ЖУМА НАМОЗИНИНГ ФАРЗ ҚИЛИНИШ ҲИКМАТЛАРИ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Жумъа луғатда жам бўлмоқ, тўпланмоқ маносини билдиради. Шунинг учун мусулмонлар жам бўлиб тўпланиб ўқийдиган намоз жумъа намози дейилади. Аллоҳу таъола айнан жумъа кунини пешин намози ўрнига фарз қилишининг сабаби, мусулмонларни бир-бирларига ўзаро боғланиш орқали уларнинг қалбида меҳир-муҳаббат пайдо қилишликдир. Улуғ китобларимизда ёзилишича, жумъа-мискинлар учун хаж савобига тенглаштирилган. Аллоҳу таъола Қуръони каримда айнан 62-суранинг номини Жумъа деб номлади. Бунда Жумъа намозининг ахкомлари баён қилинган. Аллоҳу таъола ушбу сурада марҳамат қиладики: “Эй иймон келтирганлар Жумъа кунида намозга нидо қилинган пайтда Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдо-сотиқни қўйинг, агар билсангиз бу ўзингиз учун яхшидир. (Жумъа сураси, 9-оят)
Жумъа куни ҳафта кунлари ичида энг фазилатли кун ҳисобланади. Шунинг учун Пайғамбар алайҳиссалом муборак ҳадисларида марҳамат қилганлар: “Қуёш чиқиб турадиган кунларнинг энг яхшиси жумъа кунидир. Чунки бу кунда Аллоҳу таъола бутун борлиқни яратди. Одам алайҳиссаломни яратди, жаннатга киргизди ва жаннатдан чиқарди, қиёмат куни ҳам жумъа куни қойим бўлади” деб марҳамат қилдилар. (Имом Муслим ривояти)
Уломаларимиз Жумъа намози фарз қилинишининг тўрт ҳикматини келтирадилар:
- Жумъа ўқишни ният қилиб жамоат бўлиб мусулмонлар бир-бирлари билан танишадилар, ораларидаги фарқлар йўқолади, юқори табақа паст табақалар билан, бойлар камбағаллар билан, оқ танлилар қора танлилар билан бир сафда туриб саждага бош қўядилар. Бу билан ҳаётга ўзаро тенглик тадбиқ қилинади.
- Мусулмонлар жумъа куни озода кийинишиб ҳушбўй атирлар сепган холда катаю-кичик барчани бир сафда туриб катта жамоат билан намоз ўқиши ислом динининг фазлини номоён қилишидир.
- Жумъа намозида имом домла хутба ваъз-насихат қилади, кишилар яхшиликка чақирилиб, ёмонликдан қайтарилади, умуман мусулмонларга керакли барча мавзулар баён қилинади.
- Мусулмонлар жамоат бўлиб хайр барокатлар тилаб дуолар қиладилар. Шунинг учун Аллоҳу таъола жумъа кунида дуолар қабул бўладиган соатни сир қилган, қайсики мусулмон бандани жумъа куни ихлос билан қилган дуоси ўша соатга тўғри келса шубхасиз қабул бўлади.
Азизлар, жумъа намозини бирон-бир мусулмон банда узрсиз, сабабсиз қолдириб қўйса жуда катта гуноҳ ҳисобланади.
Маълумки, коронавирус пандемияси чанг солиб турган бугунги шароитда вақтинчалик жумъа намози ўрнига уйда пешин намози адо қилиб турилибди. Бундан кўзланган мақсад халқимиз ҳаётини, соғлигини бу хавфли вабодан ҳимоя қилишдир.
Бу вабони тез кунларда бошимиздан кўтарилишини, яна жамъул-жам бўлиб, осойишлаликда жумъа намозларини масжидларда адо қилишимизни Аллоҳдан дуо қилиб сўраб қоламиз.
Абдулводитхон домла Усмонов
Чироқчи тумани “Ҳазрати Умар”
жомеъ масжиди имом ҳатиби