1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

“ИРОДА” СИФАТИ ҲАҚИДАГИ САВОЛ ЖАВОБЛАР (3-ҚИСМ)

4-07-2020, 18:21 415 Ўқиш режими + -


 

“ИРОДА” СИФАТИ ҲАҚИДАГИ САВОЛ ЖАВОБЛАР (3-ҚИСМ)

 

         Савол: “Нима учун куфр ва маъсият сингари Аллоҳ таоло рози бўлмайдиган нарсалар ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси билан вужудга келган дейилади?”.

         Жавоб: “Чунки “ирода” сифати рози бўлинган нарсани ҳам, рози бўлинмаган нарсани ҳам ўз ичига олади. Сўфи Оллоҳёр бобомиз мазкур маънони қўйидагича тушунтирган:

Худо рози эмас исёнимға,

Ризосидир анинг эҳсонимизға.

Яъни исён қилишимиз ҳам, сидқи дилдан итоат этишимиз ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси билан вужудга келади. Аммо У зот исён қилишимизга рози бўлмайди. Ўзи рози бўлмайдиган нарсаларни ҳам ирода қилиши ҳақида қуйидагича эътиқод қилинади: Бутун борлиқ Аллоҳ таолонинг мулки, мулкида фақат У зот хоҳлаган нарсаларгина вужудга келади. Шунинг учун яхшими, ёмонми бирор нарса У зотнинг иродасисиз вужудга келмайди”.

Бу масаланинг хулосаси мўътазилий фирқаси етакчиси ва Аҳли сунна вал-жамоа имоми орасида бўлиб ўтган баҳсда яққол намоён бўлган: Мўътазилийларнинг етакчиларидан бири бўлмиш қози Абдулжаббор Ҳамадоний вазир Соҳиб ибн Ибоднинг ҳузурига кирибди. Унинг ҳузурида Ахли сунна вал-жамоа имомларидан бири бўлган устоз Абу Исҳоқ Исфароиний ўтирган экан.

У устозни кўриши билан: “Ўзи рози бўлмайдиган ишлардан пок бўлган зотга тасбеҳ айтаман”, - деди.

Устоз буни эшитибоқ орқасидан: “Ўзининг мулкида фақат Ўзи хоҳлаган нарсагина амалга ошадиган зотга тасбиҳ айтаман”, деб жавоб берди.

Мўътазилий етакчиси: “Нима Роббимиз Ўзига исён қилинишини хоҳлайдими, - деди.

Ахли сунна вал-жамоа имоми: “Бўлмаса Роббимизга мажбурлаб исён қилинадими?”, - деди.

Мўътазилий етакчиси: “Нима деб ҳисоблайсиз, Роббимиз мени ҳидоятдан тўсса ва мени халокатга ҳукм қилса, менга яхшилик қилган бўладими ё ёмонлик қилган бўладими”, - деди.

Аҳли сунна вал-жамоа имоми: “Агар сизни ўз-ўзингизники бўлган нарсадан тўсган бўлса, ҳақиқатдан сизга ёмонлик қилибди, аммо Ўзизники бўлган нарсадан сизни тўсган, Ўзининг нарсасини кимни хоҳласа, ўшанга беради-да”, - деди.

Мўътазилий етакчиси каловланиб қолди. Чунки бу хеч қандай эътирозга ўрин қолдирмайдиган даражада нишонга аниқ урилган гап эди.

 

Абулқодир Абдур Раҳим
 
Эътиқод дурдоналари 
 "
Бадъул амолий" шарҳи