МУҚАДДАС ОИЛА (40-ҚИСМ)
ҲАСАД ВА УНИНГ САБАБЛАРИ (3-ҚИСМ)
«Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда камтарона юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганида “Саломатлик бўлсин!” деб жавоб қиладиган кишилардир» (Фурқон, 63).
«Улар (мазкур тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-садақа қиладиган, ғазабларини юта
диган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар» (Оли Имрон, 134).
Ёмон ғазабнинг кўриниши инсонга, унинг ақлига салбий таъсир кўрсатиб, жамият аҳиллигига ва бирдамлигига путур етказади. Ота-оналар, мураббийлар фарзанднинг илк болалик вақтидан то ўсмирлик ва балоғат ёшига етгунича бунга аҳамият беришлари керак. Боладаги ғазабни даволашнинг яхши йўли уни бу иллат сабабларидан йироқ қилиб, ўзида гўзал хулқ ва яхши одатлар пайдо қилишига шароит яратишдир. “Олдини олувчи бир дирҳам даволовчи кўп дирҳамдан яхши”, деган донолар. Агар ғазабнинг сабаби очлик бўлса, мураббий болани ўз вақтида овқатлантиришга ҳаракат қилмоғи шарт. Чунки овқатни кечиктириш жисмоний ва руҳий касалликларга олиб боради. Қанчалаб мураббийлар қарамоғидаги болани вақтида тўйдирмай, гуноҳкор бўлишади. Агар ғазабнинг сабаби касаллик бўлса, мураббий боланинг тиббий муолажаси тўғрисида жон куйдириб, унинг соғлигини тиклаш чораларини кўриши лозим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўрсатмаларига мурожаат қилайлик. Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривоят қилади: “Ҳар бир даврнинг давоси бор, агар даво етса, азиз ва улуғ Аллоҳ изни билан тузалар”. Агар ғазабнинг сабаблари боланинг ҳақоратланиши ва хорланиши бўлса, мураббий тилини оғир ботадиган сўзлардан тиймоғи лозим, токи болада руҳий касаллик ва ғазаб ўрнашиб қолмасин. Шубҳасиз, бундай йўл тутиш гўзал тарбия ва яхшиликка ёрдамлашишдир. Ибн Можа ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фарзандларингизга чиройли одоб беринг”, дедилар. Ибн Ҳиббон ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фарзанднинг яхши бўлишига ёрдам кўрсатган отага Аллоҳ раҳм қилсин”, дедилар. Агар бола ғазабининг сабаби ота-онага тақлид бўлса, ҳалимликда ва ғазабни ютишда, бардошлиликда ота-она фарзандга тўғри ўрнак бўлиши лозим. Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзига мувофиқ: «...ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар» (Оли Имрон, 134). Юқорида айтиб ўтилганидек, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) насиҳатларига мувофиқ: “...лекин ғазабланган вақтида ўзини тута олган паҳлавондир”. Агар ғазабнинг сабаби фарзанд ҳузурида исрофгарчилик қилиш ва ҳаддан зиёд эркалаш бўлса, мураббийлар фарзандларга муҳаббатда тенг бўлишлари ва меҳрибонликда, нафақада ўртача бўлишлари керак. Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) айтганларига мувофиқ: “Яхши кўрганингни ўртача яхши кўр, бир кун ёмон кўрганингга айланиши; ёмон кўрганингни ҳам ўртача ёмон кўр, бир куни яхши кўрганингга айланиши мумкин”. Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эрка қилиб ўстиришдан сақланинглар, чунки Аллоҳнинг бандалари эрка қилиб ўстирувчи эмас”, деб огоҳлантирганлар. Агар бола ғазабининг сабаблари ҳазил-мазах ва лақаб тақиш сингари ярамас одатлар бўлса, мураббийлар бундай сабаблардан сақлансинлар, фарзандда ғазаб туйғуси илдиз отмаслиги жуда муҳим. Ёмон гумон қилиш, жосуслик, лақаб билан чақиришдан қайтаришда Қуръони карим энг улуғ тарбиячидир. Ҳужурот сурасида бундай дейилади: Эй мўминлар! Сизлардан (бирор миллат) бошқа (бир миллатни масхара қилмасин !Эҳтимолки) ,масхара қилинган миллат (улардан яхшироқ бўлса .Яна) сизлардан (аёллар ҳам) бошқа (аёлларни) масхара қилмасин! (Эҳтимолки), масхара қилинган аёллар улардан яхшироқ бўлса. Ўзларингизни бир-бирларингизни (мазах қилмангиз ва бир-бирларингизни лақаблар билан атамангиз! Имондан кейин фосиқлик номи нақадар ёмондир! Кимки тавба қилмаса, бас, айнан ўшалар гуноҳ ишлар билан ўзларига нисбатан (зулм қилувчилардир). Фарзандга Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам гўзал ахлоқларидан таълим бериш ундаги ғазабни даволашда энг яхши таъсир қиладиган доридир. Ғазабни босишда қуйидагилар тавсия этилади: Ғазаб келганида ҳолатни ўзгартириш. Имом Аҳмад ва бошқалар ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Биронтангиз ғазаблансангиз ,тик турган бўлса, ўтирсин, агар ундан ғазаб кетмаса, ётиб олсин,” дедилар. Ғазаб келганида таҳорат олиш. Имом Абу Довуд ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ғазаб шайтондан, шайтон оловдан яратилган. Албатта, сув оловни ўчиради. Агар бирортангиз ғазаб қилса, бас, таҳорат олсин,” дедилар. Ғазаб келганида сукут сақлаш. Имом Аҳмад ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Бирортангиз ғазабланса ,бас ,сукут сақласин,” дедилар. “Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожим” таъаввузни айтиш. “Саҳиҳи Муслим” китобида келтирилади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларида икки киши ўзаро ҳақоратлашиб қолди. Бирининг юзлари қизариб, ғазаб билан соҳибини ҳақорат қилди. Шунда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) «Мен бир сўзни биламан, агар уни – “аъузубиллаҳи минаш шайтонир рожим”ни айтса, ғазаби кетади», дедилар. Шундай экан, ота-оналар, мураббийлар фарзандларга ва шогирдларга Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ғазабни кетказиш ва енгиллатиш борасидаги шу васиятларига кўра одоб беришлари лозим, токи улар тезда ҳалимлик, бардошлилик касб этсинлар, ғазабланганида ўзини тутишга одатлансинлар. Мураббийлар ғазабланган кишининг кўзлари чақчайиб, қон томирлари шишиб, ҳунук қиёфага кириши ва овози баланд кўтарилишини тасвирлаш билан фарзандларга ғазабнинг ёқимсизлигини, жирканчлигини билдиришлари зарур. Шунингдек, болаларни ғазабнинг офатлари, хатарлари ва жирканч оқибатларидан ҳам огоҳ этиш керак. Ғазабнинг кўринишларидан огоҳ этиш ва ёмонлигини тушунтириш жамият тарбияси ва нафс муолажаси учун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўрсатган йўлдир. Имом Аҳмад Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилади. У зот: “Огоҳ бўлинг, албатта, ғазаб одам фарзанди қалбида ёнадиган чўғдир, унинг қон томири шишганига ва кўзлари қизарганига қарамайсизми? Ким шуларнинг бирини (ўзида) сезса, бас, ерга (ўтирсин)”, дедилар. Хулоса қилиб айтсак, ота-она, мураббийлар фарзандларини ёшлигиданоқ ғазабнинг турли сабабларидан узоқлаштириб, уни даволаш ва тинчлантиришда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) йўлларини тутсалар, шубҳасиз, фарзандлар ҳалим, бардошли, нафсини тиядиган бўлиб улғаядилар. Ота-она, тарбиячилар болаларни уятчанлик, қўрқув, онгсизлик, ҳасад ва ғазабдан қутқарсалар, уларнинг нафсларида собитлик, журъатлилик, шижоат, пешқадамлик ва бардошлилик уруғини эккан бўладилар. Бундай тозалаш ва безатиш болаларни келажакка муносиб кишилар қилиб тайёрлайди. Уларда ҳаётга ишонч, ғайрат, пок ва олийжаноб хулқларни пайдо қилади. Хуллас, нафсни тарбиялаш ва тўғрилашда мураббийлар Ислом йўлини, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўрсатмаларини билишлари, зиммаларидаги масъулиятни адо қилишлари керак.
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий
Шайх Усмонхон Алимов нинг
“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан