1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

НИКОҲ ҲАҚИДА ҚИРҚ ҲАДИС (2-ҚИСМ)

17-06-2020, 12:02 651 Ўқиш режими + -



Никоҳ ҳақида қирқ ҳадис (2-ҚИСМ)

 

12-ҲАДИС.

قال رسول الله صلي الله عليه و سلم:  «أعلنوا هذا النكاح و اجعلوه فب المساجد و اضربوا عليه بالدفوف». رواه الترمذي

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Бу никоҳни (ошкора) эълон қилинглар ва (эълони комил бўлиши учун) масжидларда амалга оширинглар, никоҳда дўмбира чалинглар”. Термизий ривоят қилган.

Изоҳ: Масжидда никоҳ қилиш мумкин бироқ, дўмбирани масжидда чалинмайди. Фақиҳларнинг изоҳлашича, ҳадисларда айтилган дўмбирадан шақилдоқлари йўқ дўмбиралар кўзда тутилган.

13-ҲАДИС.

قال رسول الله صلي الله عليه و سلم: «اربع من سنن المرسلين: الحياء و التعطر و السواك و النكاح». رواه الترمذي

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Тўрт (хислат) пайғамбарларнинг суннатларидандир: ҳаё; атир сепиш; мисвак ишлатиш; никоҳ”.  Термизий ривоят қилган.

14-ҲАДИС.

قال رسول الله صلي الله عليه و سلم: «ثلاثة حق علي الله عونهم: المكاتب الذي يريد الأداء و الناكح الذي يريد العفاف و المجاهد في سبيل الله». رواه الترمذي و النسائي و ابن ماجة

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:   “Уч тоифа кишилар Аллоҳдан ёрдам олишга ҳақлидир: ўзини қулликдан озод қиламан деб ҳаракатда бўлган мукотаб; зинодан сақланиш нияти ила, покликни хоҳлаб никоҳланмоқчи бўлганлар; Аллоҳ йўлида ғазотга чиққанлар”. Термизий, Насаий ва Ибн Можалар ривоят қилган.

15-ҲАДИС.

قال رسول الله صلي الله عليه و سلم: «اكمل المؤمن إيمانا احسنهم خلقا، و خياركم خياركم لنساءهم». رواه الترمذي و ابن حبان

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Гўзал хулқли мўминлар иймони комиллардир. Сизларнинг яхшироғингиз хотинларига яхшилик қилувчиларингиздир”. Термизий, ибн Ҳиббон ривоят қилган.

16-ҲАДИС.

قال رسول الله صلي الله عليه و سلم: «فصل ما بين الحلال و الحرام الصوت و الدف في النكاح» رواه احمد، ترمذي، نسائي، ابن ماجة

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “(Эркак ва аёл орасидаги) ҳалол ва ҳаромликни (никоҳдаги эълон учун бўлган) товуш ва дўмбира ажратди”. Имом Аҳмад, Термизий ва ибн Можалар ривоят қилган.

 

17-ҲАДИС.

قال رسول الله صلي الله عليه و سلم: «ما إستفاد المومن بعد تقوي الله خيرا له من زوجة صالحة، إن امرها اطاعته و إن نظر إليها اسرته و إن اقسم عليها ابرته و إن غاب عنها نصحته في نفسها و ماله». رواه ابن ماجة

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Мўмин киши тақводан кейин солиҳа аёлдан ҳам яхшироқ неъматга эга бўлолмади. Солиҳа аёлга эри буйруқ қилса итоат қилади; назар қилиб боқса кўзни қувнатиб шод этади; унга боғлиқ қасам ичса эрнинг қасамини буздирмайди; эр уйда йўқлигида ўзи ва эрининг бойлигига қўриқчи бўлади”. Ибн Можа ривоят қилган.

18-ҲАДИС.

قال رسول الله صلي الله عليه و سلم:  «تخيروا لنطفكم فانكحوا الأكفاء و انكحوا إليهم». رواه ابن ماجة و الحاكم و البيهقي

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Нутфа (уруғ)ларинг учун (аёлларни) танланглар, мос келганлари билан оила қуринглар ва (қизларингни) уларга турмушга беринглар”. Ибн Можа, Ҳоким, Байҳақийлар ривоят қилишган.

19-ҲАДИС.

قال رسول الله صلي الله عليه و سلم: «من افضل الشفاعة ان تشفع بين الاثنين في النكاح». رواه ابن ماجة

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Икки кишининг никоҳ ишида шафоатчилик қилишингиз энг афзал шафоатлардандир”. Ибн Можа ривоят қилган.

20-ҲАДИС.

قال رسول الله صلي الله عليه و سلم: «عليكم بالابكار، فانهن اعذب افواها و انتف ارحاما و ارضي باليسير». رواه ابن ماجة

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:   Ўзларингга бокира қизларни лозим тутинг, чунки улар  ширинсўз, серфарзанд ва озгинага хўп деб кўнувчи бўладилар. Ибн Можа ривоят қилган.

 21-ҲАДИС.

قال صلي الله عليه و سلم : «لم تري للمتحابين مثل النكاح». رواه ابن ماجة و الحاكم

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Бир-бирини яхши кўрган (йигит ва қиз) иккиси учун (орадаги муҳаббатни зиёда қилишда) никоҳга тенг келадиган (бошқа нарса)ни топа олмайсиз”. Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилган.

22-ҲАДИС.

قال رسول الله صلي الله عليه و سلم:  «لا تزوجوا النساء لحسنهن، فعسي حسنهن ان يرديهن، و لا تزوجوهن لاموالهن، فعسي اموالهن ان تطغيهن، و لكن تزوجوهن علي الدين، و لامة خرقاء، سوداء ذات دين افضل». رواه ابن ماجة

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Аёлларни гўзаллиги учун уйланманг, уларнинг ҳусни ўзларини қулатиши мумкин. Мол-дунёси учун ҳам уйланманг, мол-дунёси уларни туғёонга кетгизиши мумкин. Ва лекин динини деб уйланинглар. Албатта, келишмаган бесўнақай қора танли диндор аёл (диёнати йўқлардан) афзалдир”. Ибн Можа ривоят қилган.

23-ҲАДИС.

قال رسول الله صلي الله عليه و سلم:  «اضمنوا لي ستا من انفسكم، اضمن لكم الجنة: اصدقوا إذا حدثتم، و اوفوا إذا وعدتم، و أدوا إذا ائتمنتم، و احفظوا فروجكم و غضوا ابصاركم و كفوا ايديكم». رواه احمد و ابن حبان

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Олтита нарсага кафолат беринглар, мен сизларга жаннат кафолатини бераман: Гапирсаларинг рост сўзланглар; ваъдани устидан чиқинглар; омонатни адо қилинглар; зинодан сақланинглар; кўзларингни тийинглар; қўлларингни (ҳаромдан) тортинглар”. Аҳмад, ибн Ҳиббон ривоят қилган.

24-ҲАДИС.

قال رسول الله صلي الله عليه و سلم: » تزوجوا فاني مكاثر بكم الامم و لا تكونوا كراهبنية النصارى». رواه البيهقي

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Оила қуринглар, чунки мен сизларнинг кўплигингиз билан умматларга мақтанаман. Насоро роҳибларига ўхшаманглар”. Байҳақий ривоят қилган.

25-ҲАДИС.

قال رسول الله صلي الله عليه و سلم:  «من احب فطرتي فليستن بسنتي، و ان من سنتي النكاح». رواه البيهقي

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ким менинг фитратим (хулқим, табиатим)ни яхши кўрса, менинг суннатларимга одатлансин. Ва никоҳ албатта менинг суннатимдандир”. 

 

Байҳақий ривоят қилган.

 

 

Манба: Аҳлисунна.уз