ЗАКОТ БЕРУВЧИНИНГ ВАЗИФАЛАРИ
Закотни адо қилувчи банданинг зиммасида бажариши лозим бўлган қуйидаги вазифалар бор:
1. Закотдан мурод нималигини фаҳмлаши керак. У уч нарсадан иборат: Аллоҳ таолонинг муҳаббатини даъво қилувчини ўзи муҳаббат қўйган нарсасини чиқариши билан синаш; ҳалокатга олиб борувчи бахиллик сифатидан покланиш; мол-мулк неъматига шукр қилиш.
2. Риёкорликдан холи бўлиш учун закотни сир тутиш. Уни изҳор қилишда фақирни хорлаш бор. Агар «закотни бермади» деган туҳматдан қўрқса, фақирларга жамоат ичида очиқчасига беради. Бошқаларга пинҳона равишда беради.
3. Закотини миннат ва озор билан бузмайди. Инсон фақирга эҳсон қилаётганида миннат ҳосил бўлиши мумкин. Аслида эса, унинг закотини олган фақир киши Аллоҳ таолонинг унга буюрган ҳаққини қабул қилиб, унга яхшилик қилаётган, унинг молини бировнинг ҳаққидан поклаётган бўлади. Закот берувчи яхшироқ ўйлаб кўрса, унинг закот чиқариши у билан фақир ўртасидаги муомала эмас, балки мол неъматига шукрдир. Шунинг учун фақир одам фақирлиги учун ҳақоратланмаслиги керак, чунки фазл мол-мулкнинг борлиги ёки йўқлигида эмас.
4. Бераётган нарсасини кичик санаши лозим, чунки ишни катта санаган одам у билан фахрланади. Яхши иш уч нарса билан: уни кичик санаш, тезлатиш ва сир тутиш ила тугал бўлади.
5. Закот берувчи молидан энг ҳалолини, энг яхшисини ва ўзига энг маҳбубини чиқарсин.
6. Садақасини беришга лойиқ одам топиш. Уларда қуйидаги сифатлар бўлиши керак:
Биринчи сифат: тақво.
Иккинчи сифат: илмли бўлиш.
Учинчи сифат: «Неъмат бериш ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзидан бўлади», деб эътиқоддаги одам бўлиши.
Тўртинчи сифат: фақирлигини яширадиган, ҳожатмандлигини бекитадиган ва ошкора шикоят қилмайдиган бўлиш.
Бешинчи сифат: аёлманд, қарзга дучор бўлган, оғир касалликка чалинган кишилар бўлсин.
Олтинчи сифат: қариндош-уруғлардан бўлсин, чунки уларга қилинган садақа – ҳам садақа, ҳам силаи раҳмдир. Кимда ушбу сифатлардан иккитаси ёки кўпроғи жам бўлса, закотни ана шундай одамга бериш афзалдир.
Закот олувчининг вазифалари
Закотни олувчи Қуръонда зикр қилинган саккиз тоифадан бири бўлиши лозим. Унинг зиммасида бир неча вазифа бор:
1. Аллоҳ таоло уни ғамга солган нарсани бартараф қилиш учун закотни унга беришни буюрганини фаҳмласин ва барча ғамини йиғиб, битта ғамга – Аллоҳ таолонинг розилигини топишга айлантирсин.
2. Берувчига ташаккур айтиб, унинг ҳаққига дуо қилсин. Лекин бу дуоси сабабнинг шукри миқдорида бўлсин.
3. Ўзига берилган нарсага эътибор берсин, ҳалол бўлмаган нарсани мутлақо олмасин, чунки бир киши бировнинг молидан закот чиқарса, бу нарса закот бўлмайди. Агар шубҳали нарса бўлса, ўзини олиб қочсин. Иложсиз қолгандагина ҳожатига ярашасини олсин.
4. Ўзига мубоҳ бўлган миқдорда олсин, ҳожатидан кўпини олмасин. Агар қарздор бўлса, қарзидан ортиғини олмасин.
Манба Ислом.уз