1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ҲАМИША ҲУШЁРЛИК ЗАРУР

17-06-2020, 16:56 462 Ўқиш режими + -

Ҳамиша ҳушёрлик зарур
 
      Инсоният тарихида, шу жумладан, юртимиз ҳаётида ўзига хос давр ҳукм сурмоқда. Сабр ва хотиржамлик − оқил банданинг доимий ҳамроҳларидир. Чунки, оқил киши ҳар қандай қийинчиликнинг интиҳоси борлигини билади. 
Азал-азалдан метин иродали халқимиз ўзининг сабр-бардоши, ўзаро ҳамжиҳатлиги, якдиллиги билан не-не машаққатли кунларни бошидан ўтказмаган дейсиз. Ота-боболаримиз яхши ва ёмон кунларда қўлни қўлга бериб, ҳар қандай қийинчиликларни мардонавор енгиб келганлар.
Айни пайтда дунёдаги кўплаб давлатлар қаторида  бизнинг ҳам бошимизга келган бу синов ва имтиҳон пайтида давлатимиз томонидан сиз-у бизнинг ғамимизни еб, хавфсизлик чоралари сифатида айтилаётган тавсияларига биз, шу юрт фуқаролари сўзсиз бўйсунишимиз шарт.
Инсон ўзига ёки ўзгаларга зарар келтирадиган сабаблардан узоқ бўлишга буюрилган. Бундай вазиятда ҳиссиётга берилиш ёки бепарво бўлиш билан иш бузилади, шунинг учун ҳозирги вазиятда энг тўғри йўл соҳа мутахассисларининг сўзларига қулоқ солиш, тавсияларига қаттиқ амал қилишдир. Чунки вазиятни улар бошқалардан кўра яхшироқ билади, хатарни олдиндан кўриб, ҳис қилади. 
Лоқайдлик – бурч ва масъулиятни ҳис қилмаслик, атрофдагилар, ўз тақдири ва келажагига дахлдор воқеликларга эътиборсизликдир. Барча даврларда зиёлилар бундай иллатга қарши курашганлар, халқни огоҳлантириб келганлар. Шайх Саъдий айтади: “Магар сен ўзгаларнинг қайғусиға лоқайдлик ила қарасанг, сен инсон деган номға нолойиқсен”.
Маҳмуд Замахшарий айтадилар: Ҳушёр ва заковатли одам улдурки, унинг фикр доираси кенг, узоқни яқиндек кўра оладиган ғафлат уйқусидан йироқ, балки ҳамиша фикру зикри билан уйғоқ, махфий ишоратдан ҳам ўзига хулоса чиқара ола биладиган, сўқир кўздан ҳам ёш оқиза оладиган бўлур.
Унвонул баён асарида эса: “Кечаги кунидан ибрат ва панд-насиҳат олган, огоҳ ва эҳтиёткор киши ҳақиқий оқил кишидир. Сен барча ҳолатларда ҳам огоҳлик ва эҳтиёткорликни лозим тут. Эҳтиёткорликни ўзингга қўрғон қил. Шунда сен даврнинг қийинчиликлари ва фитналаридан ҳамда ҳар хил зарарли хатарларидан ҳимоя қиладиган қўрғонга эга бўласан”, дейилган.
Аллоҳ Таъоло: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилманг!” (Моида сураси, 2-оят), деган. Касалланиш ҳолатлари юртимизда, шу жумладан вилоятимизда кескин ўсишни намоён қилаётган айни кунларда карантин чораларига амал қилиш айни яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилишдир. Шунингдек, бунда шариат буюрганидек аввал Аллоҳ субҳанаҳу ва таъолога таваккал қилиб, кейин сабабларни ушлаш ҳам бор. Касалликка қарши туриш, ундан ҳимояланиш, эҳтиёт чораларини кўриш шаръан талаб қилинган ишлардандир. Аксинча, сабабларни тарк қилиб, ўзини ҳалокатга қўйиш, ноўрин таваккалчилик қилиш шаръан тақиқланган ишлардандир. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Ўзларингизни ҳалокатга дучор қилманглар!” – (Бақара сураси, 195-оят) деб марҳамат қилган
Фиқҳий қоидалардан бири шуки, “Айни пайтда саломатликка ва келажакда тинч-тотувликка сабаб бўладиган нарсага амал қилиш шариат ва ақл нуқтаи назаридан вожиб ҳисобланади”.
Муҳаққиқ уламолар бир овоздан тасдиқлайдиларки, “воқеъ бўлиши яқин ҳодиса воқеъ бўлгандек эътибор қилинади” ва “бадан соғлиги Ислом шариатининг энг катта мақсад ва кўзлаган муддаоларидан бири”дир.
Ер юзининг аксар қисмига хасталик тарқалган ҳозиргидек ҳолатларда элимиз хавфсизлигини сақлаш учун ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган чораларга қатъий амал қилиш  ҳар бир кишининг бурчидир.
    Инсон карантин ва чекловни бузиши ёки касаллик ўчоғига борганлик, беморлар билан мулоқотда бўлганликни яшириши нафақат ўзи, балки жамият учун ҳам катта хавфдир.
Муҳтарам Президентимиз 16 июнь кунги видеоселектор йиғилишида мамлакатдаги эпидемиологик вазият ҳақида тўхталиб ўтди. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, сўнгги 2 ҳафтада Тошкент шаҳрида аниқланган 551та ҳолатнинг 482таси, Тошкент вилоятидаги 734та ҳолатнинг 79таси, Навоий вилоятидаги 108та ҳолатнинг 83таси, Қашқадарё вилоятидаги 51та ҳолатнинг 48таси аҳоли орасида аниқланган.
Шунингдек, сўнгги икки ҳафтада касалланганлар орасида юқиш манбайи номаълум бўлиб қолаётганлар сони Тошкент шаҳрида 57тани,  Тошкент вилоятида 22тани, Навоий вилоятида 25тани, Қашқадарё вилоятида 3тани ташкил этади.
“Буларнинг барчаси коронавирус билан боғлиқ вазият тобора мураккаб тус олиб бораётганини кўрсатиб турибди. Бугун пандемияга қарши курашда ҳушёрлик ва масъулиятни бир карра эмас, ўн карра оширадиган янги босқич бошланмоқда, десак тўғри бўлади”, – деди Муҳтарам Президентимиз.
Демак, бундай вазиятда энг асосийси, ҳушёрликни ҳар доимгиданда ошириш, ўзаро мулоқотни камайтириш, касаллик юқишининг олдини олиш борасидаги тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилишдир.
Айни шу синовли кунларда биздан сўралаётгани қўйилаётган талаб ва қоидаларга тўлиғича бўйсуниб, санитария-гигиена талабларига қатъий тарзда риоя қилиш натижасида ўзимиз ва оила аъзоларимизни инфекция юқишидан ҳимоя қилишдир. Бу – синов, синов пайтида эса инсоннинг асл қиёфаси қандайлиги кўринади. Ақл ва хотиржамлик билан иш тутайлик. Ана шунда ҳар қандай балони даф бўлишида Яратганнинг ўзи бизга мададкор бўлади. 
Аксарият ҳудудларда фуқаролар карантин чораларининг юмшатилганини “касаллик тугади” деб, нотўғри қабул қилмоқда ва турли карантин қоидабузарликларини қилишяпти. Бугун кўп ҳолатларда бозорлар, савдо комплекслари, умумий овқатланиш шаҳобчалари ҳамда банкларда ижтимоий масофага амал қилмаслик, кўча-кўйда тиббий ниқоб тақмаслик, бемалол ва хотиржам бўлиб, уйларда турли тадбирлар ўтказиш ҳолатлари кўпаймоқда.
            Карантин қоидаларига амал қилмасдан талабларни бузаётган айрим юртдошларимизнинг хатти-ҳаракатлари ҳеч биримизга сир эмас, ушбу ҳаракатлар касалликнинг янада авж олиши билан боғлиқ рақамларни юзага келтириб чиқаради. Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари куюнчаклик билан таъкидлаган, пандемия шароитида ҳам кўча-кўйда ҳеч қандай заруриятсиз юрган ёшлар кўплаб учраяпти. Кейинги кунларда инфекция юқтирганларнинг сони ошиб бораётгани ачинарли ҳолат, албатта. Вирус-кўринмас бало, ҳушёрликни қўлдан бермасликни ҳар биримиз англашимиз керак.
Давлатимиз раҳбарининг таъкидлашича, “бундай салбий ҳолатлар касалликни аниқлаш, олдини олиш ва даволаш учун қилаётган барча ҳаракатларимиз, бюджетдан олинаётган триллионлаб харажатларимиз натижадорлигини йўққа чиқариши мумкин”.
Бугун карантин қоидаларига зид  ҳаракатларни содир этаётган фуқаролар республика махсус комиссияси томонидан белгиланган чораларни қўпол равишда бузишлари баробарида, аввало ўзлари ва яқинларини хатарга қўяётганликлари, юртдошларимиз орасида вирус тарқалишига сабабчи бўлиб қолишлари мумкинлигини теран англаб етишлари ҳамда бу каби ишларга қўл урмасликлари зарур. 
Албатта, ҳамманинг нияти яхши. Барчанинг мақсади бир. Тезроқ ушбу касалликни бартараф этиш. Бу яхши албатта. Азизлар! Бугун республика махсус комиссияси томонидан халққа  бемақсад уйдан ташқарига чиқмаслик, жамоат жойларига бормаслик қаттиқ тавсия қилиняпти. Бундайин қарорлар аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларига, катта-катта саҳобаларнинг раъйларига, халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Шом диёрларида вабо тарқалганида қилган ишига мувофиқ қарордир! 
Аллоҳ таоло тез кунларда дунё халқлари устидан хусусан, юртимиздан мазкур балони даф этсин. Ушбу дардга мубтало бўлган беморларга шифои комил ато айласин. Халқимизни ушбу балони олдини олишда ҳамжиҳат бўлиб, ҳушёр ва огоҳ бўлиб ундан сақланиш борасидаги тавсияларга астойдил, ихлос билан амал қилишларига тавфиқ ато этсин.

 
М. Қораев

Қарши шаҳар “Қумқишлоқ” жоме масжиди имом хатиби