“Ис чиқариш” борасида динимизнинг муносабати
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Аллоҳ таолога ҳамд ва санолар Муҳаммад алайҳиссаломга саловатлар бўлсин!
Вилоятимизнинг баъзи минтақаларида Қурбон ҳайитидан бир кун олдин Арафа куни айрим кишилар “ўлик иси” деган мўжазгина бир маросимни қилиб юборишади. Унда бўғирсок ва шунга ўхшаш нарсалардан пиширишиб қўни-қўшниларга ҳам тортиқ қилишади. Бу ишни “бўғирсоқ қовурилганда ундан чиқадиган ёғнинг ҳиди ўлганларнинг руҳига бориб етади” деган тушунча билан амалга оширилади. Шу тушунчадан келиб чиқиб бу маросим “ўлик иси” деган атамани олган. Ҳайит куни эса тирикларга бўғирсоқ ҳиди етиб боради, деган тушунчада шу ишни такрор қилишади. Ана шу моҳиятдан келиб чиқиб бу маросим “тирик иси” деган атамани олган.
Бу ишлар гуноҳ билан савоб қориштирилган амал бўлиб қолган. Гуноҳ томонига келсак, Арафа куни бўғирсоқни пиширишда ундан чиқадиган ҳид “ўликларга етиб боради” деган тушунча ақийдавий хато тушунча бўлиб, унда бирор асос йўқ. Чунки, динимиз таълимоти бўйича марҳумлар олами бизнинг хиссий оламимиздан тубдан фақр қилади. Руҳлар ҳақидаги хабарлар ғайб илмига оид бўлгани учун у ақийдавий масала ҳисобланади ва бу масалада хато тушунчалар жиддий адашишларга олиб келиши мумкин.
Иккинчи жиҳатидан қарайдиган бўлсак, бирор садақа қилиб, унинг савобини ўтиб кетган ота-онасининг руҳига бағишлаб қўйса савоби етиб бориши Исломда бор. Юқоридаги нотўғри эътиқодни қилмасдан, Аллоҳ йўлида эҳсон деб, уни савобини ўтиб кетган яқин мусулмон қариндошининг руҳига бағишлаб қўйиши хайрли ишлардан ҳисобланади.Лекин пиширилган нарсанинг иси(ҳиди) етиб бориши ҳақидаги тушунча ҳақиқатдан анча йироқ бўлиб, саводсиз оми кишилар томонидан ўйлаб топилган бидъат-хурофот тушунчадир.
Энди ҳайит кунидаги пиширилган бўғирсоқларини “тирик ис” демасдан, уни эҳсон деб атаб муҳтож оилаларга бериш мақсадга мувофиқдир. Эҳсон қилишда айни бўғирсоқни тайин қилиниши шарт эмас.
Nasafziyo.uz таҳририяти