1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МЕҲР-МУҲАББАТ УМРНИ УЗАЙТИРАДИ

29-08-2020, 23:56 709 Ўқиш режими + -


МЕҲР-МУҲАББАТ УМРНИ УЗАЙТИРАДИ

 

Инсонлар табиатидаги меҳр-муҳаббатни Аллоҳ таоло томонидан жорий қилингандир. Бу ҳақда “ Қуръони карим”да: “ Ва сизлар таскин топишларинг учун бир жондан жуфт яратганлиги, сизлар орангизда муҳаббат ва меҳр пайдо қилиб қўйганлиги  У( яратганнинг) оятларидандир” дейилади. ( Рум сураси, 21-оят).

 Одам Ато жаннатда зерикиб қолганларида, у киши таскин топишлари учун Аллоҳ таоло Момо Ҳавони яратиб берди. Одам Ато ва Момо Ҳаволар орасида меҳр-муҳаббат пайдо қилди. 

 Меҳр-муҳаббат нима?

Севги, дўстлик ва лаззатли туюлган бир нарсага кўнгил мойиллиги меҳр-муҳаббат дейилади. Инсонлар маънавий ва моддий жиҳатдан чиройли ва лаззатли деб билган нарсаларга нисбатан қалбларида бир майл сезадилар. Бу майл ўрта меъёрда бўлса, “ муҳаббат”,  ундан ҳам кучлироқ бўлса “ ишқ “ дейилади. Инсонлар ёқтирмаган нарсаларига нисбатан эса нафрат сезадилар. Ўртача бўлса нафрат, ундан ҳам кучли бўлса,   ғазаб дейилади.  

Муҳаббат, севги деганда фақат инсоннинг инсонга бўлган муҳаббатини тушунмаслик керак. Донишмандларнинг айтишларича, яхши кўриш, яъни севги уч хил бўлади. Биринчиси инсоннинг ўз-ўзини яхши кўриши бўлса, иккинчиси инсоннинг бошқа бир инсонни яхши кўришидир. Учинчиси эса инсоннинг  яратувчи, Аллоҳ таолога нисбатан бўлган севгисидир.  

Ҳазрати Алишер Навоий “ Маҳбубул-қулуб” асарида: “ Ишқ-порлоқ юлдуздир, башарият кўзининг нуру зиёси шундан; ишқ-товланиб турувчи гавҳардир-инсоният тожининг зийнати ва баҳоси шундан. Ишқ- толеъ қуёшидир. Қайғули диллар тиканзори ундан гулшан; ишқ балқиб турган тўлин ойдир. Қоронғу кўнгиллар кечаси ундан равшан. Ишқ-кенг денгиздир, ҳар тўлқини юз ақлу ҳуш кемасини ғарқ қилади; у баланд тоғдир. Ҳар чўққисининг ўткир қирраси минг зуҳд-тақво эгасининг бошини учиради. Ишқ-куйдирувчи  шуъладир. Кўпгина жон ва кўнгилларни хашакдек ёқади;   у алангали чақмоқдир, кўпгина жону дилларни ёлқини билан кул қилади. Ишқ-аждаҳодир. Оламни дамига тортмоқ унинг тилаги; у қаҳрли подшодир, олам аҳлини ёппасига қирмоқ унинг мақсади; у ҳар қанча қон тўккани билан зерикмайди; у қанча одамни қон қилса ҳам қониқмайди. Ишқ-яшиндир, ақлу дин хирмонини куйдиради; у бўрондир, куйганларнинг кулини кўкка совуради. Ишқ-шунчалар қайсарки,  унинг олдида подшоҳ ҳам, гадо ҳам тенг; у шундай зулмкорки, унинг қошида ифлос-фосиқ ҳам, покдил ошиқ ҳам бир. Ошиқ кўнглига маъшуқ ҳавасини солувчи ҳам ишқ; бир жилваси билан киши жонини олувчи ҳам ишқ. Ошиқ-ишқ балосига гирифтор; унинг куйдирувчи офатига дучор. Ишқ тўфонида ғарқ бўлган ошиқ. Шундай яшиннинг чақмоғидан ўртанган-ошиқ, шундай фитначининг мафтуни ва шундай қотилнинг аврашига берилган; ошиқ-шундай қон тўкувчининг қўлида ҳалок бўлувчи ва шундай бало қўзғатувчи йўлида дард тортувчидир... Ишқ уч қисмга бўлинади: биринчи қисм-оддий одамлар ишқи бўлиб; халқ орасида машҳур ва кенг тарқалгандир. Айтадиларки, “ фалон одам фалончига ошиқ бўлибди”. Бу хилдаги одамлар кимгадир ошиқ бўлиб, изтироб чекиб, шунинг хаёли билан юрадилар. Бу ишқ жисмоний лаззат ва шаҳвоний нафс билан чегараланадики, олий мартабаси-шаръий никоҳдир.  Никоҳ-барча халқлар учун умумий ва зарурийдир. Қуйироқ мартабасида жанжал, ташвишлар, кўнгилсизлик ва шармандаликлар кўринадики, бу ҳақда сўзлаш-одобсизлик, баён этиш-ҳаёсизликдир. Иккинчи қисм-алоҳида фазилат эгаларига хос ишқ бўлиб, бу хос ишққа мансуб шахслар пок кўзни пок ният билан пок юзга соладилар ва пок кўнгил у пок юзнинг шавқи-завқи билан беқарор бўлади. Ва бу пок юз воситаси билан пок ошиқ ҳақиқий маҳбубнинг жамолидан баҳра олади. ...Учинчи қисм-сиддиқлар-ҳақгўйлар ишқи бўлиб, улар ҳақнинг жамолини очиқ кўриш умиди билан яшайдилар ва шунинг билан матлубдирлар” деб ёзадилар. 

 Меҳр-муҳаббат инсонларга берилган илоҳий неъмат. Меҳри-муҳаббат инсоннинг умрини узайтирадиган доридир.  Табибларнинг айтишича,  севги инсон организмига  фаол таъсир қилиб,  ҳужайраларида модда алмашувини яхшилайди.  Севгига эга одам ҳар қандай касалликларга чалинавермайди. Севги инсонни касалга тез чалинмаслигини олдини олади.  Севги туфайли инсонга дард етса, тезда тузалиб етади.  Муҳаббат инсонни гўзаллаштиради, унинг феълини  яхшилайди. Муҳаббат туфайли инсонга кўрк киради.   Севги туфайли инсон сирли бўлади. 

Энг олий муҳаббат кишининг Аллоҳга бўлган муҳаббатидир. Юқорида зикр қилинган муҳаббат айни ана шу муҳаббатдир. Киши Аллоҳга муҳаббат қўйиши муқобилида Аллоҳнинг ҳам унга муҳаббат қўйиши бахтига муяссар бўлиши керак. Буни қандай    амалга ошириш кераклигини Аллоҳ таоло каломи шарифида шундай хабар беради: “Айтинг (Эй Муҳаммад)Агар сизлар Аллоҳни севадиган бўлсангиз менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади...” (Оли Имрон 31 оят) Демак, Расулуллоҳга эргашиш Аллоҳнинг бандасига бўлган муҳаббатнинг нишонаси экан.

Муҳаббат  инсонни ўзгартиради.  Инсон севги туфайли ўзини кашф қилади. Севгисиз одам ўзини йўқотиб қўйиб тополмаётган одамдир.  Севги туфайли инсонинг умрига умр қўшилади, инсон умрини мазмуни бўлади. Меҳри-муҳаббатсиз   одамнинг умрини мазмуни йўқ. Севгиз одам мазмуни йўқ китобга ўхшайди.  Меҳри-муҳаббатсиз сиз ҳаёт умрни қисқартиради.

Меҳри-муҳаббат инсоннинг кайфиятига таъсир қилади. Меҳри-муҳаббати бор одамнинг кайфияти чоғ бўлади.  Кайфияти яхши одамнинг соғлиги ҳам яхшиланади. Меҳри-муҳаббати бор одамнинг кайфияти ва ундаги қон айланиши яхшиланади. Кайфият ва   қон айланиш яхши бўлган инсонинг чеҳраси ҳам гўзал бўлади. Ҳозирги пайтда инсонларнинг кўп касалликлари уларнинг асабини яхши эмаслигидан келиб чиқади.

Меҳри-муҳаббатсиз ҳаёт ваҳшийёна ҳаётдир.  Инсонда меҳр-муҳаббат бўлмаса, унда тушкунлик юзага келади, асаби ва кайфияти яхши бўлмайди. Инсониятнинг  фожиаси меҳр-муҳаббатсизлик билан боғлиқ.  Меҳр-муҳаббат бўлмаса инсонларнинг муносабати самимий бўлмайди. Меҳр-муҳаббатсиз оиладан ташкил топган жамият ҳам тарқоқдир.                                                          

Хулоса қилиб айтганда, меҳр-муҳаббат умрни узайтириб инсоннинг бахтли бўлишини таъминлайди.  

Р. Акбаров, 

ЎМИ нингҚашқадарё вилоят вакиллиги ходими