан ортиқ еб-ичишни баъзи уламолар ҳаром дейишган бўлса, айримлари макруҳ санашган. Қуръони каримда исрофнинг мазаммат қилинишига сабаб, Аллоҳ неъматларидан қай тарзда фойдаланганимиз, уларни қаерга сарфлаганимиз, шукрини қандай қилганимиз ҳақида охиратда савол-сўроққа тортиламиз. Шунинг учун ушбу неъматларни ато этиб қўйган Аллоҳ азза ва жалла бандаларини уларни исроф қилмасликка чақиради:

“(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз”.

Эй инсонлар, бахиллик билан қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг, яъни очиққўл бўлинг. Исрофгарчилик қилиб қўлингизни бирваракайига ёзиб ҳам юборманг. Шундай қилсангиз, одамларнинг маломатига қоласиз, бор нарсангиздан маҳрум бўлиб, афсус-надомат чекасиз. Дарҳақиқат, бахиллик қанчалик ёмон иллат бўлса, бор нарсасини исроф қилиш, уни беҳуда сарфлаш ҳам шунчалик ёмон хислатлардандир. 

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг “Ким ҳаётда тежамли бўлса, қашшоқлик кўрмайди” (Термизий ривояти) деган муборак ҳадислари бор. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар:

“Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер” (Бухорий ривояти).

Бошқа бир ҳадисларида:

“Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга ўтманглар”.(Насоий ривояти).

 

Исрофгарчиликга йўл қўймаслик кишининг дунё ва охиратдаги ҳасрат-надоматларидан сақловчи омиллардан биридир.

Абу Барза Асламийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Қиёмат куни ҳар бир инсон (тўрт нарса ҳақида) сўралмагунигача жойидан жилмайди: Умрини қандай ўтказгани, илмига қандай амал қилгани, молини қаердан топгани ва қаерларга сарфлагани, жисмини нима билан қаритгани" (Имом Термизий ривояти).

Ушбу ҳадисда ҳар бир мўмин банда алоҳида аҳамият бериши, ҳеч қандай исрофга йўл қўймаслиги лозим бўлган тўрт буюк неъмат ҳақида сўз юритилмоқда.

Ислом таълимотига кўра, исрофгарчилик-ноҳақ ва ҳаром-хариш йўлларга мол-дунё сарфлашдир. Исрофнинг чегараси катта: маросимларни тежамсиз ўтказиш ҳам исроф, электр, газ, сув, ёнилғи каби турмуш қулайликларини ортиқча ишлатиш ҳам исроф, вақтни, умрни бефойда ўтказиш ҳам исроф, фойдасиз ишлар билан шуғулланиш ҳамда соғликнинг қадрига етмаслик ҳам исрофдир. Мазҳаббошимиз Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ: “Яхшилик ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай яхшилик йўқ”, деганлар.

Исрофнинг катта-кичиги бўлмайди. Майда-чуйдани исроф қилган катта нарсаларидан маҳрум бўлади. Гугурт тежаш учун ѐки хонани иситиш мақсадида газимиз кун бўйи ѐқилганича қолади. Зарурати бўлмаса ҳам уйларимизда, хонадонларимизда, ишхонамизда электр чироқлари соатлаб ѐниқ туради, ҳеч ким кўрмаѐтган телевизорни ўчириб қўймаймиз, компютрларимиз зарурати бўлмаса ҳам ишлайверади. Ахир, ҳамма нарсанинг уволи бор. Халқимиз “Нимани қиласан хор, ўшанга бўласан зор”, дейди.

Ижтимоий тармоқларда баъзан халқимиз орасидан ҳозирги вазиятга бефарқларча турли хил исрофгарчиликларни ва карантин қоидалари бузишларни ўз вақтларини ва ўзгаларнинг вақтларини исроф қилаётганларни гувоҳи бўлмоқдамиз. Бугинги кунларда бутун дунёда “Коронавирус” вабоси билан кураш кетмоқда. Бу вақтларда дунё аҳолиси озига қаноат қилишга мажбур бўлиб турибди. Биз ҳам шундай вақтларда сабрли бўлиб исрофгарчиликдан тийилмоғимиз керак. 

Аллоҳ таоло барчаларимизни У зот ато этган неъматларни тежаб-тергаб ишлатадиган, бунда исрофга йўл қўймайдиган тежамкор бандаларидан қилсин, Парвардигор берган неъматларнинг қадрига етиб, уларнинг шукрини қилувчи жаннатий инсонлардан айласин!

 

Муродуллохон Нуриддинов

 

Қамаши тумани “Қоратепа”

 жоме масжиди имом хатиби