
ИБЛИС ВА ТАЛОҚ
ёхуд ажримларнинг ғоибона сабаби
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Икки ёшга никоҳ ўқитилаётган вақтда бир-бирининг розилиги сўралиб, Аллоҳнинг номи ва Пайғамбар алайҳис саломнинг суннати ила эзгу ният ва мақсадлар билан никоҳ ўқилади. Лекин, орадан бир йил ўтар-ўтмай кўп оилаларда ажралиш бўлади. Турли мажлис ва йиғинларда бунга жуда кўп сабаблар келтирилиб ўтилади. Қуйида биз сизларга Расулуллоҳ салоллоҳу алайҳи васаллам хабар берган ажралишларга олиб борувчи асл бош сабабни келтириб ўтамиз.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Иблис ўз аршини(яъни, тахтини) сув устига(яъни денгиз-у уммонларга) қўяди. Сўнгра ўз лашкарларини(яъни шайтонваччаларни одамларни ҳақ йўлдан оздириш, ораларида фитна солиш мақсадидада ҳар куни улар қошига) жўнатади. Иблисга манзил мартаба жиҳатдан (шайтонларнинг) энг яқини фитнани ҳамда одамларни адаштиришни йирикроғини қиладиганидир. Шайтонваччалар(ҳисобот топшириш учун) Иблисга келиб: “Мен фалон ва фалон ишларни қилдим” дейди. (Яъни, кимнидир ширкка, куфрга, тарки намозга ва бошқа катта кичик гуноҳларни қилишга ундаган бўлади). Шунда Иблис: “Ҳеч нарса қилмабсан” – дейди.(Яъни, шайтонларнинг одамларни турли йўллар билан адаштиришларини Иблис кам санайди) Сўнгра яна бир шайтон келиб Иблисга: “Мен бир эр хотинлар орасига тушиб, уларнинг орасини ажратмагунимча уларни тинч қўймадим” дейди. (Яъни, эр-хотинни бир-бирига гиж-гижлатиб, ораларидаги меҳр-муҳаббатни кетказиб, бир-бирларидан совутиб, эрни талоқ айтишгача олиб келдим.) Шунда Иблис: “Сен (шайтонларнинг) энг яхшисисан” – дейди. (Яъни, эр-хотинни орасини совутиб, талоқ айттиришдек энг катта ёмонликни сен қилдинг, деб уни ўзининг яқинига қўяди.)
Имом Муслим ривояти
Агар шайтон эр-хотинни армизас нарсалар устидан иғво солиб талоқ қўйдириб ажратса, болалар ота меҳри ва тарбиясидан маҳрум бўлади ва кўпинча бебош бўлиб вояга етади. Эр аламидан ичкилик ва зиноларга берилади, хотин киши ҳам аламидан йўлдан чиқади.
Шунинг учун эр-хотин ораларида низо чиқаётган пайтда қалбларига иблиснинг лашкари васваса солаётганини билиб, “Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм” деган ҳолда чап елкасига туфлаб Аллоҳдан паноҳ сўраши лозим бўлади.
Рустам Қиличев
ЎМИ Қашқадарё вилояти
вакиллиги ходими