БИР ҲАДИС ШАРҲИ (13-ҲАДИС)
Исломда биродарлик
Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини ривоят қилади: “Ўзингиз яхши кўрган нарсани биродарингизга раво кўрмагунингизча ҳеч бирингиз ”чинакам мўмин бўла олмайсиз” (Бухорий, Муслим, Термизий Настоий, Аҳмад ривоятлари).
“Ўзингиз яхши кўрган нарсани биродарингизга раво кўрмагунгизга ҳеч бирингиз чинакам мўмин бўла олмайсиз”. Бу ерда “биродар” сўзини умумий тушуниш керак. Бу сўз мўмин билан биргаликда кофирни ҳам ўз ичига олади. Мўмин киши ўз мўмин биродарининг Исломда давом этишини исташи билан бирга кофир биродарининг ҳам ўзига насиб қилган Исломга мушарраф бўлишини исташи лозим. Шунинг учун кофирнинг ҳидоятга эришиши учун дуо қилиш мустаҳаб, деб қабул қилинган.
Ҳадис ўзи яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмаган кишининг иймони комил бўлмаслигини билдиради. Муҳаббат мақсад хайр ва манфаат исташдир. Бу инсоннинг нафси бошқа кишига яхшилик қилинишини ёқтирмаслиги мумкин. Ана шу нафсига қарши бориб, ўзи истаган ўзига раво кўрган нарсани биродарига раво кўрмаса, ҳасадгўйлардан бўлиб қолиши мумкин. Ҳасад Имом Ғаззолийнинг айтишича, уч турли бўлади.
- Бошқага берилган неъматнинг ундан кетишини ва ўзида бўлишини исташ.
- Ўзидаги молнинг ёки унга бўлган севгисининг йўқолиши ҳисобига бўлса ҳам, бошқага берилган неъматнинг кетишини исташ. Бу биринчисидан ҳам ёмондир.
- Бошқага берилган неъматининг кетишини истамаса-да, унинг кўпайишини истаган ҳолда унинг ўзидан юқори даражага кўтарилишини ёқтирмаслик, ўзига тенг бўлишига рози бўлса ҳам, ошиб кетишини истамаслик. Бу эса ҳаромдир. Чунки Аллоҳ таолонинг тақсимоти норози бўлиш ҳисобланади.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“(Эй Мухаммад алайҳиссалом), Парвардигорингизнинг раҳмати (бўлмиш пайғамбарлик)ни ўшалар тақсимлайдиларми?! (Йўқ, асло ундоқ эмас!) Уларнинг хаёти дунёдаги маишат-тирикчиларини ҳам уларнинг ўрталарида Биз Ўзимиз тақсимлаганмиз ва баъзилари қўл остига олиб (ишлаишлари) учун (бировларини бой ёки куч-қувватли вилиб, бошқа бировларини эса камбағал ёки заиф-кучсиз қилиб) айримларини айримларидан баланд даража-мартабаларга кўтариб қўйганмиз. Парвардигоризнинг раҳмати – пайғамбарлик эса улар тўплайдиган нарса (мол-дунё)ларидан яхшироқдир” (Зухруф, 32).
Кимки қисматга рози бўлмаса, Аллоҳнинг тақсимоти ва ҳукмига қарши борган бўлади. Инсон нафсини ислоҳ қилиши, уни тақдирга рози бўлишига ўргатиши ҳамда нафсига хуш келмасада, душмани учун ҳам яхши дуода бўлиши керак.
Имом Муҳиддин Закариё ибн Шараф Нававий
Қирқ ҳадис китобидан.