МУСУЛМОННИНГ ХУЛҚИ
(23-ҚИСМ)
ҚАЛБНИ НАФРАТДАН ТОЗАЛАШ
(2-ҚИСМ)
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Яхши одамларни ёмонлаш жиноятдир. Унинг таъсири ҳақиқатни бўяб қўйишда қаттиқ бўлгани учун ҳам Ислом уни энг хунук ёлғон гап, деб ҳисоблайди.
Расулуллоҳ саҳобаларидан: «Аллоҳ ҳузурида энг катта рибо нималигини биласизларми?», деб сўрадилар. Саҳобалар:«Аллоҳ ва Росули билади»,дейишганда Расулуллоҳ:«Мусулмон ўз биродарининг обрўсини тўкишини ўзига ҳалол деб билиши Аллоҳ ҳузуридаги энг катта рибо—судхўрликдир», деб қуйидаги оятни ўқиб бердилар: «Мўмин ва мўминаларга бекордан зулм қилганлар очиқ гуноҳни ва бўҳтонни қилибдилар” ( Аҳзоб сураси, 58-оят)..
Одамларнинг айбини қидириш ва уларга қасддан айбларни чаплаш ифлосларча қилинган ишдир. Бундай буҳтон—тўқима гаплар учун Ислом азобларнинг турличаларини ваъда килади. Расулуллоҳ бу борада шундай деганлар: «Айблаш мақсадида бировнинг ҳақида бир нарса деган одамни Аллоҳ дўзахда ушлаб туради, то у одам айтганини келтиргунича” ( Имом Табароний ривояти).
Одам модомики гапирган гапи бўҳтон бўлар экан, у бўҳтон гапини Аллоҳ ҳузурида қандай исбот қилар экан!
Агар мўмин кимсанинг қалби тоза бўлса, у бошқаларга қўли билан яхшилик қила олмаса ҳам ҳеч бўлмаса уларга яхшиликни тилаб юради.
Аммо қалби тоза бўлмаган инсон, бошқаларга ёмонлик етказишнинг иложини топа олмаса ҳам ҳеч бўлмаса улар устида ёлғон-ёмон гап тарқатиб юради. Бундай одамларни Аллоҳ Ўзининг Китобида қуйидагича таърифлайди;
Албатта, иймон келтирганлар ичида фоҳиша тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир. Аллоҳ биладир, сизлар билмассизлар. (Нур: 19).
Инсонларнинг айбларини беркитилиб қўйилиши ҳам бу Аллоҳнинг инсонларга бўлган улуғ неъматларидан биридир. Шундай экан мусулмон бошқалар айбини фош қилиши дуруст эмас, агар бошқалар мусулмоннинг айбини фош қилса ҳам.
Давоми бор ...