ЙЎЛДОШ ЖИН (1-ҚИСМ)
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Йўлдош жин араб тилида “Ал-Қорийн” деб аталиб, шаръий маъноси инсонга вакил қилинган, инсондан ҳеч айрилмайдиган, унга яқин қилинган жин маъносини англатади. Йўлдош жиннинг мавжудлиги Қуръон ояти билан собит бўлган. Жумладан Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
“Ким Раҳмоннинг Зикридан кўз юмиб олса, унга бир шайтонни бириктирамиз, шунда у ҳамроҳ бўлиб олади” (Зухруф сураси, 36-оят) Бошқа оятда эса “Ҳузуримизга келганида (шайтонга): “Қанийди, мен билан сенинг орамизда мағриб билан машриқ орасичалик узоқ бўлса эди. Нақадар ёмон ҳамроҳсан-а!” дейди”(Зухруф сураси) деб марҳамат қилади. Бу ояти каримада инсонга Аллоҳ томомнидан берилган йўлдош шайтонга ва унинг қиёмат кунида инсондан холи қолишига ишора қилинмоқда.Йўлдош жин инсон қалбига хуфёна, жисмий таъсирсиз васваса қилиб, уни Аллоҳнинг тоатидан узоқлаштиришга ундайди.
Йўлдош жиннинг мавжудлиги ҳадиси шариф билан ҳам собит бўлган.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: “Ҳар бирингизга жиндан бўлган бир ҳамроҳ вакил қилинади. “(Саҳобалар) Ё Расулуллоҳ, Сизга ҳамми?” деб сўрашди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Менга ҳам. Лекин Аллоҳ таоло менга ундан ёрдам берган. У(ҳамроҳ жин) мусулмон бўлган. У мени фақат яхши ишларга буюради”. (Имом Муслим)
Йўлдош жин инсонни хайрли ишдан тўсиб, гуноҳ ишларни зийнатлаб кўрсатади. Инсон туғилган соатидан бошлаб, ўлимига қадар инсондан ажралмайдиган қилиб қўйилади.
Йўлдош жин кофир жинлардан ҳисобланиб, Аллоҳ таолога иймон келтирмайди. Йўлдош жин ўзига хос тезкор сайъ ҳаракатлари билан бошқалардан ажралиб туради. Лекин шундай бўлсада Аллоҳ таолонинг изнисиз инсонга зарар етказа олмайди. Пайғамбарларга, авлиёларга ва солиҳ бандаларга султонлик қила олмайди. Унинг Аллоҳ яратган шаклини ҳеч ким билмайди. Йўлдош жиннинг мавжудлигини инкор қилиш Қуръон ва суннатда келган нарсани инкор қилиш ҳисобланади.
(Давоми бор...)
Рустам Қиличев
ЎМИ Қашқадарё вилоят
вакиллиги ходими