1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МУҚАДДАС ОИЛА (23-ҚИСМ) ОВҚАТЛАНИШ ОДОБИ

6-06-2020, 10:57 634 Ўқиш режими + -


 


МУҚАДДАС ОИЛА 


(23-ҚИСМ)

 

ОВҚАТЛАНИШ ОДОБИ

 

Овқатланиш одобларини ҳар бир мураббий фар­зан­дига жуда кичкиналигидан ўргатиб бориши шартдир. Таомланишдан олдин ва кейин қўлни ювиш. Абу Довуд ва Имом Термизий Салмон Форсийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Таомнинг баракаси таомланишдан олдин ва кейин қўлни ювишдадир”, дедилар. Ибн Можа ва Байҳақий Анасдан (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким яхшилигини Аллоҳ зиёда қилишини истаса, таом тайёр бўлганида ва охирида қўлини ювсин”, деган­лари­ни ривоят қилишган. Бу одатнинг фойдали томонлари кўп. Масалан, таомланишга қадар қўл билан турли нарса-буюмларни ушлаш ва хатти-ҳаракат натижасида қўлга турли чанг-ғубор ҳамда зарарли микроблар ўрнашган бўлиши мумкин. Қўлни ювиш орқали улардан тозаланади, бу саломатлик учун жуда муҳимдир. Таомдан олдин тасмия – “Бисмиллаҳир раҳмонир ра­ҳим” дейиш ва сўнг ҳамд – “Алҳамдулиллаҳ” дейиш суннатдир. Абу Довуд ва Термизий Ойшадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Кимки таомланса, Аллоҳнинг исмини зикр қил­син. Агар овқатланиш олдидан Аллоҳнинг исмини зикр қилишни унутса, “Бисмиллаҳи аввалаҳу ва охи­раҳу” десин», дедилар. Имом Аҳмад ва баъзи муҳаддислар бундай ривоят қилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таом­лан­ганда ва чанқоқ қондирганларида “Бизни таом­лан­тирган, ризқлантирган ва мусулмон қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин”, дердилар. Таомни айбламаслик Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (сол­лал­лоҳу алайҳи ва саллам) таом­ни айбламасдилар, агар иш­таҳалари тортса, ердилар, кўнгиллари тусама­са, тарк қи­лар эдилар”. Ўнг қўл билан ва ўзига яқин жойдан ейиш. Имом Муслим Умар ибн Абу Саламадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. «Ёш бола эдим ва Расулуллоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) пинжларида ўтирган эдим. Қўлим лаганда айланарди. Шунда Расулуллоҳ (сол­лал­лоҳу алайҳи ва саллам) менга: “Эй ғулом, Аллоҳнинг исмини айт ва ўнг қўлинг билан ўзингга яқиндан егин”, дедилар». Ёнбошлаб овқатланмаслик Ёнбошлаган ҳолда овқат ейиш соғлик учун катта зарар ва кибрнинг бир кўринишидир. Имом Бухорий Абу Жуҳайфа Ваҳб ибн Абдул­лоҳ­дан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Суяниб таом емай­ман”, дедилар. Таомланиш пайтида сўзлашиш мустаҳабдир Имом Муслим Жобирдан) розияллоҳу анҳу (ри­воят қилади. «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам) ўз аҳл­ларидан хуруш сўрадилар. “Бизда сиркадан бош­қа ҳеч нарса йўқ”, дейишди. У зот уни олиб келиш­ни сўрадилар ва ундан тановул қилиб: “Сирка қандай яхши нонхуруш, сирка қандай яхши нонху­руш”, дедилар». Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дас­турхон устида саҳобаларга кўп маротаба гапирганлар. Мезбонни дуо қилиш мустаҳабдир. Абу Довуд ва Имом Термизий Анасдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Саид ибн Уббода олдига келдилар. Саид нон ва зайтун ёғини олиб келди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) улардан тановул қилдилар, сўнг: “Сиз­лар­нинг ҳузурингизда рўзадорлар ифтор қилсин, таомин­гиздан яхшилар тановул қилсин ва фаришталар сизларга салавот айтсин”, дедилар. Ёши улуғлардан кейин таомга қўл узатиш Имом Муслим “Саҳиҳ” асарида Ҳузайфадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. “Биз Расулуллоҳ (сол­лал­лоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга таом­лан­га­ни­мизда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қўл­ла­ри­ни таомга узатмагунларича, биз қўлимизни узат­масдик”. Неъматни исроф қилмаслик Имом Муслим Анасдан) розияллоҳу анҳу (ривоят қилади: Расулуллоҳ) соллаллоҳу алайҳи ва саллам (таом тановул қилсалар, учта бармоқларини ялардилар ва: “Қачон, бирортангиздан луқма тушса, уни олсин ва ундаги нопок нарсани кетказиб, уни есин. Уни шайтонга ташламасин ,” дедилар. Шунингдек, лаганни бармоқлар билан сидириб ялашга амр қилдилар“. Ал­бат­та, сизлар таомингизнинг қаерида барака бў­ли­ши­ни билмайсиз”,  дедилар. Чанқоқ босиш одоблари Дастлаб тасмия айтиш ва симириб уч марта бўлиб-бўлиб ичиш ҳамда ҳамд айтиш мустаҳабдир. Имом Термизий Ибн Аббосдан) розияллоҳу ан­ҳу) ри­воят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам) “Туянинг ичишига ўхшаб бир мартада ич­манг­лар, икки, уч мартада ичинглар. Ичишдан олдин тас­мия айтинг, ичиб бўлганингиздан кейин ҳамд ай­тинг”, дедилар. Идишнинг оғзидан ичиш макруҳдир.  Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайрадан (ро­зи­яллоҳу анҳу) ривоят қилади. “Расулуллоҳ (сол­лал­лоҳу алайҳи ва саллам) идиш ёки мешнинг оғзидан ичишдан қайтардилар”. Бундай ичиш одобсизлик бўлиб, сувга соғлиққа зарар ет­ка­зувчи нарсалар тушиши мумкин, улардан сақ­ланиш лозим. Чунки инсон оғзида ўзи билмаган ҳолда кўп зарарли моддалар ва касаллик микроблари бўлади. Улар бошқаларга ҳам юқишидан сақланиш керак. Ичимликка пуфлаш макруҳдир. Имом Термизий Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) идишдан нафас олиш ёки унга пуфлашдан қайтардилар”. Ўтирган ҳолда ичиш ва ейиш мустаҳабди. Имом Муслим Анасдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қи­лади. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тик туриб ичишдан қайтардилар. Қатода (розияллоҳу анҳу) “Таом ейишни-чи?”деди. “У жуда ҳам ёмон”, деди. Имом Муслим Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу ан­ҳу) ривоят қилади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам): “Сизларнинг биронтангиз тик турган ҳолда ичмасин, ким унутиб ичган бўлса, бас, қайт қилсин”, дедилар. Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тик турган ҳолда ичганлари ҳақида ҳадислар бор. Ўтириб ичишга монелик қиладиган сабаблар бўлса, тик туриб ичиш жоиз. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Замзам сувини тик туриб ичганлари боис, Замзам суви турган ҳолда ичилади. Тилла ва кумуш идишда ичишдан қайтариш. Имом Муслим ривоятида: “Ким тилла ёки кумуш идишда ичса, албатта, жаҳаннам олови унинг қорнида қайнайди”, дейилган. Кибр ва ўзини юқори тутиш кўриниши бўлгани ва фақир­ларга нисбатан ҳурматсизлик келтириб чиқара­диган сабаб бўлгани боис бу идишлардан фойдаланишдан қайтарилди. Ҳаддан зиёд тўйиб овқат емаслик Имом Аҳмад ва Имом Термизий Расулуллоҳдан (сол­лал­лоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилади: “Инсон қор­нидан ёмонроқ идишни тўлдирмайди, одам бола­сига белини қоим қиладиган кичик луқма кифоядир. Бас, қо­риннинг учдан бири таом, бири сув ва қол­гани нафас учундир”, дедилар. Ушбу ҳадиси муборакларни ўрганиш жараёнида динимиз кўрсатмалари қадриятларимиз ва урф-одат­лари­мизга нечоғли уйғунлашиб кетганига амин бў­ламиз. Чунки аждодларимиз фарзандларига мурғакли­гиданоқ бу тарбияларни сингдириб борганлар. Зеро, сао­датга бошлайдиган бу сифатларни фарзандлар қал­бига нозик йўллар билан жо қилмоқ учун тарбияни жу­да барвақт, яъни фарзанд дунёга келган кундан бошламоқ зарур. Мирзо Бедил ҳазратлари айтганлар: Биринчи ғиштни қийшиқ қўяркан меъмор, Юлдузга етса ҳам, қийшиқдир девор. Шунингдек, халқимиз орасида эътироф этилган дастурхон атрофида ўзини тутишга доир қуйидаги қоидаларни ҳам билиш муҳимдир: чақирилмаган жойга борманг; таклиф этилган жойга кечикманг; мезбонлар таклиф этмагунча, дастурхон атро­фига ўтирманг; дастурхонга узоқ ҳам, яқин ҳам ўтирманг; сочиқча билан олдингизни тўсманг; овқатланаётганингизда таомни одоб билан тановул қилинг; нонни бўлакларга бўлиб енг; оғизни тўлдириб овқатланманг; шошмасдан овқатланинг; тирсакларингизга таянманг ва кенг қўйманг; ким биландир сўзлашмоқчи бўлсангиз ҳам, ёнингиз­даги меҳмонга орқа ўгирманг; оғизда овқат билан гаплашманг; катталар ўрнидан турганида, дастурхон ёнидан чет­ланиб, улар хонадан чиқиб кетганидан кейингина ўр­нингизга ўтиринг; стулда ястаниб, ялпайиб ўтирманг; дастурхон атрофида ўз хасталикларингизни сўз­ла­манг; мезбон овқатланишни меҳмонлардан сўнг ту­га­тиши лозим; дастурхон атрофида баланд овоз билан гаплашманг; ҳамма овқатланиб бўлмасидан ўрнингиздан туриб кетманг. Муҳтарам ота-оналар ва азиз мураббийлар бу одобларни тарбиянинг пойдевори деб билишлари ва фарзандларга ҳар куни сабр билан ўргатишлари, ўзлари ибрат кўрсатишлари лозим бўлади. Зеро, бу фазилатли амаллар инсонни азиз қилади, улар одамлар билан ўзаро муомала-муносабатда жуда муҳимдир. 


Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Шайх Усмонхон Алимов нинг
 “Оилада фарзанд тарбияси” китобидан