1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ХУДБИНЛИК НИМА?

17-06-2020, 12:10 4 496 Ўқиш режими + -


Худбинлик нима?

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

“Ўзбек тилининг изоҳли луғати” да: “ Худбинлик (форсча сўз)- манман, эгоист; ўзинигина кўзловчи, ўзини ёки ўз манфаатини ҳаммадан устун қўювчи” дейилади. Шахснинг ўз манфаати доирасида айланиб қолиши, бошқаларнинг фикри ва манфаати билан ҳисоблашмай, фақат ўз фикрлари ва шахсиятини юқори қўйиш билан шуғулланиб қолган ҳолати худбинлик дейилади. Худбинлик баъзан эгоизм деб аталади.  “ Эгоизм “ лотинча сўз бўлиб, у  ўзбек тилидаги  биринчи шахс олмоши “ мен”  маъносига тўғри келади. Манманлик эгоизмнинг учига  чиққан шаклидир. Ман-манлик билан кибрланиш фарқланади. Ман-манлик инсон ўзида берилган неъматлар билан ғурурланишидир. Кибр эса ўзини бошқалардан баланд ҳисоблаб, ҳақ гапни тан олмасликдир. Одамлар пайғамбар ( с.а.в.) дан: “ Кибр нима? “ деб сўрашди. Пайғамбар ( с.а.в.): “ Кибр ҳақни тан олмаслик ва одамларга паст назар билан қарашлик ” деб жавоб бердилар. Ман-манлик ўзини ҳамма нарсадан ортиқ яхши кўриш ва ўзидаги нарсалардан кеккайишдир. Ман-манлик кибрдан ёмонроқдир. Манманлик-неъматларни унутиб, неъматлардан кеккайишдир. 

             Худбинлик ҳақида А. Навоий  “ Маҳбубул-қулуб” асарида : “Ўзига бино қўйишлик –бахтсизликдир, бунинг фарқ ва даражалари бор. Худбиннинг ҳар бир қилган иши ўзига яхши кўринади,  лекин бу кўримсиз қилиқда фарқлар кўпдир”

деб ёзадилар.   

Халқимизда худбинлик  ёмон одат сифатида қораланади. Худбинлик  одамни адаштиради. Донишмандлар худбинликни   қуйидаги сабаблар бўлади дейишади:

  1. Баъзи бир инсонлар ўзлари ҳаддан ортиқ яхши кўрашлари сабабидан;
  2. Айрим одамлар ўзларини бошқалардан устун кўрадилар;
  3. Айрим кишилар ман-манлик, кибрли бўлганликлари сабабидан.           

Инсон табиатида ўз –ўзини яхши кўриш мавжуд. Имом Ғаззолий муҳаббатнинг беш тури ҳақида фикр юритиб, инсоннинг ўзига, ўзининг аъзоларига, саломатлигига муҳаббатини биринчи ўринга қўяди. Унингча, бу муҳаббат Аллоҳ, ота-она, қариндош-уруғ, дўст-биродар, муҳтож-эҳтиёжмандлар хизматида бўлишга имкон яратувчи восита ҳисобланади. Худбинлик муҳаббат ҳиссига эмас, нафсга, ҳирсга асосланади, ўзини адолатсизлик, инсофсизлик, бераҳмлик каби иллатларда намоён бўлади. Худбинлик акси бўлган олийжаноблик (жумардлик)  ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди, лекин инсоннинг ўзига бўлган  муҳаббати, бошқаларда ҳам ўзига шундай муҳаббат борлигини инкор этмаслик керак, бу қоида бузилган жойдан худбинлик бошланади. 

Худбинлик-ўз мафаатини бошқа кишилар манфаатидан юқори қўйиш, салбий ахлоқий  сифат деб баҳоланади.  Худбинлик манфаатпарастлик ва шахссиятпарастликни ўз ичига олади. Худбин одам ўз манфаати йўлида ҳеч кимни, ҳеч бир жамоа, ҳеч қандай жамиятни тан олмайди.   Худбин кишилар бирор кишидан фойда келмаса, унга манфаат етказишни хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Худбин кишилар ўзларига эга бўлган неъматларга, бирор мавқеъга бошқаларни ҳам эга бўлишларини хоҳламайдилар.

Худбинлик шайтоннинг нафсига   кирувчи йўллардан биридир, худбинлик туфайли инсонни шайтон залолатга бошлайди, уни  балога йўлиқтиради. Инсоннинг худбинлиги,  манмансираши  ҳалокат гирдобига олиб боради. 

               Худбинлик жумардлик ( олийжаноб)нинг аксидир. Инсон хулқидаги худбинлик иллати инсонни олий жаноб бўлишидан тўсиб туради.  Инсон ўзини доимо тергаб туриши лозим. Ўзида худбинлик аломати сезилса, уни илдиз отмай туриб барҳам бериш чораларини кўради. Ўз нафсини тергаб, уни худбинлашиб кетаётганлигини танқид қилади.  Нафсини худбинлик қудғуларидан сақлайди. Худбинликка қарши кўриладиган чораларидан бири  нафснинг ҳар хил орзуларини чегаралашдир.  Инсондаги худбинлик иллатининг давоси олийжаноблик бўлиб,  у ёрдамида ўзига яхши кўринган нарсани бошқаларга баҳам кўришдир. Масалан, ўзи еб турган таомини бошқа оч кишиларга ҳам бериш, ўз аҳлига нафақа қилиб, ортганини бошқаларга ҳам инфоқ қилади.   Олийжаноблик хислати инсоннинг қадрини оширади, бошқа инсонлар билан муомиласини яхшилайди, инсон   муаммоларини осонлик билан ечилишига сабаб бўлади. Бу фазилатли хислатни фарзандларимизга уларнинг ёшлик пайтидаёқ сингдириб боришимиз лозим бўлади. Фарзанд ёш ниҳол, уни камтар қилиб ўстирсак, у келажакда ўз ўрнини топади. Чунки, яхши инсон ҳўл шохга ўхшайди, уни қанча тортсанг эгилади, аммо синмайди. Худбин киши эса қуруқ шохга ўхшайди, уни тортсанг синади.                 

              Ҳар бир инсоннинг табиатида худбинликка,  мақтанчоқликка, ўзини улуғлашга, кибрланишга нисбатан майллар бўлади . Инсон ўз тибиатадаги бу майлларни ақл орқали таниб, уларни ўзидаги камтарлик, олийжаноблик  хусусиятлари билан ушлаб, халқимизнинг “ Камтарга камол, ман-манга завол” деган мақолини ёдга олиб, ўз нафсига насиҳат қилиш лозим.

              Дарҳақиқат, инсон учун худбинлик, манманлик ярашмайдиган одатдир.  Инсон худбинлик ва манманликдан сақланиш билан ўз шахси ва жамият учун катта манфаат келтиради.   Инсон худбинлик, манманлик каби ёмон одатлардан тийилиш билан икки дунё саодатига эришади. 

 

Р. АКБАРОВ