1441 йил 21 Зулқаъда | 2020 йил 11 июль, Шанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
03:41
Sunrise
05:21
Dhuhr
12:42
Asr
17:50
Maghrib
20:03
Isha
21:43


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ҒАРБ ОЛИМЛАРИНИНГ ИСЛОМ МАДАНИЯТИ ҲАҚИДАГИ ГУВОҲЛИКЛАРИ

26-06-2020, 10:14 44 Ўқиш режими + -

Ғарб олимларининг Ислом маданияти
 ҳақидаги гувоҳликлари

Тарихдан маълумки, аввалги мусулмонлар ер юзиди тарқалиб, ўзлари борган жойлардаги халқларга Ислом даъватини етказганлар. Шу билан бир вақтда ўша юртларда ривожланган илм-фан, маданият ва санъат соҳаларини ўрганганлар. Уларнинг илмга бўлган қизиқишларн ушбу нарсалар ёзиб қолдирилган манбаларни ўрганишга ундаган. Бошқаларга ўхшаб, мусулмонлар ўзлари кириб борган юртлардаги илмий китобларни куйдириб, йўқ қилиб юбормаганлар, балки уларни тўплаб, катта-катта илмий марказлар қурганлар. Шу китоблар ёзилган тилларни билувчи кишиларни ёрдамга чақириб, уларни таржима қилдирганлар. Таржимонларга эса қилган ишларн учун жуда катта микдорда мол-дунё берганлар. Сўнгра ўша китобларни ўқиб-ўрганишга ва ҳаётга татбиқ қилишга бел боғлаганлар. Бу улкан ишларда уларга мусулмон подшоҳлар, амирлар ва давлатмандлар яқиндан ёрдам беришган.
Шундай қилиб, грек ва римликлардан сўнг илмда пешқадамлик мусулмонлар қўлига ўтган. Уларнинг олий ўқув юртлари барча халқлар учун фойда ва илм оладиган марказга айланган. Мусулмонлар табобатчилик, кимё, табиий фанлар, математика ва бошқа илмларнинг ривожланишига улкан ҳисса қўшганлар. Қуйида баъзи ғарб олимларининг бу ҳақдаги фикрларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.


 
Нью-Йорк дорилфунунининг профессори Драбер ўзининг «Илм ва дин ўртасидаги тортишув» номли китобида шундай дейди:
 «Мусулмонларнинг илм билан шуғулланишлари 638 йили Искандария шаҳрини қўлга олганларидан сўнг бошланган. Яъни Муҳаммад пайғамбарнинг вафотидан 6 йил ўтгандан сўнг. Шу вақтдан бошлаб икки аср ўтмай,
улар грекларнинг барча илмий китобларини чуқур ўргандилар ва тўғри баҳоладилар. 813 йили Маъмун халифа бўлганидан сўнг Бағдод шаҳри ер юзидаги илм пойтахтига айланди. Бу халифа Бағдодга беҳисоб китоблар тўплади, уламоларни йиғди ва упарга зўр ҳурмат кўрсатди».
Муаллиф мусулмонларнинг табиий илмлардаги асарларини санаб бўлгандан кейин шундай дейди: «Агар биз бу улкан илмий ҳаракатнинг барча асарларини санайдиган бўлсак, китобимизнинг чегарасидан чиқамиз. Мусулмонлар қадимги илмларни жуда ҳам ривожлантирдилар. Шу билан бирга, ўзларидан аввал маълум бўлмаган плмларни кашф этдилар».
Драбер бошқа бир жойда шундай дейди: «Мусулмонларнинг дорилфунунлари европалик толиби илмлар учун доимо очиқ эди. Европалик подшоҳлар даволаниш учун мусулмонларнинг диёрларига борар эдилар».
Профессор Седилат ўзининг «Араблар тарихи» номли китобида шундай ёзади: «Мусулмонлар ўрта асрларда илм, фан ва фалсафада ягона эдилар. Улар бу нарсаларни қадамлари қаерга етса, ўша ерларга тарқатдилар. Бу нар- салар улар орқали Европада ҳам тарқалди. Европанинг уйғониши ва тараққиётининг асосий сабабчилари ҳам мусулмонлардир».
Социолог профессор Гюстав Лебон ўзининг «Араблар тамаддуни» номли китобида шундай дейди: «Шарқ форс, рим ва бошқа кўплаб халқларга бўй- сунган. Бу халқларнинг сиёсий таъсири кучли бўлса ҳам, маданий таъсири бўлмаган. Форс, рим ва бошқа халқларнинг Шарқда қила олмаган ишларини араблар тезда ва ҳеч бир мажбур қилмасдан амалга оширдилар. Улар Мисрда нимани амалга оширган бўлсалар, устида байроқлари ҳилпираб турган Африка, Сурия, Форс каби бошқа юртларда ҳам амалга оширдилар. Улар йўл-йўлакай кириб ўтган Ҳиндистонда ҳам улкан таъсирларини қолдирдилар. Ҳатто фақат савдо учун қадамлари етган Хитойга ҳам улкан таъсир кўр- сатдилар. Тарихда араблардан бошқа ҳеч бир халқ бундай зўр таъсирга эга бўлмаган. Араблар билан алоқада бўлган халқлар уларнинг маданиятини қабул қилганлар. Арабларнинг Шарққа кўрсатган таъсири фақат диёнат, тил ва санъат билан чегараланиб қолмай, балки уларнинг илмий, маданий таъсирлари ҳам улкан бўлган. Араблар Ҳиндистон ва Хитой билан бўлган алоқалари давомида кўпгина илмий-маърифий таъсирларни қолдирганлар.     Европаликлар эса бу нарсаларни нотўғри баҳолаб, «Ҳиндистон ёки Хитой илми ва маърифати» деб атайдилар.
Арабларнинг Шарққа кўрсатган таъсири улуғ бўлганидек, Ғарбга ҳам жуда катта таъсир кўрсатган. Европа цивилизацияси араблар олдида қарздордир. Арабларнинг Ғарбга кўрсатган таъсирини араблар ўз цивилиза- циясини Европага киритишларидан аввал у ерда аҳвол қандай бўлганини англамай туриб баҳолаш қийин. Агар милодий IX асрга қайтадиган бўлсак, бу вақтда арабларнинг Андалусиядаги (Испания) маданияти ўз чўққисига чиққан эди. Бу вақтда Ғарбдаги маданият ўчоқлари ваҳший феодал помешчикларнинг қароргоҳлари ҳисобланиб, улар ўзларининг саводсизликларини ҳис қилгунларича анча вақт ўтди. Фақат ХI-ХII асрлардагина илмга рағбат пайдо бўлди. Европада устидан жаҳолат кафанини олиб ташлашни хоҳловчи одамлар пайдо бўлиб, улар араблар томон юзландилар».
Профессор Либри шундай деган эди: «Агар тарих саҳнасида араблар пайдо бўлмаганида, Европанинг уйғониши бир неча асрларга орқага сурилар эди. Арабларнинг таржималари Европа дорилфунунларида олти аср давомида ягона ўқув қўлланмаси бўлиб келган. Айтиш мумкинки, арабларнинг баъзи бир илмларга таъсирлари - мисол учун, тиббиётга- ҳозиргача давом этиб келмоқда. Ибн Синонинг китоблари ўтган асрнинг охирларида шарҳ қилинди».
Юқоридаги гаплар европалик олимларнинг гаплари пўлиб, уларни келтиришдан мақсад шуки, Ислом жамики инсониятни тараққиётга чорлайди ва албатта, у Аллоҳнинг динидир. Ислом инсон зоти ўйлаб чиқарган нарса эмас.


Шайх Муҳаммад Содиқ 
Муҳаммад Юсуф

"ИЙМОН" китобидан