1442 йил 01 Сафар | 2020 йил 18 сентябрь, Жума.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
05:06
Sunrise
06:21
Dhuhr
12:31
Asr
16:53
Maghrib
18:40
Isha
19:55


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

«СОДАҚОЛЛОҲУЛ ЪАЗИЙМ» БИДЪАТМИ?

8-09-2020, 09:53 24 Ўқиш режими + -


Савол: Маълумки, бизнинг диёрларда намоздан кейинги Қуръон тиловатидан сўнг “Содақоллоҳул ъазийм” дейилади. Айтингчи, шуни айтмоқлик бидъатми? Баъзилар facebook’да шунақа гап тарқатишяпти. Агар бидъат бўлмаса, биз уларга нима деб жавоб берайлик? Шундай деювчилар кимлар ёки қанақа тоифадагилар ўзи?

ЖАВОБ: Ушбу саволингизга шайх Муҳаммад Ғаззолийнинг бошларидан ўтган қуйидаги ибратли воқеа билан жавоб берамиз.

• У зот ҳикоя қиладилар:
– Яхши бир инсон намоздан кейин фойдаланишим учун қимматбаҳо тасбеҳ совға қилди. Унга ташаккур айтиб совғани қабул қилдим. Сўнг мен ҳам уни неварамга совға қилиб юбордим. Бир неча кун ўтиб ўша киши: «Совға қилган тасбеҳимни ишлатмаяпсизми?»-, деб қолди.
– Мен сизнинг яхшилигингизни қадрлайман. Лекин намоздан кейинги зикрлар икки ё уч дақиқадан ортиқ вақтимни олмайди. Шунинг учун бунга бармоқларимни ишлатишни маъқул кўрдим. Менимча бунга саноқ асбоби керакмас-, дедим.
• Бу суҳбатни кузатиб турган бир йигит мени тўхтатди ва:
– Нега унга тасбеҳ ишлатиш бидъат,  демадингиз?-, деди.
• Мен унга майда-чуйда ишлар билан машғул бўлмаслигимни айтдим.
• Йигит:
– Унда Қуръони карим ўқилганда «Содақоллоҳул ъазийм» яъни, «Буюк Аллоҳ рост айтди» жумласи билан тугатишга қандай қарайсиз?-, деди.
– Буни айтган инсон тўғри қиляпти, деб ўйлайман-, дедим.
• У:
– Нима демоқчилигингизни тушунмадим-, деди.
• Мен:
– Мўъминлар муҳим ишларида ёки ўзлари истаган масалаларида буни айтиб келишган. Масалан Аллоҳ таоло Аҳзоб сураси, 22-оятида: «Мўъминлар аҳзобларни кўрганларида: «Бу бизга Аллоҳ ва Унинг Расули ваъда қилган нарсадир. Аллоҳ ва Унинг Расули рост сўзларлар», дедилар. Бу уларга иймон ва таслимдан бошқа нарсани зиёда этмади»-, дейди.
• Бошқа оятда эса: «Аллоҳ рост сўзлар, деб айтинг!» дея буюради. Қуръон ўқувчи киши Қуръон ажойиботи, ҳидояти улуғворлиги ва мўъжиза қувватини ҳис қилиб бу сўзларни қалбидан айтса ҳечқиси йўқ деб умид қиламан.
– Бу калимани айтишга шариатда  ҳеч қанақа буйруқ келмаганку?! – деди  ҳалиги йигит эътироз билан.
• Мен ҳам:
– Уни айтишдан қайтарилган ҳам эмас-ку!-, дедим.
• У йигит яна:
– Бидъатларга бепарво бўляпсиз!-, деди қўрслик билан.
• Мен ҳам унинг гапига яраша тонда:
– Майда нарсалар билан шуғулланишдан нафратланаман! Атрофида пашша ғўнғиллаганда бошқаларни ёрдамга чақирган киши қўрқоқ ва аҳмоқдир. Бундай одамга агар қарға ҳужум қилиб қолса қочиб кетади-, дедим ва бироз кескин ҳолда сўзимни давом эттирдим:
– Дунёнинг золимлари заифларига суъиқасд қилаётган, жоҳиллари уламоларини тириклайин кўмаётган, мен эса уларнинг муаммоларини ҳал қилишга ва ишларига бош бўлишга ожиз турганим пайтимда, миянгни тўлдирган бу «ахлатинг» билан вақтимни олмоқчимисан?! Дунё сиёсатдонлари Исломни бўғиш ва иймон устунларини бузиш режаларини моҳирона амалга ошираётганда, Ислом ерларига бостириб кириб, у ердан динни суғуриб ташлашни истаб туришганида, сизлар ўзингиз жаҳолат ва ҳалокат ёқасида бўла туриб, ибодатнинг жузъий масалаларида фиқҳий ихтилоф билан халқни овора қилишни, қайсидир сўздаги қандайдир лафзий ихтилоф билан умматни машғул қилишни хоҳлайсизми?!
Сизлар ўзи кимсиз, биласизми?!
Сизлар бу безовта замоннинг хавориж зурриётларисиз!
Иймон устунлари, гўзал ахлоқлар ва буюк ишлар қаерда қолди?!
Орангизда ақл эгалари қани?!
Мен даъватчи ва мураббийларга Пайғамбар алайҳиссаломнинг қуйидаги ҳадисларини эслатиб насиҳат қиламан: «Албатта Аллоҳ таоло буюк ва шарафли ишларни яхши кўради. Майдаларини ёмон кўради».


Муҳаммад Ғазолий роҳимаҳуллоҳ

Аброр Мухтор Алий тайёрлади


Манба6 Исламинститу.уз