1445 йил 11 Шаввол | 2024 йил 19 апрель, Жума.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:33
Sunrise
05:55
Dhuhr
12:36
Asr
17:21
Maghrib
19:18
Isha
20:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

НИКОҲ ҲАҚИДА ҚИРҚ ҲАДИС (1-ҚИСМ)

17-06-2020, 11:59 594 Ўқиш режими + -



Никоҳ ҳақида қирқ ҳадис (1-ҚИСМ)


Никоҳни ҳалол, зинони ҳаром қилган Аллоҳ таолога чексиз ҳамд бўлсин. Никоҳ менинг суннатимдир, деган Расулуллоҳга битмас-туганмас саловат ва салом бўлсин!

Никоҳ, оила қуриш Аллоҳ таолонинг инсоният орасида жорий қилган муқаддас қонунларидан бири бўлиб, насл-насабнинг давомийлиги, инсонлар орасида қариндош-уруғчилик, меҳр-оқибатни мукаммал бўлиши каби инсоният учун манфаатли мақсадларга хизмат қилади.

Ислом фақиҳларининг умумий фикри шуки: кимдаки шаҳват зўрайиб, зинога гирифтор бўлиш хавфида қолса, оила қуришга молиявий имконияти ҳам мавжуд бўлса, унинг дарҳол уйланиши зарур бўлади. Шаҳвати бор-у, бироқ зино фитнасидан йироқ бўлса, Ҳанафий мазҳабимиз олимларининг маслаҳатларига кўра, бундай инсоннинг бемалол нафл ибодатлар қилиш учун ёлғизликни танлашидан кўра, оила қуриши барибир афзал ва мустаҳаб ҳисобланади. Саҳобаи киромларнинг қилган ишлари ва айтган сўзларига диққат қилинса ҳам, шу фикр маъқул экани намоён бўлади:

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай деган эканлар: “Агар ўн кун умрим қолиб, унинг охирида вафот этишимни аниқ билсам ва менда уйланиш имконияти бўлса, шу ўн кун ичида ҳам фитнадан эҳтиёт учун уйланиб олган бўлар эдим”.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Саъид ибн Жубайрга айтган экан: “Оила қур, чунки бу умматнинг яхшилари аёли кўпларидир”.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал айтадилар: “Уйланмасдан бўйдоқ, сўққабош юриш Исломга тўғри келадиган иш эмас. Ким сени хотин олишдан қайтарса, у сени Ислом йўлидан бошқасига бошлаяпти экан”.

Демак, никоҳ шариати исломияда ўзига хос бир ибодат экан. Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам жуда кўплаб ўринларда умматни оила қуришга чақирган, бўйдоқ юришдан қайтарганлар.

Илмий омонатдорлик юзасидан, халқимизга никоҳ ва оила қуриш мавзусида айтилган ҳадислардан қирқтасини жамлаб, таржима қилиб, “арбаъийн” ҳолида етказиб беришга жазм қилдик. Уни тайёрлашда машҳур ҳанафий олими Мулла Али қори раҳматуллоҳи алайҳнинг “арбаъийн”и асос қилинди. Аллоҳ таоло барчамизга манфаатли қилсин.

 Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

1-ҲАДИС.

قال رسول الله صلي الله عليه و سلم:  «يا معشر الشباب! من إستطاع منكم الباءة فليتزوج، فإنه اغض للبصر و احصن للفرج. و من لم يستطع فعليه بالصوم، فانه له وجاء». رواه البخاري و مسلم

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:   “Ҳой йигитлар жамоаси! Сизлардан ким оила ҳаражатларига қодир бўлса уйлансин. Чунки оила кўзни тийувчи, фаржни (зинодан) сақловчи (омил)дир. Ким қодир бўлмаса, унга рўза тутиш лозимдир. Чунки рўза шаҳватни синдирувчидир”. Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар.

2-ҲАДИС.

قال رسول الله صلي الله عليه و سلم:  «تنكح المرأة لأربع: لمالها و لحسبها و لجمالها و لدينها. فاظفر بذات الدين تربت يداك». رواه الشيخان

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:   “Аёл кишини тўрт хислати учун никоҳга олинади: моли учун; ҳасаби (ота—боболарининг обрўси ва мақтовга лойиқ хислатлари) учун; жамоли учун; дини учун. Сен диндорини танлагин, қўлинг қуригур”. Бухорий ва Муслим ривоят қилган.

Изоҳ: ҳадисда қўлланган “қўлинг қуригур” жумласи дуо эмас балки, тавсия қилинган нарсага жиддий аҳамият беришга тарғиб деб тушунилади. Яъни эр киши оила қуришда аёлнинг дини, тақвосини эмас, балки бошқа дунявий мақсадларни кўзласа, қўли қуриб қашшоқлашиб кетиши мумкин. Агар диндорини танланса бошқа мақсадларга ҳам етади. Акс ҳолда баридан қуруқ қолади.

3-ҲАДИС.

قال رسول الله صلي الله عليه و سلم:  «احق الشروط ان توفوا به ما استحللتم به من الفروج». رواه الشيخان

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ҳалоллаб олган аёлларингизнинг ҳақларига риоя қилмоқ вафо қилишингиз керак бўлган шартлар ичида (зарур) ҳақлироғидир”. Бухорий ва Муслим ривоят қилган.

4-ҲАДИС.

قال رسول الله صلي الله عليه و سلم:  «لا يخطب الرجل علي خطبة اخيه حتي ينكح او يترك» رواه البخاري و مسلم

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Киши мусулмон биродарининг (совчилиги) устига совчи қўймасин. Ҳатто у уйланиши ва ё тарк этишигача (сабр қилсин)”. Бухорий ва Муслим ривоят қилган.

 5-ҲАДИС.

قال رسول الله صلي الله عليه و سلم:  «الدنيا كلها متاع. و خير متاع الدنيا المرأة الصالحة». رواه مسلم

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:   “Дунёнинг бор-буди фойдаланадиган матоҳлардир. Дунё матоҳлари ичида энг яхшиси солиҳа аёлдир”Муслим ривоят қилган.

6-ҲАДИС.

قال رسول الله صلي الله عليه و سلم:  «إن المرأة خلقت من ضلع لن يستقيم لك علي طريقة، فإن إستمتعت بها، إستمتعت بها و بها عوج و إن ذهبت تقيمها كسرتها، و كسرها طلاقها». رواه مسلم و ترمذي

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Аёл киши қовурғадан яратилгандир, ҳеч сизнинг йўлингизга тўғриланмайди. Агар ундан фойдаланмоқчи бўлсангиз унинг қийшиқ ҳолида фойдаланасиз, Агар уни тўғриламоқчи бўлсангиз, синдириб қўясиз. Унинг синиши талоқ бўлишидир”. Муслим ва Термизий ривоят қилган.

7-ҲАДИС.

قال رسول الله صلي الله عليه و سلم: «إن من اشر الناس عند الله منزلة يوم القيامة الرجل يفضي إلي إمرأته و تفضي إليه ثم ينشر سرها». رواه مسلم

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурида энг ёмон жойни эгаллаган киши шундай кишидирки, хотини билан жинсий муносабатда бўлиб, сўнгра унинг сирини (бошқаларга) ёяди”. Муслим ривоят қилган.

8-ҲАДИС.

قال رسول الله صلي الله عليه و سلم: «دينار انفقته في سبيل الله، و دينار انفقته في رقبة، و دينار تصدقت به علي مسكين، و دينار انفقته علي اهلك، اعظمها اجرا الذي انفقته علي اهلك». رواه مسلم

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Бир динорни Аллоҳ йўлида сарфладингиз; бир динорни қул озод қилиш учун сарфладингиз; бир динорни бирор мискинга садақа қилдингиз; бир динорни аҳли-оилангизга сарф қилдингиз; шуларнинг ичида энг ажри улуғи аҳли-оилангизга сарф этилганидир”. Муслим ривоят қилган.

9-ҲАДИС.

قال رسول الله صلي الله عليه و سلم: «إذا خطب احدكم المرأة، فإن إستطاع ان ينظر الي ما يدعوه إلي نكاحها فليفعل». رواه ابو داود

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Сизлардан кимки бирор аёлга совчи қўйса, никоҳни амалга ошишига ундовчи бирор нарса(аъзоси)ни кўриб олишга қодир бўлса, кўриб олсин”. Абу Довуд ривоят қилган.

10-ҲАДИС.

قال رسول الله صلي الله عليه و سلم: «تزوجوا الودود الولود، فاني مكاثر بكم الامم». رواه ابو داود و النسائي

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Меҳрли, фарзанд туғадиган аёлларга уйланинглар, чунки мен сизларнинг бошқа умматлардан кўплигингиз сабабли фахрланаман”. Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.

11-ҲАДИС

قال رسول الله صلي الله عليه و سلم: «إذا خطب إليكم من ترضون دينه و خلقه فزوجوه، إن لا تفعلوه تكن فتنة في الارض و فساد عريض» رواه الترمذي

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Агар сизларга дини ва хулқига рози бўлар даражада(ги солиҳ) киши совчи қўйса, унга (қизларингни) турмушга беринг. Агар ундай қилмасаларинг, ер юзида фитна ва кенг фасод бўлади”. 


Термизий ривоят қилган. 

 


Манба: Аҳлисунна.уз