Жанубий Осиё мусулмон мамлакатларида илм-фан ва маданиятнинг тараққий этиши ва истиқболлари
Жануби-Шарқий Осиёга Исломнинг кириб келиши нисбатан тинч кечди. Бу жараён бир неча ўн ва ҳатто юз йилликларга чўзилди.
Ислом давлатлари – халифаликлар вужудга келган ўша даврда араб қўшинлари бу ерларга келмаган бўлсаларда, биринчи араб савдогар аҳоли пунктлари бу минтақада VII-VIII асрлардаёқ пайдо бўлган эди. Бундай пунктлар Арабистон ярим оролини Узоқ Шарқ ва Жанубий Осиё билан боғлайдиган серқатнов денгиз йўллари бўйлаб пайдо бўлдилар. Айнан ана ўшалар ислом динини мазкур ўлкаларда тарқатдилар. Кўзга кўринган ғарб исломшунослари (Х. Снук Хюргронье, И.Гольдциер ва б.) бу минтақага исломни олиб киришда фақат арабларгина рол ўйнадилар деган фикрни танқид қилиб, бу ишда ҳинд, форс ва ҳатто хитойликларнинг хизматлари катта бўлганлигини таъкидлаганлар. Улар мазкур минтақанинг турли бурчакларида асос солган савдо марказларининг кўпчилиги ҳозирги кунгача мавжуд бўлиб, улар диний фаолият марказлари сифатида маҳаллий мусулмонларни ташқи ислом олами билан боғлаб туради. Бу ерларга исломнинг ғайриараблар томонидан киритилиши ҳам ўзининг асарларини қолдирди. Минтақадаги ислом ўрта асрларда Арабистонда мавжуд бўлган ислом кўринишидан фарқ қилиб, унда маҳаллий анъаналар, ҳинд, форс ва бошқа миллатларнинг урф-одатлари аралашиб кетган.
Ислом динини маҳаллий аҳоли орасида биринчи бўлиб Малакка ярим оролининг соҳил минтақалари ва Суматра оролининг шимолий қисмида яшовчи халқлар қабул қилдилар (XI-XIII асрлар). Натижада XV асрда тараққий этган Малакка Султонлигидан чиққан дин тарқатувчи савдогарлар ўз фаолиятларини кенгайтириб юбордилар. XV-XVII асрларда Ява, Бруней, XV-XVI асрларда Ғарбий Суматра, XV асрнинг иккинчи ярмида Патани, XIV-XV асрларда Сулу ва Минданао, XV-XVIII асрларда Аракана аҳолилари исломни қабул қилдилар. Янги дин Ява орқали Жанубий Суматрага (XVIII-XIX асрлар), Жанубий Калимантанга (XVI-XVII асрлар), Ғарбий Суматра орқали Сулавесига (XVII аср) кириб келди. Минтақада исломлашув жараёни ҳозирги кунгача давом этмоқда. Айниқса исломни оммавий тарзда қабул қилиш Сабах ва Саравакнинг энг ичкари минтақаларида юз бермоқда.
Аммо ислом дини турли жойларда мусулмонларнинг маиший ва маънавий ҳаётларига бир хилда кириб бораётгани йўқ. Турли халқлар ва ҳатто турли минтақалардаги исломнинг кўриниши бир-биридан фарқ қилади. Исломга энг қаттиқ берилган халқлар бу илгари даъватчилар сермаҳсул фаолият олиб борган ҳудудлардир. Ява, Суматра, Араканада ислом аввалги динлар ҳиндуийлик ва буддавийликка дуч келди ва улар билан бирга мавжуд бўлиб, ўзига хос кўринишни олди.
Минтақада мусулмон жамоаларининг шаклланиши маҳаллий тарихнинг суронли ўзгаришлари даврига тўғри келди. Илгари қудратли ҳисобланган Тямпа (XV аср), Малакка ва Мажапахита (XVI аср) давлатлари қулади ҳамда минтақада Португалия, Испания, Голландия, Англия, Франция мустамлакачилари кириб кела бошлади. Бу даврда ҳали ислом давлатчилиги ҳали мустаҳкам илдиз отмаган эди, шунинг учун ҳам ўзга ерлик босқинчиларнинг бу ерларга кириб келиши мусулмонлар учун жуда сезиларли бўлди. Масалан, исломлаштирилган Тямпа ерларида аввал Вьетнам, XIX асрда Франция қўшинлари томонидан босиб олиниши юқори мансабларни эгаллаган мусулмон руҳоний ва илоҳиётчиларига қаттиқ зарба берди. Қулаган Тямпа давлатидаги саноқли олий табақали оилаларгина қўшни Кхмер қироллигидан бошпана топдилар. Аммо бу қироллик ҳам XIX асрнинг иккинчи ярмида Франция қўлига ўтди.
Жануби-Шарқий Осиёнинг мустамлакачилар ўртасида бўлиб олиниши илгариги ички минтақавий ўзаро алоқалар йўлида мустаҳкам тўсиқлар пайдо бўлди. Шунинг билан бирга кўпгина маҳаллий мусулмон жамоаларини христиан мустамлакачилар томонидан ташқи дунёдан тўсиб қўйиш бошланди. Аммо баъзи алоқа йўллари сақланиб қолди. Масалан, ҳажга бориш, Нақшбандиййа, Қодириййа каби суфийлик ҳаракатларининг фаолияти давом этди.