1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ҚУРБОНЛИК ҲУКМЛАРИ (2-ҚИСМ)

24-07-2020, 12:24 805 Ўқиш режими + -


 
ҚУРБОНЛИК ҲУКМЛАРИ (2-қисм)

 
            Аллоҳ таолонинг бандаларига ато этган неъматлари чексиз ва беҳисобдир. Мазкур беадад неъматлардан бири эса ўз бандаларига савоб захираларини бойитиб олишлари учун тақдим этган ўзига хос эзгулик ва яхшилик мавсумларидир. Ҳақ таоло Ўзининг илми азалийсида инсон зотининг заифлиги, гуноҳлар чангалига тушиб қолишга мойиллигини билган, уларга гуноҳлари ўчирилиб, ажру савобларининг қат-қат орттириб берилишига сабаб бўладиган махсус мавсумлар инъом этди. Ана шундай эзгулик мавсумларидан бири зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунлиги ҳамда унда амалга ошириладиган қурбонлик амалидир. Қурбон ҳайити маъносини берувчи “ийду-л-азҳо” сўзи бежизга бундай номланмаган. Зеро, ҳаж амалларининг асоси бажариладиган бу кунлардаги энг асосий иш Аллоҳ таоло учун шукрона тарзида жонлиқ сўймоқдир. Шунинг учун ҳам бу байрам бизнинг тилда “қурбон ҳайити” деб аталади. 
Қурбонликнинг маъноси ва кимлар қилиши керак
            “Қурбонлик” арабча “узҳийя” сўзининг ўзбекча варианти ҳисобланади. “Узҳийя”нинг луғавий маъноси ҳақида “у – қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг номи”, дея таъриф берганлар. Қурбонликнинг шаръий моҳияти ҳақида эса уламолар бир-бирига яқин маънода кўплаб таърифлар берганлар. Жумладан, фиқҳий китобларда “(Қурбонлик) махсус жониворни махсус вақтда сўймоқ, у вақт эса азҳо кунидир”, “(қурбонлик) шаръан: махсус ҳайвонни махсус вақтда қурбат нияти билан сўймоқдир”, деган таърифлар келади.
            Қурбонлик иккинчи ҳижрий санада жорий бўлган. 
Ҳанафий мазҳабига кўра ҳожати аслиядан ташқари  моли нисоб (85 грамм тиллонинг ёки икки юз дирҳам кумуш миқдори (595 грамм)га етган, муқим (яъни сафарда бўлмаган), мусулмон одам учун қурбонлик қилиш вожиб ҳисобланади. Шу ўринда маълумот учун нисоб турлари ҳақида ҳам маълумот бериш мақсадга мувофиқ бўлади. 
Нисоб уч хил бўлади:
1. Ўсиш шарт қилинган нисоб ва у закотга тегишли бўлади;
2. Ўсиш шарт қилинмаган нисоб. Бу нисоб эгалари закот ололмайди. Шу билан бир қаторда закот бериш вожиб эмасбунга тўртта ҳукм тааллуқли бўлади.
Биринчиси, қурбонликни вожиб бўлиши;
Иккинчиси, садақотларни ҳаром бўлиши (берилиши фарз ва вожиб бўлган яъни закот ва садақаи фитрлар каби нафл ва ихтиёрий садақотлар бўлса олиш мумкин);
Учинчиси, садақаи фитрни вожиб бўлиши;
Тўртинчиси, яқин қариндошларининг нафақасини вожиб бўлиши (бунда қариндошларнинг камбағал, муҳтож бўлиб, касб қилишдан ожизликлари ёки аёл эканликлари эътиборга олинади).
3. Бу нисобга тиланчилик қилиш ҳаромлиги тегишли бўлади. Бунинг миқдори эса, бир кунлик озиқ овқат билан белгиланади. Баъзи уламолар эллик дирҳам билан белгиланади деганлар.
Нисобдаги ўсиш ва ўсмасликнинг фарқи
Биринчи, ўсувчи нисоб бунда накд пул бирликлари, тилло ва кумушлар (тақинчоқлар бўлса ҳам), тижорат моллари, ҳаттоки, қарзга берилган моллар (қайтарилиши умид қилинса), бир йилни айланиши (агар йил асносида нисобдан камайиб кетган бўлса ҳам). Бунда йилнинг боши ва охири эътиборга олинади.
Ўсмайдиган нисоб – ҳожати аслийдан ташқари, ортиқча маблағ ва ашёлардир. Бунда ўсувчи нисобда келтирилган шартларниг бирортаси бўлиши шарт эмас. Буни билиш учун ҳожати аслияни нималардан иборат эканини аниқлаштириб олайлик. “Жомиъур румуз” китобида ҳожати аслия: “Кишининг устидаги бир сидра либоси, уйдаги доимий истеъмолдаги жиҳозлари ва яшаб турган маскани, миниб турган маркаби ва қарзлари ва унинг қарамоғида бўлганларниг эҳтиёжи эътиборга олинади”. дейилади. “Ҳидоя”, “Раддул Мухтор ала Дуррил Мухтор” ва бошқа китобларда ҳам худди шундай келтирилган. Янада тушунарли бўлиши учун қуйидагича изоҳлайдилар: Масалан, кишиниг бир сидра либосидан ташкари ортиқча кийимлари, доимий истеъмолдагидан ташқари баъзи бир муносабатлар билан ишлатиладиган уй жиҳозлари ва ўзи, бола-чақаси ва меҳмонлар учун мўлжалланган хоналардан ташқари бошқа хоналарининг қийматлари чиқарилади. Агар ушбу қиймат нисоб микдори (85 грамм тиллонинг нисоби)га етса юқоридаги тўрт аҳком шунга тааллуқли бўлади.
Шаръан ҳур ва мусулмон бўлган киши юқорида айтилинган нисобга эга бўлса, унинг эркак ва аёллиги, катта ёки кичик бола эканлиги эътиборга олинмайди. Балки мазкур кишиларнинг ҳар бири ўзининг шахсий мулкига эга бўлиш ҳуқуқига эгадирлар. Ушбудан келиб чиқиб бугунги кунда эрининг мулкидан ташқари ўзининг шахсий мулки юқоридаги миқдорга етадиган аёл кишиларнинг ҳам ўзларининг номидан алоҳида қурбонлик қилишлари шарт бўлади. 
Қурбонлик қандай ҳайвонлардан қилинади?
            Қурбонлик учун чорва ҳайвонлари сўйилади. Улар: туя, сигир ва қўй ва эчкидир. Бунда уларнинг эркак ва урғочи жинслари тушунилади. Қўй деганда эчкилар ҳам назарда тутилади. Демак, туя, сигир, қўй ва эчкилар қурбонликка яроқли ҳайвонлар ҳисобланади. Қурбонлик қилинувчи ҳайвоннинг шаръан эътиборли бўлган ёшга кирган бўлиши шартдир. Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Фақат мусиннани сўйинглар. Илло, агар бу иш сизларга қийин келса, қўйдан жазаъ бўлганини сўйсангиз ҳам бўлаверади”.  “Мусинна” деб туя, мол, қўй ва эчкилардан “саний” ёшига тўлганларига айтилади. 
     Юқоридаги ҳадисга биноан, туя, сигир ва эчкидан фақат “саний” ва ундан юқори ёшда бўлганларигина қурбонликка яроқли ҳисобланади. Қўйдан эса “жазаъ” ва ундан юқориси қурбонликка ўтади. Демак, туянинг “саний”си деб туғилганига беш йил тўлгани айтилади. Сигир ва буқанинг “саний”си эса туғилганига икки йил тўлгани бўлади. Қўй ва эчки эса бир йилда “саний” бўлади. Қўйдан “жазаъ” бўлгани туғилганига олти ой тўлиб, еттинчи ой кетганидир. Шунга кўра, туя (қамарий йил бўйича) беш ёшга кирган бўлиши, сигир ва буқалар икки ёшга тўлган бўлиши, эчки бир ёшга кирган бўлиши,  қўй эса камида олти ойлик бўлиб, жуссада бир ёшлик қўйга мос келиши талаб этилади. 
            Жонлиқ қурбонликнинг дуруст бўлишига монеълик қилувчи айблардан саломат бўлиши керак. Модомики, қурбонлик Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилиш мақсадида амалга ошириладиган иш деб эътибор қилинар экан, бу иш учун энг яхши, энг сара, семиз, соғлом ва айбу нуқсонлардан холи бўлган жониворни танлаб олиш мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, қурбонлик учун сўйиладиган жонивор албатта ҳалолу покиза молдан бўлиши керак. Зеро, Аллоҳ таоло хуш ва покизадир, фақат хуш ва покиза нарсаларнигина қабул қилгай. 
    Баро ибн Озиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Тўрт хил жонивор қурбонликка ярамайди: 
1. Шапкўрлиги билиниб турган даражадаги шапкўр жонивор. 
2. Касаллиги билиниб турадиган даражадаги касал жонивор. 
3. Оқсоқлиги билиниб турадиган даражадаги оқсоқ жонивор. 
4. Оёқда туролмайдиган, оёқ суякларида илиги бўлмаган даражада озиб кетган” жониворни қурбонлик қилиб бўлмайди. Бундай жонивор ниҳоятда мадорсиз бўлади.
Юқоридаги ҳадисга биноан ва қиёсан уламолар қуйидаги сифатга эга бўлган жониворларнинг ҳам қурбонликка ярамаслигини айтадилар.
 1 Бир оёғи кесилган жонивор.
2. Қулоғининг ҳаммаси ёки учдан биридан кўпроғи кесилган жонивор.
3. Шохи кесиб ёки суғуриб олинган жонивор. Аммо ўзи шохсиз туғилган бўлса, қурбонликка ярайди.
4. Бурни кесиб олинган жонивор.
5. Думи кесиб ташланган жонивор. Аммо ўзи думсиз яратилган бўлса, уни қурбонлик қилиш жоиз, гарчи айрим уламолар буни ножоиз санаган бўлсалар ҳам.
6. Думбаси кесиб олинган жонивор.
             Қурбонликка айланабош, шохсиз, бичилган ва қўтир ҳайвонларни сўйса бўлади. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, қурбонликка сўйиладиган жонивор ўзига озор етказадиган, семириб ёғ бойлашига монеълик қиладиган ва баҳосини туширадиган барча айб-нуқсон ва касалликлардан холи бўлиши керак. Салафи солиҳлардан нақл қилинганки, улар қурбонликка сўйиладиган жониворнинг ҳар қандай каттаю-кичик айблардан холи бўлганини танлар эдилар. Агар жониворда биронта арзимас айб топилса ҳам, уни қурбонлик қилишни кариҳ кўрардилар.
Туя ва сигирни қурбонлик қилишда бир кишидан етти кишигача иштирок этиши жоиз. Яъни, масалан,  бир кишидан етти кишигача бўлганлар тенг пул ташлаб туя ёки сигир сотиб олишади ва уни ўз номларидан сўйишади. Шунда ҳаммалари қурбонлик қилган бўладилар.  Шерикликда эътибор қаратиш зарур бўлган нарса шуки, шерикларнинг барчаси қурбонлик ниятида қўшилган бўлишлари керак, бирортаси шунчаки гўштли бўлиш мақсадида шерик бўлса қолганларнинг ҳам қурбонлиги ўтмайди.
Қурбонликнинг сўйилиш вақти
Қурбонлик сўйишнинг биринчи вақти ҳайит намози билан хутба ўқилгандан сўнг бошланади ва ҳайитнинг учинчи куни қуёш ботганда тугайди. Имом Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) наздида қурбонлик вақти ҳайит намози ўқилмайдиган чекка ва қишлоқ жойлар аҳолиси учун қуёш чиққандан кейин киради. (Яъни, улар бомдоддан сўнг бир муддат ўтиб, қуёш чиққандан кейин сўяверсалар бўлади). Аммо, ҳайит намози ўқиладиган шаҳар жойларда эса ҳайит намози ва хутбаси ўқилгандан кейингина қурбонлик вақти киради. Унгача сўйилган жонлиқ қурбонликка ўтмайди. Бугунги кунда қурбон ҳайити байрами кучайтирилган карантин шароитига тўғри келаётганлиги боис юртимизнинг бирор жойида Қурбон ҳайити намози ўқилмайди ва барча жойларда қурбон ҳайити куни қуёш чиққандан кейин қурбонликларни сўйиш жоиз бўлади.
Қурбон ҳайити куни қуёш чиққандан сўнг қурбонликни сўйишдан олдин ёки кейин тўрт ракаат нафл - Зуҳо намозини алоҳида алоҳида бўлиб ўқиб олинса Қурбон ҳайити намозига ўринбосар бўлади. Ўқилмай қолса ҳам зарари бўлмайди.
Қурбонлик гўштининг тақсимоти
Инсон ўзи амалга оширган қурбонлигидан ейиши жоиз. Ҳанафий (шунингдек ҳанбалий) мазҳаби уламоларнинг сўзларига кўра, қурбонликнинг гўшти уч қисмга бўлинади. Учдан биридан унинг соҳиби хонадон аҳли билан ейди, яна учдан бирини фақир-мискинларга садақа сифатида улашади, қолган учдан бирини эса қариндош-уруғ, ёр-биродарларга ҳадя қилади. Бироқ, агар қурбонлик эгаси қурбонликнинг учдан биридан кўпроқ миқдорда истеъмол қилса, бу ҳам жоиздир. Агар қурбонлик қилувчи одамнинг болачақаси кўп, ўзи эса қўли калтароқ бўлса, оила аъзоларига кенгчилик юзасидан уни садақа қилмаслик, балки уйида қолдириши ҳам мумкин бўлади. 
Қурбонлик тоат бўлганлиги учун уни инсоннинг ўзи сўймоғи афзал ҳисобланади. Лекин, бу иш қўлидан келмаса, бировни ўзидан вакил қилиб, сўйдириши мумкин. Бу ҳолатда ҳеч бўлмаганда ўша қурбонлиги сўйилаётган маҳалда унинг тепасида туриб, гувоҳ бўлиши мақсадга мувофиқдир. Бугунги карантин шароитида хавфсизлик нуқтаи назаридан вакили орқали сўйдириши ҳам мақсадга мувофиқ бўлади.
            Аллоҳ таоло қилаётган қурбонликларимизни даргоҳида бериё, бенуқсон  мақбул айласин!
 

М. Қораев  
 
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 
Қашқадарё вилоятидаги вакили ўринбосари