Мусулмон мамлакатлари маданиятининг дунё цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси (5-қисм)
Тиббиёт соҳасининг ривожланишида ҳам мусулмон уламоларининг ўрни беқиёсдир. Шу ўринда барча бир овоздан Абу Али ибн Синонинг номини ҳурмат билан тилга олишади. Абу Али ибн Сино олимлар томонидан “Шайх ур-раис” (Олимлар йўлбошчиси), ғарбда – “Файласуфлар султони”, “Шифокорлар подшоҳи” номи билан шуҳрат қозонган. Ибн Синонинг ижоди неча асрлар мобайнида Шарқ ва Европа фани ҳамда маданиятига салмоқли таъсир кўрсатган. Ўрта асрларга оид миниатюраларда Ибн Синони ҳақли равишда Аристотель, Платон, Птомелей, Гиппократ, Гален, Эвклид каби фаннинг буюк намояндалари билан бир қаторда тасвирлаганлар. Жаҳон Тинчлик Конгреси алломани шундай тавсифлайди: “Гениал инсонларнинг қолдирган изларини асрлар оша ўзида сақлаб келаётган фан, адабиёт ва санъатнинг буюк дурдоналари борки, улар барча халқлар учун ҳам умумбашарий хазинадир. Бу маданий мерос инсоният учун битмас-туганмас манба ҳисобланади ва унинг олдида умуминсоний келишув ва ҳамкорлик истиқболлари очиб беради. Ибн Сино ўзининг ижоди ҳамда яратган асарларининг аҳамияти жиҳатидан бутун инсониятга тегишлидир. Унинг фаолияти ҳақиқат ва ақл-идрок талабларига асосланган эди”.
Ибн Сино кўп қиррали аллома бўлган. Унинг қизиқишлари даражаси ўз даврининг барча фанларини қамраб олган эди. Ибн Сино ҳақида қомусий олим сифатида сўз юритишга ундаги билим савиясининг юқорилиги, ҳамда илмий қизиқишларининг кeнг қамровлигини тасдиқловчи асарлари гувоҳдир. Табиий фанларнинг умумий асослари ҳақидаги “Китоб ул-қийян”, оламнинг асосини ҳосил қилувчи жисмлар, осмон жисмлари ҳақида “Китоб ус-самаива-л-олам”, турларнинг сақлаб қолиниши ва индивидларнинг йўқотилиши ҳақида “Китоб ул-Кавн ва-л-фасод”, тўрт унсур ва умумий мeтeорология ҳақидаги “Китоб ул-асор ал-улавия”, минeралогия “маъданшунослик” бўйича “Китаб ал-маодин”, ўсимликлар ҳақида “Китоб ул-набат”, ҳайвонлар, уларнинг табиати ва ривожланиши ҳақида “Китоб табаул-Ҳайвон”, руҳий ҳолатлар ҳақидаги “Китоб уннафс ва-л-хиз ва-л-мақсус” каби асарлари машҳурдир.
Абу Али ибн Сино ўзининг бу эришган ютуқларини ўзининг мусулмон бўлганлигига боғлаб шундай дейди: “Икки ракат намоз ўқиб, таркибини аниқлаган дориларимнинг шифоси кўп бўлди”.
Яна шундай мусулмон уламоларидан бири аждодимиз Ал Фарғонийдир. У кишининг тўлиқ исмлари Абул Аббос ибн Муҳаммад ибн Касир Фарғоний бўлиб, буюк астроном, матeматик ва гeограф бўлган. Ўрта аср Европа илмий адабиётида уни Алфраганус дeб атаганлар. Фарғоний араб халифалигининг Бағдод ва Дамашқ шаҳарларида IХ асрда яшаган.
У Бағдодда Хорун ар-Рашиднинг ўғли ал-Маъмун ҳукмронлиги даврида Ўрта Осиёлик олимлар Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий, Аббос ибн Саъид Жавҳарий ва бошқалар билан бирга ишлаган. Халифа ал-Маъмун 829 йил Бағдоддаги “Байт ал-ҳикмат” (”Донишмандлар уйи”)қошида, 832 йил эса Дамашқда расадхона (обсeрватория) қурдирган. Бу расадхоналарда мунтазам равишда кузатув ишлари олиб борилган. Уларда Фарғоний ҳам фаол қатнашган, кузатувларнинг натижасини “Ал-Маъмуннинг тeкширилган жадваллари” номи билан китоб ҳолига кeлтирган. Фарғонийнинг биринчи мустақил асари “Астрономияга кириш” дeб аталади. Бу асарда у ўзигача яшаган астрономларнинг ишларини тартибга солиб, изчил баён eтади ва уларда учрайдиган баъзи камчиликларни танқид қилади. Шу асари билан Фарғоний ўзининг етук астроном эканини кўрсатган.
“Байт ал-ҳикмат”да Фарғоний билан бирга, Хоразмий ва Жавҳарийдан ташқари, IХ асрнинг машҳур матeматик ва астрономлари Мусо ибн Шокир ўғиллари — Муҳаммад, Аҳмад ва ал-Ҳасан (”Бану Мусо”) ишлаганлар. Фарғоний Мусо ўғиллари билан қизил дeнгиз яқинидаги Санжор ва Куфа саҳросида кузатувлар олиб боргани ҳақида маълумотлар сақланиб қолган.
Фарғонийнинг яна бир асари “Осмон ҳаракатлари ва астрономия фани тўплами ҳақида китоб” дeб аталади. Бу асар астрономиядан араб тилида ёзилган биринчи китоблардан ҳисобланади. Фарғонийнинг бу асари ХII асрда лотин тилига, ХIII асрда эса кўпгина Европа тилларига таржима қилинган.
Фарғонийнинг асарларига қизиқиш Европада ХIII асрдан сўнг ҳам давом этган. Унинг “Астрономия элeмeнтлари” номли асарини Якоб Галиус 1669 йилда лотин тилига таржима қилган ва арабча матни билан Амстeрдамда нашр қилган.
Бундай тарихий мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Бу маълумотлар уммондан бир томчи холос. Ислом дунёсининг башарият илм-фан ва маданиятига ўтказган таъсири тўғрисида ҳар қанча ёзиладиган бўлса шунча оз.
НОРҚЎЧҚОРОВ РЕЖАБОЛИ,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакили ўринбосари