1442 йил 01 Сафар | 2020 йил 18 сентябрь, Жума.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
05:06
Sunrise
06:21
Dhuhr
12:31
Asr
16:53
Maghrib
18:40
Isha
19:55


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ЖАМОАТ НАМОЗИНИНГ ФАЗИЛАТИ

10-09-2020, 17:29 15 Ўқиш режими + -


ЖАМОАТ НАМОЗИНИНГ ФАЗИЛАТИ

 

Бисмиллаҳир роҳманир раҳийм

Ўзининг китоби “Қуръони карим”да “Намозни тўкис адо этинглар. Албатта намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир” (Нисо сураси 103 оят) – деб марҳамат қилган ва бандаларига ушбу ибодат сабабидан жуда кўп дунёвий ва ухровий манфаатлар берган Аллоҳ таолога битмас туганмас ҳамду санолар бўлсин! 

         Намозни  комил суратда, чиройли ва гўзал қилиб адо этишга ўргатган сарвари коинот ҳазрати Пайғамбаримизга дуруду саловотлар бўлсин! 

         Бизнинг тилимиздаги намоз, араб тилида “солат” дейиладиган сўзнинг луғавий маъноси “Яхшиликка дуо” дир.  

         Истилоҳда эса, такбир билан бошланадиган, салом бериш билан тугайдиган, зарур шартларга эга амал тушунилади. 

        Беш вақт намознинг фарзлигини Куръони карим ҳам, Пайғамбаримиз (с.а.в) суннатлари ва ижмоъ билан ҳам таъкидланган. 

         Намознинг ҳикматлари ва фазилатлари хусусида жуда кўплаб китоблар таълиф қилинган ва қилинмоқда. Намознинг комил суратда ва яратганнинг ҳузурида матлуб ва мақбул ҳолатда бўлишлиги фақатгина фарз амали билан кифояланадиган ва суннатларига беписанд қаровчилар ҳам топилади. Афсуски, ушбу фарз амалларнинг кўпчилигини вожиб ва суннат амаллар тўлдиришлиги хусусида ўйлаб ҳам кўрмайдилар. 

Пайғамбаримиз (с.а.в) Ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда “Жамоат намози ёлғизнинг намозидан йигирма етти даража афзалдир” дедилар. Бошқа ҳадиси шарифда унинг даражаси йигирма бешлиги ҳам айтилган. Демак, ёлғиз ўқувчининг намозидан жамоат билан ўқиган кишининг намози 25-27 даража устун бўлади. 

         Жамоат намози Ханафий мазҳабида суннати муаккада ҳисобланади. Аллоҳ таоло “Ва қачон уларнинг ичида бўлсанг ҳамда уларга намозни қоим қилсанг, улардан бир тоифаси сен ила турсинлар” (Нисо 102) деб  марҳамат қилган. Ушбу оятдан маълум булаяптики ҳатто хавф бўлиб турганда ҳам намозни жамоат билан ўқишлик Пайғамбаримиз (с.а.в) га амр қилинмоқда.Тинчлик пайтида жамоат билан намоз ўқишлик қанчалик зарурлиги ўз-ўзидан маълум бўлади. 

     Кўпинча жамоат намозларида учрайдиган, айрим ҳолларда ёлғиз ўқилганда учраб турадиган нуқсонларимиздан бири, бу – намоз ўқиб бўлгандан сунг таъйин қилинган маълум зикрларни қилмасдан, шошма-шошарлик билан жойимизни тарк қилишдир. 

Юқорида айтганимиздек, намоз “Яхшиликка дуо”ни англатса, намоз-бандани яратган билан мулоқоти ва қурбати бўлса, айни ўша дам банда ўз хўжасидан истиъона (сурашлик) пайтидир. Пайғамбаримиз (с.а.в) “Дуо-ибодатнинг мағзидир”-деб марҳамат қилганлар. Намоздан асл мақсад ҳам банда ўз хўжасидан хоҳ дунёвий, хоҳ ухровий тилакларини сўрашлигидир. 

     Аллоҳ таоло барчаларимизни намозларимизни комил суратда ва  жамоат билан адо этмоқлигимизга ҳар доим муваффақ айласин!

 

А. Неъматов 

         Шаҳрисабз шаҳри “Молик Аштар”

жомеъ масжиди имом хатиби