1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МУҚАДДАС ОИЛА (30-ҚИСМ) ТАБРИКЛАШ ОДОБИ

19-06-2020, 09:47 1 104 Ўқиш режими + -


МУҚАДДАС ОИЛА (30-ҚИСМ)
ТАБРИКЛАШ ОДОБИ

Фарзанд одобини камолга етказадиган тарбиявий иш­лардан яна бири керакли ўринларда самимий таб­риклашга одатлантиришдир. Шунда бола билан жамият ўртасида ўзаро дўстлик, қадрдонлик, меҳру муҳаббат зиёда бўлади. Табриклашнинг турли шакл­ла­ри бор. Аввало, мураббийлар фарзанднинг руҳиятини кўтариш мақ­садида кичкина ютуғи билан ҳам таб­рик­лаб, муносиб баҳолаши керак. Байрамлар ва шунга ўхшаш саодатли кун­ларида табриклаш айни муд­даодир. Бундай эътибор, самимий тилаклар уларнинг хотираларида муҳрланиб қолади. Зеро, айтган гапига аввал ўзи амал қилиб ибрат кўрсатиш тарбиянинг таъсирчан, самарали усулидир. Бу борадаги бир ибрат­ли воқеа билан танишамиз. Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳузурларига бир киши ўз фарзандини олиб келиб: «Ҳазрат, шу ўғлимга бир насиҳат қилсангиз, кун бўйи асал егани еган. Тугаб қолса, “Олиб келинг” деб жанжал қилиб, ҳоли жонимга қўймайди. Онаси иккаламиз қанча панду насиҳат қил­майлик, ҳеч кор этмаяпти”, дея шикоят қилди. Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) бир оз ўйланиб туриб: “Фарзандингизни бир ойдан кейин олиб келинг”, деди. Ҳалиги киши бир ойдан кейин яна Имоми Аъзам (раҳ­матуллоҳи алайҳ) ҳузурларига келди. Шунда Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) унинг ўғлини ёнларига ўтқизиб, бошини силадилар-да: “Ўғлим, эсли-ҳушли бо­ла экансан, асалнинг кўпи ҳам зарар, шунинг учун ота-онангга қулоқ солиб, рухсат беришган вақтдагина егин, хўпми?” деди. Бола эса: “Хўп бўлади”, деб жавоб берди. Шунда боланинг отаси: – Тақсир, бир нарса сўрасам? – деди. – Марҳамат. – Шу бир оғиз насиҳатингизни ўтган ой келгани­миз­да айтсангиз бўлмасмиди? Бир ой куттирмоқдан муддао нима? – Сизлар келган куни эрталаб асал еган эдим. Асал­нинг қуввати ва таъсирини ҳали яхши билмай туриб, “Асал ема”, деб насиҳат қилишдан тийилдим, чунки сў­зимнинг таъсири бўлмай қолиши мумкин эди. Шу боис сизларни қайтариб юборгач, бир ой давомида ўзимни асал емоқдан тийдим. Иншааллоҳ, фарзан­дин­гиз­га бу насиҳат энди фойда беради», – дея жавоб бер­дилар. Бу сабоқ ва ўрнак катта амалий бир дастурдир. Мусулмон киши ҳаёти давомида ҳар қандай солиҳ амал бажарса, унинг самарасини бу дунёда ҳам олади. Албатта, Аллоҳ ҳузурида улуғ савобларга мушарраф бў­лади. Кишиларни табриклаш ва уларнинг қалбига хур­санд­чилик етказиш Ислом динимиз назарида энг кат­та қур­бат, яъни Аллоҳга яқин қилувчи ва фарз амал­лар­дан ке­йин турадиган, Аллоҳга севимли бўлган амал­­лар­дандир. Бундай амаллар гуноҳлар кечи­ри­лишига сабаб бўлади ва жаннатга йўл очади. Ушбу улуғ неъматлар, савоблар ҳақида башорат берилган му­бо­рак ҳадиси шарифларни ўқиб ўрганар экансан, беи­х­тиёр бутун вужудинг ила эзгулик қилиб, кишилар қалбини қувончга тўлдиргинг келади. Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Ким биродарига уни хурсанд қилиш учун яхши кўрган нарсасини берса, Аллоҳ таоло қиёмат куни уни мамнун қилади”, дедилар (Имом Табароний Имом Табароний Ҳасан ибн Алидан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмон биродарингга хурсандчилик ула­шиш гуноҳ­лар кечирилишини вожиб қиладиган амал­лар­дандир”, дедилар. Имом Табароний Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ри­воят қилади, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фарзлардан сўнг Аллоҳ таолога маҳбуб амал­лар мусулмонга хурсандчилик улашишдир”, дедилар. Ойша (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади: “Ким мусул­монларнинг (аҳли байтига) қалбларини хурсанд­чилик ила тўлдирса, Аллоҳ унга жаннатдан ўзга мукофот беришга рози бўлмайди”, дедилар (Имом Табароний ривояти). Табриклашда хурсандчилик ва эътибор қилиш Каъб ибн Молик (розияллоҳу анҳу) қиссасида келтирилади: Каъб ибн Молик: «Баланд овозда “Эй Каъб ибн Молик, табриклайман”, деяётган овозларни эшит­дим. Одамлар мени табрикладилар. Мен Расулуллоҳни (соллалло­ҳу алайҳи ва саллам) кўришни истаб чиқдим. Одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб келиб, мени тавбамнинг қабул бўлгани билан табриклардилар. “Аллоҳ тавбангни қабул қилгани билан табриклаймиз”, дейишди. Шунда масжидга кирдим, Расулуллоҳ (сол­лал­лоҳу алайҳи ва саллам) атрофларида одамлар ўти­ришарди. Талҳа ибн Убайдуллоҳ туриб келди ва мени қучоқлаб табриклади» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Каъб ибн Молик айтади: «Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) салом бердим, ул зотнинг юзлари хурсандчиликдан порлади ва менга: “Онанг сени дунёга келтирган кунидан ҳозиргача бўлган кунларнинг энг яхши куни – тавбанг қабул бўлган кун билан таб­риклайман”, дедилар». Суннати Набавий бизни гўзал табрик ва чиройли дуо сўзларидан фойдаланишга буюради. Мусулмон киши уни пухта ўрганиши ва муносиб вақтда айтиши лозим. Фарзандли бўлган кишини табриклаш Янги фарзандли бўлган кишига қуйидаги дуони айтиш мустаҳабдир: “Бурик лака бил мавҳуб ва балаға ашуддаҳу”. Табрик қабул қилувчи эса: “Баракаллоҳу лака ва барака аълайка ва розақокаллоҳу мислаҳу”, дейди. Сафардан қайтган кишини қутлаш Сафардан қайтган кишига салафлар ривоят қилган ушбу қутлов сўзи айтилади: “Алҳамду лиллаҳиллази саламака ва жамаъа ашшамла бика ва акрамака”. Ҳаждан келган кишини қутлаш Ҳаждан келган кишига: “Қобилаллоҳу ҳажжак ва ғо­фара занбак ва ахлафа нафақатак”, дейиш мустаҳаб. Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Бир йигит Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб: “Ҳаж қилмоқчиман”, деди. Расу­луллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) у билан юриб: “Эй йигит, Аллоҳ тақвони сенга зийнат қилсин ва сени яхшиликка юзлантирсин, ғам-андуҳни кетказсин”, дедилар. Йигит ҳаждан келга­нида, Пайғамбар (соллал­лоҳу алайҳи ва саллам): “Эй йигит, “Қобилаллоҳу ҳажжак ва ғафара занбак ва ахлафа нафақатак” (маъ­носи: Аллоҳ ҳаж ибодатингни қабул қилсин ва гу­ноҳингни авф қилсин ва нафақангни қай­тиб берсин), дедилар» (Ибн Сунний ривояти). Никоҳни қутлаш Никоҳдан сўнг келин-куёвнинг ҳар бирига қуйи­даги дуони айтиш мустаҳаб: “Баракаллоҳу лака ва ба­рака алайка ва жамъа байнакума фи хойрин”. Яъни: “Аллоҳ баракотлар берсин ва уни сенга ба­ра­котли қилсин ва ораларингизни яхшиликда бир­лаш­тирсин”. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пай­ғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) агар бирон киши уйланса, унга: “Баракаллоҳу лака ва барака алай­ка ва жамаъа байнакума фи хойрин”, деб айтардилар» (Абу Довуд ва Термизий ривояти). Имом Аҳмад ва Насоий Уқайл ибн Абу Толибдан ривоят қилади: «Уқайл ибн Абу Толиб Жашм қабиласидан бир аёлга уйланди. Одамлар унинг олдига кириб “Бахт ва ўғиллар тилаймиз”, дедилар. Шунда: “Бундай деманглар, чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундан қайтарганлар”. “Эй Абу Зайд, унда нима деймиз?” дедилар. “Баракаллоҳу лакум ва барака алайкум, денглар. Бизга шу буюрилган эди”, деди». Али ибн Абу Толиб Пайғамбаримизнинг (алайҳис­са­лом) қизлари Фотимага (розияллоҳу анҳо) уйланишдек бахтга мушарраф бўлиш олдидан, тўй тадориги билан сарфу харажатлар учун совутини сотмоқчи бўлиб бо­зорга борди. У жойда ҳазрат Усмонни учратиб қолди. Ҳазрат Али уйланиш ва маҳр учун совутини сотишга кел­ганини айтди. Ҳазрат Усмон унга тўрт юз саксон дирҳам бериб совутни сотиб олди. Кейин эса яна со­вутни ҳазрат Алининг қўлига тутқазиб: “Эй Али, Аллоҳ йўлида хизмат қи­лишинг учун ушбу совутни мендан тўй совғаси сифатида қабул қил”, деб уни ҳадя қилди. Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) ана шундай ўткир фасоҳатли инсон эдилар. Бу қадар олийҳимматлик ила Алига (розияллоҳу анҳу) бир вақтнинг ўзида керакли маблағни бердилар, яна тўй ҳадяси сифатида Алининг (ро­зияллоҳу анҳу) ўзига жуда ҳам керак бўлган, бироқ зарурият юзасидангина сотган қим­матбаҳо совутларини қайтариб бердилар. Ҳазрат Усмон (розияллоҳу анҳу) шу қадар юксак фаҳму фаросат билан тадбир қўллади, натижада Али (розияллоҳу анҳу) катта қувонч билан ортларига қайтдилар. Ҳазрат Усмон: “Мен сенга қарз бериб тураман, совутни сотма” ёки “Совут жангда керак бўлади, мана бу пул сенга тўёна” деганида ҳам бўларди, аммо бундай вазиятда Али (розияллоҳу анҳу) гарчи хафа бўлмаса-да, бундан хурсанд бўлмаслиги аниқ эди. Бу ибрат олишимиз лозим бўлган олий сифатлардан биридир. Демак, никоҳ тўйи бўлаётган кишини нафақат оғзаки табрик­лаш, балки унга совға тақдим қилиш ҳам яхшидир. Байрам билан табриклаш Ҳайит намозидан сўнг: “Тақоббалаллоҳу минна ва мин­ка” (маъноси: Аллоҳ биздан ва сиздан ибо­дат­ла­ри­мизни қабул қилсин), дейиш мустаҳабдир. Ҳайит куни Холид Ибн Маъдон Васила ибн Ақъа билан учрашиб қолди. Шунда Холид: “Тақобба­лал­ло­ҳу минна ва минка”, деди. Бу Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтиб юрган дуодир. Икки ҳайит байрамида кишилар бир-бирларини қут­лашлари ва бир-бирларига хурсандчилик улашиш­ла­ри лозимлиги кўп нодир манбаларда ёзилган. За­мо­на­миз, хусусан, диёримиз уламолари бу ҳақда ўзларининг китобларида ҳам жуда кўп мушоҳада қилганларига қа­ра­масдан, ийд кунлари ҳали-ҳануз юртимизнинг кўп жой­ларида одат тусига кириб қолган аза маросимларини ўтказиш давом этяпти. Ваҳоланки, динимизда ушбу кун­лар байрам сифатида нишонланиши ҳамиша таъ­кид­ланган. Муҳтарам Юртбошимиз томонидан диёримизда Рамазон ва Қурбон ҳайити биринчи кунлари байрам сифатида кенг нишонланиши учун дам олиш кунлари деб эълон қилинган. Яқин ўтмишда ҳам ота-боболаримиз учун бундай кунлар армон эди. Яратганга шукр, истиқлол туфайли бу саодатли кунлар қадрига етиб, улуғ айёмларимизни муносиб қарши олмоқдамиз. Яхшилик қилган кишини қутлаш Яхшилик қилган кишига“ Баракаллоҳу лака фи аҳлик ва малика ва жазакаллоҳу хойрон) ”маъноси :Аллоҳ сени, аҳлингни ва молингни марҳаматига сазовор қилсин ҳамда сенга яхши мукофотлар берсин, (дейиш мустаҳабдир. Абдуллоҳ ибн Абу Робиъа) розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мендан қарз сўрадилар. Бир муддатдан кейин уни қайтардилар ва “Боракаллоҳу лака фи аҳлика ва малика,” дедилар. «Имом Насоий ва Ибн Можа ри­воятлари). Имом Термизий Усома ибн Зайддан (розияллоҳу ан­ҳу) ривоят қилади: «Кимга яхшилик қилинса, қи­лувчига “Жазакаллоҳу хойрон” (Аллоҳ яхши муко­фот берсин) дейилса, батаҳқиқ, мақтовда етук қилиб­ди», дедилар. Табрикловчи ва табрикланувчи масур дуоларни айтишни одат қилиши афзалдир. Табриклаш чоғи совға бериш мус­та­ҳаб­дир Янги фарзанд туғилган хонадон аҳлига ва сафардан қайтган кишига, шунингдек, висол кечасига кирувчига совға бериш мустаҳабдир. Ойша розияллоҳу анҳо (ривоят қилади “Эй мўминларнинг аёллари, ўзаро совға улашинглар, ҳатто қўйнинг бир оёғини бўлса ҳам. Чунки у дўстликни пай­до қилади ва гиналарни кетказади”, дедилар (Имом Табароний ривояти). Имом Бухорий “Ал-адаб ал-муфрад” асарида Абу Ҳу­райрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Ўзаро сов­ға улашинглар, чунки у қалбдаги нафратни кет­ка­зади”, дедилар. Ойша (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади: “Ўзаро ҳадя улашинглар, ўзаро муҳаббатли бўласизлар”, дедилар (Имом Табароний ривояти). Бу ҳадисларда кишилар ўртасидаги ўзаро совға улашишнинг фазилатлари таъкидланган. Айниқса, муайян бир хурсандчилик айёмларида, байрам ёки бирор-бир ёдда қоладиган кунларда совғалар улашиш турмушга янада файз ва кўтаринки руҳ бахш этади. Ҳадя улашишлар кишиларни, хусусан, қариндош-уруғ­ларни бир-бирларига янада жипслаштириб, ўзаро ҳурмату эҳтиром, меҳру муҳаббатлари зиёда бўли­ши­да катта аҳамият касб этиши муқаррардир. Шу билан бирга, орага тушиб қолган хижиллик, гина, адоват барҳам топишига ёрдам беради. 
 

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Шайх Усмонхон Алимов нинг
 “Оилада фарзанд тарбияси” китобидан