ҚУРЪОНИ КАРИМДА ОХИРАТ ТАЛҚИНИ
(3 -қисм)
Мусулмон одам қиёмат куни дунёдан ўтган ҳамма одамлар ўз жасадларига қайта эга бўлиб қайта тирилишига, жазм билан эътиқод қилмоғи керак. Зинҳор ва зинҳор одам ўлиб жасади туроққа қоришиб, ўтда куйиб ёки ҳайвонларга ем бўлиб кетгандан кейин қандоқ қилиб тирилар экан деган хаёлга бормаслиги лозим.
«Ва, албатта, соат (қиёмат) келгувчидир, бунга шубҳа йўқ. Ва, албатта, Аллоҳ қабрлардаги кимсаларни тирилтирур» (Хаж сураси:7-оят).
Каломи шарифда зикр қилинган ҳолатлар очиқ-ойдин кўрсатадики:
«...албатта, соат (қиёмат) келгувчидир, бунга шубҳа йўқ».
Қиёмат қоим бўлиши турган гап. Бу борада иккиланишга ўрин йўқ. Тайёргарликни кўриб қўйиш керак.
«Ва, албатта, Аллоҳ қабрлардаги кимсаларни тирилтирур».
Бунга баъзи одамлар ишонмаса ҳам, барибир бўладиган иш. Ҳозирча ишонмаслар, лекин қабрларидан тирилиб чиққанларида ишонмасдан иложлари қолмайди. Аммо унда кеч бўлади.
Аллоҳ таоло қиёмат куни одамларни қайта тирилтирганда уларнинг бармоқ учларигача худди бу дунёда қандоқ бўлса ўшандоқ ҳолда тирилтиради.
Аллоҳ таоло «Қиёмат» сурасида бу ҳақда қуйидагиларни айтади:
«Инсон Бизни унинг суякларини жамлаб олмас, деб ўйларми? Балки, Биз унинг бармоқ учларини ҳам асл ҳолига келтиришга қодирмиз», (3-4 оятлар).
Кунлардан бирида араб мушрикларидан Адий исмли киши Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам билан гаплашиб ўтириб, қиёмат ҳақида сўзлаб беришни сўради. Ҳазрати Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам унга бир оз қиёмат ҳақида сўзладилар. Шунда Адий, «Аллоҳга қасамки, ўша кунни ўз кўзим билан кўрсам ҳам сенга ишонмайман, Эй, Муҳаммад, сенга ҳам, ўша кунга ҳам, иймон келтирмадим, Аллоҳ ўлган одамнинг суякларини тўплаши мумкин эканми?» деди.
Аллоҳ таоло унга раддия қилиб ушбу оятларни туширди.
«Балки, Биз унинг бармоқ учларини ҳам асл ҳолига келтиришга қодирмиз».
Ушбу оят Қуръони Каримнинг илмий мўъжизаларидан биридир. Тупроққа кўмилган ўлик бир муддатдан сўнг чириб битади. Қиёмат куни ўша чириб, тупроққа аралашиб кетган инсон қайта тирилишга кўпчиликнинг ишонгиси келмайди.
Аллоҳ таоло бўлса, бунга ҳайрон бўлишининг ҳожати йўқ, Мен нафақат танани, балки ўша танадаги нозик, дақиқ жойларни, чизиқларни ҳам, жумладан бармоқ учларини ҳам, аввал қандоқ бўлса, худди шундоқ ҳолига келтираман, дейди.
Қарши шаҳар “Наво” масжиди имом-хатиби
Қамаров Маҳмуднинг
БИТИРУВ МАЛАКАВИЙ ИШИ дан олинди