Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳаёти ва илмий фаолияти
Мутаассиб гуруҳларнинг салбий оқибатлари
(8-қисм)
Замонавий дунёда мутаассиблик тушунчаси ҳақида фикр юритар эканмиз, ушбу ҳодисанинг қуйидаги тавсифларини келтирамиз: бидъатларнинг фаҳм-фаросатдан, ирим-сиримларнинг эътиқодан, ҳиссиётга берилишнинг шахслараро мулоқотдан, кўр-кўрона бўйсунишнинг мустақил танқидий фикр юритишдан, гипноз йўли билан таъсирга берилишнинг билим ва ақлдан, тоқатсизликнинг сабр-тоқатдан устун келиши. Мутаассибликнинг бу каби жиҳатлари жамиятда кўп кузатилади. Бошқача айтганда, мутаассибона онгнинг асосий тавсифлари, бу - ақидапарастлик, тоқатсизлик, муроса қилмасликдир.
Экстремизм ва терроризм каби ҳодисаларнинг илдизлари узоқ тарихга бориб тақалса-да, улар ҳеч қачон ижтимоий барқарорлик ва тараққиёт учун бугунгидек таҳдид солмаган. Шундай экан унинг олдини олиш ва унга қарши курашиш инсониятнинг истиқболига дахлдор масалага айланди.
Албатта, мутаассиблик динни нотўғри тушунишдан пайдо бўладиган сифатдир. Кишининг бир фикрда туриб олиши ёки мутаассибона фикр юритиши ҳавойи-нафсга эргашиш ҳисобланади.
Асримизнинг кўзга кўринган уламоларидан Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий ўз асарларидан бирида мутаассиблик ҳақида қуйидаги фикрни билдиради: «Мен бу замонда баъзи шахс ва жамоаларнинг таассубидан ёки шаҳвату, ҳавойи-нафсидан келиб чиқадиган, ҳукмлари шаръий далиллар ҳукми билан бирлашмайдиган ва уларнинг ҳужжатига бўйсинмайдиган янгича ислом туғилаётганини мулоҳаза қилмоқдаман».
Шубҳасиз, динни ўзининг дунёқараши доирасида маҳкам тутиш, ундаги вожиб амалларни адо қилишда уларга эргашмаган кишиларни ёмон кўриш, улар билан низо чиқариш, тарқоқлик ва фитнага сабабчи бўлиш айни мутаасибликнинг ёрқин кўринишидир.
Ислом динимизнинг мужтаҳид уламолари Қуръон ва Сунна асосида қилган ижтиҳодларининг натижасини айтгандан кейин: «Менинг фикрим хатога эҳтимоли бор бўлган тўғри раъй (яъни, фикр). Мендан бошқанинг фикри эса, тўғрига эҳтимоли бор бўлган хато раъйдир», – деган сўзлари ривоят қилинган.
Хулоса қилиб айтганда, ислом дини мутаассибликнинг ҳар қандай кўринишини, ўз фикрида муросасиз бўлишни қаттиқ қоралаган. Зеро, Аллоҳ таоло Каломи шарифида марҳамат қилади: “Аллоҳ сизларга энгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди”[1]. Доимо бандаларига енгилликни хоҳлаш ва уларни оғир машаққатли таклиф остида қолдирмаслик – Ислом динининг асосий ва улкан қоидасидир. Ислом шариати осонликка бино қилинган. Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳам саҳобаларини Яманга юбораётиб “Башоратли сўзлар айтинглар, нафрат қўзғатадиганини айтманглар, енгиллаштиринглар, қийинлаштирманглар” – деганлар.
Қарши шаҳари “Қиличбек
Қўрғонча” масжиди имом хатиби
Райхонов Рамзиддиннинг
“МУҲАММАД САИД РАМАЗОН БУТИЙНИНГ ҲАЁТИ,
ИЛМИЙ ФАОЛИЯТИ ВА АСАРЛАРИДА МУТААССИБ
ОҚИМЛАРГА БЕРГАН РАДДИЯЛАРИ”
мавзусидаги МАЛАКАВИЙ ИШИДАН ОЛИНДИ
[1] Mansurov A. Qur’oni karim ma’nolari tarjimasi. Tarjima va izohlar muallifi (Baqara, 185)