1441 йил 15 Зулқаъда | 2020 йил 05 июль, Якшанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
03:36
Sunrise
05:18
Dhuhr
12:42
Asr
17:51
Maghrib
20:05
Isha
21:47


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ЖАНУБИЙ ОСИЁ МУСУЛМОН МАМЛАКАТЛАРИДА ИЛМ-ФАН ВА МАДАНИЯТНИНГ ТАРАҚҚИЙ ЭТИШИ ВА ИСТИҚБОЛЛАРИ (2-ҚИСМ)

25-06-2020, 12:31 17 Ўқиш режими + -

Жанубий Осиё мусулмон мамлакатларида илм-фан ва маданиятнинг тараққий этиши ва истиқболлари
(2-қисм)

Жануби-Шарқий Осиёда ислом ислоҳотчилик ҳаракатлари Ғарбдаги ана шундай ғоя ва ҳаракатлар таъсири остида XIX аср охирлари ва XX аср бошларига келиб аввало Сингапур, Малайзия ва Индонезияда жонлана бошлади. Кейинчалик улар қаторига яваликлар, минангкабау ва бирмаликлар қўшилдилар. Улар асосан исломни замонавий фан-техника ютуқларига мос равишда қайта кўриб чиқиш, диний эътиқодга оид асарлар фақат араб тилида эмас, балки маҳаллий тилда ҳам бўлиши лозимлигига кўпроқ эътиборни қаратиб, мустамлакачиларга қарши кураш ғоялари уларнинг фаолиятларида унчалик сезилмади.
Ҳар доимгидек, ислоҳотчилик чиқишлари диний-ақидавий масалаларни қайта кўриб чиқиш ва исломга янгича қарашни тарғиб қилиб чиқди. Шундан келиб чиқиб, сиёсий тузумни қайта кўриб чиқишга бир қадам қолган эди. Аммо минтақада мавжуд бўлган турли давлатлардаги ҳолат бундай сиёсий таълимотни ишлаб чиқиш учун ҳар хил суръат ва табиатга эга эди.
«Мусулмон миллатчилиги»га чақирувчи даъватчиларнинг таъсирига кўпроқ индонезияликлар берилдилар. XX асрнинг иккинчи ўн йиллигидаёқ улар мамлакатда биринчи бўлиб Индонезиянинг миллий қайта тикланиши учун кураш байроғини кўтарган «Сарекат ислам» оммавий ташкилотини туздилар. Х.У.С. Чокроаминото бошчилигидаги «Сарекат ислам» ташкилоти социализмга ўхшаш таълимотни – «халқ давлати» концепциясини ишлаб чиқди. Унга кўра давлат халқ қўлида бўлиб, уларнинг вакилларидан тузилган армия томонидан қўриқланади. У «ғарб демократияси»ни қатъиян қоралаб чиқди. Аммо мустамлакачилардан озод бўлган мамлакат коммунистлар қўлига ўтиб қолишидан хавфсирар эди.
20-30-йилларда Агус Салим бошчилигидаги «Сарекат ислам» намоёндалари «мусулмон социализми» ҳақида гапира бошладилар. Улар исломий мусаффолик, тақводорлик, қонунга итоаткорликка чақирдилар. Шу билан бирга улар фуқаро озодлиги, сайловлар, сиёсий мустақилликни ёқлаб чиқдилар. Улар барча фалокатларнинг сабабчиси – феодализм, мустамлакачилик, табиий бойлик захираларини чет эл капитали томонидан эксплуатация қилинишида деб билдилар ва бу нарсаларни гуноҳ деб ҳисобладилар. Улар коммунизм таълимотидаги атеизмни қаттиқ қораладилар.
«Сарекат ислам» ички келишмовчиликлар натижасида бир неча йўналишларга бўлиниб кетди. Явада 1926 йилда консерваторлар томонидан «Наҳдатул улама» номли бирлашма ташкил этилди.
20-йилларнинг охири 30-йиларнинг бошларида Сукарно бошчилигида радикаллар коммунистларга эргашиб, диний бўлмаган мустақил Индонезия ғоясини илгари сурдилар.
Бирмада 20-30-йилларга келиб ислоҳотчиларнинг қатори маҳаллий намоёндалар билан кенгая бошлади. Улар орасида иккига бўлиниш юз берди. Улардан либерал-консерватив доиралар Ҳиндистонга содиқлик ёки панисломизм мавқеини эгаллаган бўлсалар, радикаллар мустақил Бирма ғоясига содиқ қолдилар. Бундай ҳолатдан фойдаланган англияликлар икки ўртада низо чиқариб, тўқнашувларни юзага келтирдилар.
Ҳозирги даврда ислом фақатгина Брунейда давлат дини сифатида тан олинади. Бу ерда мусулмонлар аҳолининг 63% дан кўпроғини (85 минг киши) ташкил қилади. Минтақада энг кичик ҳисобланган Бруней мусулмон жамоаси ўз юртида кўпчиликни ташкил этади. Уларнинг асосий қисми малайзияликлар, лекин озгина миқдорда араблар ва ҳиндлар ҳам бор. Бруней Аборигенлари (кадазанлар, кедаянлар, ибанлар, меланау ва б.) яқин замонларгача анимизм динига эътиқод қилар эдилар. Ҳозирда эса улар фаол равишда ислом ва христиан динларига жалб этилмоқдалар. Мамлакат конституцияси исломдан бошқа динларга эътиқод қилиш эркинлигини тан олади. Аммо бунда бошқа дин вакилари тинчлик ва келишувчилик асосида яшашлари шарт қилиб қўйилади. Яна унда бош вазир ва вилоят ҳокими шофиийлик мазҳабидаги мусулмон бўлиши ва султон ҳузурида ислом ишлари бўйича маслаҳатчи – муфти туриши керак деб кўрсатиб қўйилган.
Ҳукумат 1955 йилда чиқарган ва 1960 йилда тўлдирилиб тасдиқланган қарорга кўра, муфти Бруней диний кенгашининг ишини бошқаради.
5,5 млн. мусулмони бўлган (аҳолининг 44%) Малайзиянинг фақат Ғарбий Малайзия вилоятларидагина ислом дини давлат мақомига эга бўлди. 60-йилларнинг охирларида Ғарбий Малайзия мусулмонларининг кўпчилигини малайзияликлар ташкил этар эди. Улар орасидаги араб ва ҳиндлардан иборат мусулмонлар катта нуфузга эга эдилар. Мусулмон бўлмаганлар орасида кўпчиликни (аҳолиннинг 35% дан кўпроғини) даосизм, буддавийлик, конфуцийчилик динларига эътиқод қиладиган хитойликлар ташкил қилганлар. Ғарбий Малайзияда яшовчи семанглар, сенойлар, жакунлар анимизм динига эътиқод қиладилар.
Шарқий Малайзия вилоятларида мусулмонлар озчиликни ташкил қиладилар: Саравакда улар 23,4% (174 минг) ни, Сабахда 37,9% (117 минг)ни ташкил этадилар. Уларнинг асосий қисми малайзияликлар бўлиб, улар орасида кадазанлар, баджаолар, клемантанлар, меланаулар ва бошқа миллат вакиллари ҳам бор. Исломдан бошқа динларга эътиқод қилувчи жамоалар орасида кенгайишга мойилроғи христиан жамоаларидир.
Малайзия Федерациясининг конституциясида ва Малайзия Федерациясида конфессионал асосдаги айирмачиликни тақиқловчи моддалар мавжуд. Шунингдек мусулмонлар орасида бошқа динга ёки исломнинг суннийликдан бошқа йўналишларига тарғибот олиб бориш қаттиқ тақиқланади. Яна шу нарса таъкидланадики, ҳар бир расман тан олинган диний жамоа ўзининг шахсий мулкидан бемалол фойдаланиб, ички ишларни олиб боришлари, хайрия, миссионерлик ташкилотларини ва ўқув юртларини таъсис этишлари қонунга мувофиқ равишда уларда иш юритишлари мумкин. Давлат муассасалари диний ташкилотларнинг ишларида молиявий ҳамкорлик қилишлари, шу билан бир вақтда уларнинг даромад ва харажатларини назорат қилишлари мумкин. Мусулмонларнинг руҳоний раҳбарлари вилоят султони сифатида, монархия асосидаги тузум мавжуд бўлмаган жойларда эса улар давлатнинг энг юқори раҳбари сифатида тан олинади. Вилоят раҳбарларининг асосий вазифаси шариат қонунларининг бажарилишини назорат қилишдан иборат.
1963 йилда Саравакда қабул қилинган конституцияда шундай модда мавжудки, ислом дини ишлари бўйича маҳаллий кенгашнинг уч аъзоси вилоятнинг олий маъмуриятига кириши шарт. Сабах ва Саравак ҳокимлари маҳаллий мусулмонларга федерал ҳукумат томонидан молиявий ёрдам бериш ҳуқуқига эгадирлар. Ислом давлат дини деган қонун Малайзиянинг бу икки вилоятларига татбиқ этилмаган.
Бу қонун Сингапурга ҳам жорий этилмаган. Сингапур мусулмон жамоаси этник жиҳатдан Ғарбий Малайзия билан бир хил, аммо сон жиҳатдан камроқ (345 минг киши ёки аҳолининг 15%). Унинг асосий қисмини малайлар, оқсуякларнинг асосий қисмини эса араблар ва Ҳиндистонлилар ва арабларнинг малайлар билан аралаш никоҳидан туғилган метислар ташкил этади. Мусулмонлардан кейинги ўринда конфуцийчилик, буддавийлик, даосизм ва ҳозирда христианликка эътиқод қиладиган хитойликлар турадилар.
 

 НОРҚЎЧҚОРОВ РЕЖАБОЛИ,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакили ўринбосари