1442 йил 01 Сафар | 2020 йил 18 сентябрь, Жума.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
05:06
Sunrise
06:21
Dhuhr
12:31
Asr
16:53
Maghrib
18:40
Isha
19:55


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ЖУМА КУНИ КАҲФ СУРАСИНИ ЎҚИШНИНГ ФАЗИЛАТИ

10-09-2020, 17:31 17 Ўқиш режими + -


Жума куни Каҳф сурасини ўқишнинг фазилати

 

 Маълумки, Аллоҳ таолонинг китоби “Қуръони карим”да “Каҳф” сураси бор. Бу суранинг номи бўлмиш «Каҳф» сўзи “ғор” маъносини англатади. Сурадаги асосий қисса қаҳрамонлари Роббиларига иймон келтирган ёш йигитлар иймонларини сақлаш мақсадида ғорга кириб оладилар ва ўша ерда илоҳий мўъжиза содир бўлади. Суранинг номи шундан олинган.»Каҳф» сураси Қуръони Каримдаги «Алҳамду» билан бошланган беш суранинг биридир. Бу сурада қиссаларга асосий урғу берилган. 110 оятдан иборат бўлган Қаҳф сурасининг 71 ояти қиссалардан иборат. Сураи каримада каҳф(ғор)га кириб олган йигитлар, икки боғ, Одам ва Иблис, Мусо алайҳиссалом ва солиҳ банда ҳамда Зулқарнайн қиссалари келади.»Каҳф» сурасида ҳам Маккада нозил бўлган бошқа суралар каби ақидани, фикр ва тасаввурни, одоб-ахлоқ ва қадриятларни исломий йўлга солишга даъват етакчилик қилади.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) нозил бўлган тушган бу сураи карима оятлари, ундаги ибратли қиссалар, агар иймон аҳли қийинчиликларга бардош берса, албатта, ғолиб бўлажакларини англатади. Ҳар замон ва маконда ҳам иймон аҳли синовга учраши,  вақтинча қийинчиликлар бўлиши мумкинлигини тушунтирилади.

«Каҳф» сураси ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қанча ҳадиси шарифлар ривоят қилинган. Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Абу Исҳоқ қуйидагиларни айтади:

«Ал Баррознинг қуйидагиларни айтаётганини эшитдим. Бир киши «Каҳф» сурасини ўқиди. Ҳовлида ҳайвон бор эди. Ҳайвон безовта бўла бошлади. Одам қараса, уни булут ўраб турибди. Бўлган ҳодисани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб берган эдик, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй фалончи, ўқийвер, у Қуръон тиловати учун тушган сакийнадир», дедилар».

 Имом Муслим, Имом Насаий ва Имом Аҳмад Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким «Каҳф» сурасининг охирги ўн оятини ўқиса, Дажжол фитнасидан сақланади», деганлар.

Бошқа бир ҳадисда: «Ким «Каҳф» сураси аввалидан ўн оят ёд олса, Дажжол фитнасидан сақланади», дейилган.

Ҳофиз Абу Бакр ибн Мурдавайҳ Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким «Каҳф» сурасини жума куни ўқиса, қиёмат куни унинг қадами остидан нур чиқиб, осмону фалакни ёритади ва унинг икки жума орасидаги хатолари кечирилади», деганлар.

Бу сураи каримада ҳар бир инсон ҳаёти давомида учраши мумкин бўлган фитналар:  мол-дунё ишқи, дунё ҳодисалари ва бошқа фитналар ҳақида улардан четланиши зарурлиги хусусида баҳс юритилади.

Демак, ҳар бир инсон мазкур фитналардан омон бўлиб юриши учун ушбу ҳадиси шарифларга амал қилиб, ҳар жума “Каҳф” сурасини аввалидан охиригача тадаббур ила тиловат этиб турса, катта фазилатни қўлга киритган бўлади. Барчамизга мана шундай фазилатларни ҳосил қилиш муяссар бўлсин!

 

            О.Турсунов

 

“Саид Ахмадхон” ота жомеъ масжиди

имом-хатиби