Cавол: Расулллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга осмон устида бўлган Зот ишониб турса-ю, сизлар менга ишонмайсизларми?!” деган эканлар. Шу ҳадисга асосланиб Аллоҳ осмонда дейишмоқда. Шу тўғрими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига кўра Аллоҳ таоло осмонда дейиш ёки бирор жойда ўрнашган деб эътиқод қилиш мутлақо жоиз эмас. Сиз зикр қилган мазмундаги ривоят “Саҳиҳи Муслим” китобида келтирган ҳадиснинг бир қисмидир. Унда келтирилишича Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
أَلَا تَأْمَنُونِي وَأَنَا أَمِينُ مَنْ فِي السَّمَاءِ
яъни: “Мен осмондаги зот(лар)нинг ишончли кишиси бўлса-му, сизлар менга ишонмайсизларми?!”.يحتمل أن يراد بمن في السماء: الملائكة، فإنه أمين عندهم، معروف بالأمانة، أو السماء بمعنى العلو والرفعة المعنوية، وهكذا القول في قوله تعالى: «ءامنتم من في السماء»، وقد تقدم أن التسليم في المشكلات أسلم هـ
яъни: “Ушбу ҳадисдаги “осмондаги зот”дан фаришталар назарда тутилган бўлиши мумкин. Зеро, Пайғамбаримиз алайҳиссалом фаришталар ҳузурида ҳам омонатдор ва ишончли киши ҳисобланадилар. Ёхуд “само”дан маънавий олийлик ва шаъни улуғлик назарда тутилган. Бу худди Аллоҳ таолонинг “Осмондаги зотдан омондамисиз”, оятида бўлгани каби шаъни олийлик тушунилади. Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, бу каби оят ва ҳадислардаги мушкил (муташобиҳ, иштибоҳли) масалаларда асл мурод нима эканини Аллоҳ таолонинг Ўзига топшириш асламроқдир”.