1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МУҚАДДАС ОИЛА (24-ҚИСМ) САЛОМЛАШИШ ОДОБИ

8-06-2020, 11:22 1 043 Ўқиш режими + -




МУҚАДДАС ОИЛА (24-ҚИСМ)

 

САЛОМЛАШИШ ОДОБИ


«Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) би­лан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қи­либ алик олингиз ёки ўша (ибора)ни қайтарингиз. Ал­батта, Аллоҳ ҳар бир нарсани ҳисобга олувчи Зот­дир» (Нисо, 86). Салом берувчи “Ассалому алайкум” деса, “Ва алайку­мус-салому ва раҳматуллоҳ” деб алик олинади. Агар у “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ” деб салом бер­са, “Ва алайкумус салому ва раҳматуллоҳи ва бара­ко­туҳ” деб алик олинади. Салом берувчи “Ва баро­ка­туҳ” қўшим­ча­сини ҳам қўшса, алик олувчи ҳам фақат ўша қўшимчани қўшади. Пиёдага суворий (уловдаги одам), кўпчиликка озчилик, ўтирган ёки ўрнида турганга юрган кишилар салом бериши жоиз. Лекин кичикдан олдин катта ёшдаги одам камтарлик билан салом берса, бу фазилатдир. Салом бериш суннат, алик олиш эса вожиб. Саломлашиш туфайли кишилар ўртасида ўзаро ҳур­мат, самимият ва бир-бирига нисбатан меҳр-му­ҳаббат пай­до бўлади. Бир-биримизнинг ёнимиздан ин­дамай ўт­ган­дан кўра, мусулмоннинг мусулмон биро­даридаги ҳақи бўлган саломлашиш, алик олишни одат қилсак, нур устига нур бўлади. “Ас-Салом” Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан би­ри­дир. Яхшилаб салом беринг, яхшилаб алик олинг. Ай­рим­лар “ассомалайкум”, “вассомалайкум” дея но­тўғ­ри та­лаф­фуз қилишганда, бу гўзал дуонинг маъ­но­си бузилади. Саломлашишнинг яна бир фазилати, учрашганида ким биринчи бўлиб салом берса, унинг савоби янада улуғ бў­лади. Биринчи бўлиб салом беришни одат қи­лиш яхши. Абу Ҳурайра (разияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расу­луллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) «Аллоҳ таоло Одамни (алайҳиссалом) ўз суратида (яъни, унга Ўзида бор бўлган “тирик, билувчи, эшитувчи, кў­рувчи, сўзловчи” сифатларни ато этиб) яратгач, унга: “Анави фаришталарнинг олдига бор-да, салом бер. Сўнг уларнинг сенга оладиган алигини яхшилаб эши­тиб ол. Чунки бу сенга ва сендан тарқаладиган зур­риёт­ла­ринг­га йўлланган салом бўлади”, деди. Одам (алай­ҳис­салом) бориб: “Ассалому алайкум”, дедилар. Фа­риш­талар: “Ассалому алайка ва роҳматуллоҳи (Сен­га ҳам салом ва Аллоҳнинг раҳмати бўлсин)” деб алик олиш­ди, сўнг “Жаннатга кирадиган барча ин­сонларга ҳам Аллоҳнинг раҳмати бўлсин”, деб қўшиб қўйишди. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бир-би­рингиз билан саломлашиб юринглар, шунда ўрта­ла­рингизда меҳр-муҳаббат уйғонади”, дея марҳамат қил­ганлар. Мана шу биргина салом сўзи кишини эзгуликка, меҳр-шафқат ва покликка, ҳақиқий инсо­нийликка чорлайди. “Ассалому алайкум” – “Сизга тинчлик тилайман”, “Ва алайкум ассалом” – “Сизга ҳам тинчлик бўлсин” сўзла­рида улкан маъно, эзгу тилак мужассам. Фарзандларимизга чиройли тарбия бериб, кўча-кўй­да таниган ва танимаган кишиларга ҳам салом бе­ришни ўргатсак, албатта, уларнинг мурғак қалбида меҳру оқи­батнинг илк куртаклари уйғонади. Улуғ ёшдаги қария ёнидан салом бериб ўтган бола билан салом бермасдан ўтган бола баробар эмас. “Сизга тинчлик тилайман” деган инсоннинг қал­бида ҳамиша меҳр-оқибат туйғуси уфуриб туради. Ак­синча, безрайиб ўтиб кетадиган, кибр-ҳавога берил­ганнинг юра­ги тош каби қаттиқдир. Дарҳақиқат, инсонларнинг бундай ўзаро самимий бў­лиш ва бир-бирига яхшилик тилаш одати дунё халқ­ларининг барчасига хосдир. Гарчи уларнинг айти­лиши, ёзилиши ва ижро анъанаси турлича бўлса-да, маъно ва моҳият жиҳатидан анча ўхшашдир. Салом беришнинг ҳам бир қанча одоблари бўлиб, ҳар бири ҳақида алоҳида тўхталиб, муҳим жиҳат­ларига эъти­бор қаратамиз. Салом беришни ўргатиш Аллоҳ таоло мўминларни салом беришга буюради: «Эй имон келтирганлар !Ўз уйларингиздан ўзга уй-ларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига са-лом бермагунингизча кирмангиз !Мана шу сизлар учун яхшидир. Зора, (бу гапдан) эслатма олсангиз» (Нур, 27). Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ум­мат­ла­рига одобли бўлишда саломнинг ўрни ўта муҳим­ли­ги­ни, унда ажру савоб зиёда бўлишини таъкид­ла­ган­лар. Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан ривоят қилади. «Бир киши Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Исломнинг қайси амали яхши?” деб сўради. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Таом бериш ва таниган-танимаган одамга салом бе­риш”, дея марҳамат қилдилар». Имом Муслим Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мўмин бўлмагунингизча жаннатга кир­майсизлар. Ўза­ро муҳаббат қилмагунингизча мўмин бўлолмайсизлар. Сизларни ўзаро муҳаббатли бўлишга сабаб бўладиган амалга далолат қилайми? Орангизда саломни кенг тар­қатинглар”, дедилар. Салом бериш тартиби Салом берувчи киши “Ассалому алайкум ва раҳ­матул­лоҳи ва баракотуҳ” деб салом бериши афзалдир. Унга жавоб берувчи ҳам кўплик шаклида “Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ” демоғи фарз­дир, гарчи салом берувчи бир киши бўлса-да, шундай салом бериш лозим. Абу Довуд ва Имом Термизий Имрон ибн Ҳа­синдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. «Пай­ғам­баримиз (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузур­ларига бир киши келди ва “Ассалому алайкум”, деди. Унга (саломига) жавоб берилди. Пайғамбаримиз (сол­лал­лоҳу алайҳи ва саллам): “Ўн”, дедилар. Сўнгра бошқа бир киши келди ва: “Ассалому алай­кум ва раҳматуллоҳи”, деди. Унга (саломига) жавоб берилди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам): “Йигирма”, дедилар. Сўнгра яна бошқа киши кел­ди ва: “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баро­катуҳ”, деди. Унга ҳам жавоб берилди. Пай­ғамбаримиз (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўттиз”, дедилар». Бу ерда саломнинг савоб даражасига ишора қилинган. Имом Бухорий ва Имом Муслим ҳазрат Ойшадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади. «Менга Расулуллоҳ (соллал­лоҳу алайҳи ва саллам): “Бу Жаброил (алайҳис­са­лом) сенга салом айтди”, дедилар. Мен: “Ва алай­ҳис­салому ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ”, дедим». Салом бериш одоби Салом бериш одоби уловдаги кишининг пиёдага, юрувчи ўтир­ганга, озчилик кўпчиликка, кичикнинг каттага салом беришидир. Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайрадан (ро­зияллоҳу анҳу) ривоят қилади. «Расулуллоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) “Уловдаги пиёдага, юрувчи ўтирганга ва озчилик кўпчиликка салом беради”, деди­лар». Мусулмон бўлмаганларга ўхшаб салом беришдан қайтарариш. Имом Термизий Амр ибн Шуайбдан ,у киши ота­сидан, у киши бобосидан ривоят қилади. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўзини бизлардан бош­қаларга ўхшатган (тақлид қилган) биздан эмас. Яҳудий ва насронийга ўзларингни ўхшатманглар. Албатта, яҳудий­ларнинг саломи бармоқлари билан ишора қилиш­дир ва насронийларнинг саломи кафт билан ишора қилишдир”, дедилар. Биринчи бўлиб салом бериш Катталарнинг олдин салом бериши фарзандга салом бериш таълимини сингдиришнинг яхши йўли­дир. Бу бо­рада барчамизнинг илк муаллим ва мураб­би­йимиз бўл­ган Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эр­гашиш лозим. Расулуллоҳнинг (соллал­лоҳу алайҳи ва саллам) олдиларидан болалар ўтиб қол­са, биринчи бўлиб салом берардилар. Имом Бухорий ва Имом Муслим Анасдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. “У киши болаларнинг ёни­дан ўта­ётиб, уларга салом бердилар ва: “Пай­ғамбаримиз (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай қилардилар”, деди.  Абу Довуд ривоятида: “Пайғамбар (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам) ўйнаб турган болалар ёнидан ўта туриб, уларга салом бердилар”, дейилган. Инсониятнинг энг азизи ва саййиди бўлган Ҳаби­бур Раҳмон биз умматларига бу хусусда жуда гўзал таълимни берган эканлар. Ҳатто ёш болаларга ҳам олдин салом берганлари барчамизга бирдек улкан иб­рат ва сабоқ бўлиши лозим. Мусулмон бўлмаганнинг саломига ҳам “ва алайкум” деб жавоб бериш. Имом Бухорий ва Имом Муслим Анасдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Сизларга аҳли китоблар салом берсалар, “ва алайкум” дея жавоб беринглар», дедилар. Салом бериш суннат ва унга алик олиш вожиб Ибн Сунний ривоят қилади. Пайғамбаримиз (сол­лал­лоҳу алайҳи ва саллам) “Ким саломга алик олса – унга ва ким алик олмаса, у биздан эмас”, дедилар. Имом Термизий Абу Умомадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. “Ё Аллоҳнинг Расули, икки киши йўлиққанида, қай бири биринчи салом беради?” дейилди. “Аллоҳ таолога яқинроғи”, дедилар. Учрашиб қолган икки кишининг қайси бири аввал салом берса, Яратган Раббимиз наздида азиз ва даражаси баланд саналар экан. Шу боис, ёши катталарнинг ёши ки­чиклар олдин салом беришини кутиб турмасдан салом бермоғи фазилат ҳисобланади. Чунки бу амали билан катта гуноҳлардан бўлган кибрни синдириб, улкан ажру савобларга эга бўлади. Динимиз амалларининг таро­ва­тини қаранг, бизнинг назаримизда оддий ҳолат бўлиб кў­ринган биргина салом-алик билан неча-неча қалблар бир-бирига меҳр ила боғланиб, ўртадаги гинаю адо­ват­лар унутилиб, эзгуликлар кўпаяди. Инсонлар ўрта­сидаги, хусусан, ака-укалар, қариндошлар ва қўниқўш­ниларнинг ўзаро ҳурматлари, меҳру оқибатлари ортади, элу юртнинг янада обод бўлиши ва жамиятнинг равнақ топиши йўлида ҳамжиҳатлик мустаҳкамланади. Салом бериш жоиз бўлмаган ўринлар Салом бериш қанчалик фазилат бўлмасин, баъ­зи ҳо­латлар ва ўринларда салом бериш макруҳ ҳисоб­ла­нади. Бу ҳолатлар қуйидагилардир: Таҳорат олувчига, ҳаммомдаги кишига, овқат­ла­наёт­ган киши, жанг қилаётган киши, Қуръон ўқиёт­ган киши, Аллоҳни зикр қилаётган киши, ҳажда тал­бия айтаётган кишига, жумада имом-хатиб хутба қи­лаёт­ган­ида ва бош­қа кунлари ҳам масжидда ваъз қила­ёт­гани­да, фиқҳдан мавъиза қилаётганга, дарс билан маш­ғул кишига, илмда тадқиқот қилаётганга, муаз­зинга, намоз ўқиётган кишига ва шу кабиларга салом бериш мак­руҳдир. Ушбу ўринлар ва ҳолатлардаги кишиларга салом бериш макруҳ бўлса, бу ўринлар ва ҳолатлардаги ки­шига ҳам алик олиш вожиб бўлмайди. Демак, салом бериш одоби ҳам мураббийларимиз диқ­қат билан эътибор қаратадиган, фарзандларга чу­қур ўргатадиган одоблар сирасидандир. “Бола азиз, одо­би ундан азиз” деганлар, фарзандларимиз одоблари ҳамиша ҳавас қилса арзигулик бўлсин. 

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Шайх Усмонхон Алимов нинг
 “Оилада фарзанд тарбияси” китобидан