1442 йил 01 Сафар | 2020 йил 18 сентябрь, Жума.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
05:06
Sunrise
06:21
Dhuhr
12:31
Asr
16:53
Maghrib
18:40
Isha
19:55


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ХУТБА НИМА ДЕГАНИ ВА ҚАЧОН ЎҚИЛАДИ?

14-09-2020, 10:43 20 Ўқиш режими + -




Ислом шариатида хутбага доир кўплаб масалалар тафсир, ҳадис, усули фиқҳ илмларига доир манбаларда турли услуб ва кўламда айтиб ўтилган.
Хутба - диний ваъз ўқиш демакдир. Хутбалар жума намозида шарт ва ҳайит  намозларида суннатдир. Бу анъанани пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари жорий қилганлар.
Мусулмон уламолари турли хил ҳадисларга асосланиб, барча хутбалар икки қисмдан иборат бўлиши керак деган хулосага келишган. Биринчи хутба табиатан таҳрир ва тарбиявий иш, иккинчиси эса барча мусулмонлар учун ибодат қилишдир. Иккала хутбада ҳам Аллоҳ таолонинг бирлиги ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  элчилиги ҳақидаги гувоҳликлар, шунингдек пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловотлар бор. Буларнинг барчаси хутбанинг асосидир. Хутбанинг шартлари уларнинг ўз вақтида ўқилишидадир. 
«Хатиб» сўзи ҳам араб тилида خُطْبَةُ  ,خطابةُ сўзидан олинган бўлиб, исми фоилда   خَاطِبُкўплиги   خُطابٌ бўлиб «гапирувчи», «нутқ сўзловчи» маъноларида келади. Бундан ташқари «нотиқ», «сўзамол», маъноларида ҳам келади.Истилоҳда эса, инсонларни ҳидоятга бошловчи, эзгуликка йўлловчи маъноларини англатади. Хутба Исломда асосан яхшилик ва эзгуликка чақирувчи даъват демакдир. Хутба қилувчи киши воиз ҳам дейилади. Яъни бу борада мутахассис бўлган кишиларни воиз деб юритилади.
 
Исломдаги илк воизлардан бири Ҳасан Басрий розияллоҳу анҳу бўлганлар. У зот гарчи араб бўлмасалар ҳам араб нутқининг машҳур устозига айланганлар. Одамларнинг юзига қараб фикрини кайфиятини сезиб олар ва буни ваъз вақтида назардан қочирмас эдилар. 
 
Қуйидаги ибодатларда хутбанинг ўринлари келтириб ўтамиз. 
Икки ийд (ҳайит) намозлари 
Ийд намозларини ўқиш дуруст ва вожиб бўлиши учун жума намозининг шартлари унда ҳам топилиши лозимдир. Фақат иккита амалда жума намозидаги шартларга хилоф бўлади:
1. Ийд намозларида хутба ўқиш суннат бўлиб, жума намозида эса у шарт эди.
2. Жума намозида хутба намоздан олдин ўқилса, ийд намозларида намоздан кейин қилинади. Хутбага киришдан олдин имомнинг бир оз ўтириши ийд намозларининг хутбасида макруҳ ҳисобланади. Аммо жума намози хутбасини бошлашдан олдин унинг бир оз ўтириши суннатдир.
Ийдул фитр хутбасида имом мусулмонларга фитр садақаси ҳукмлари тўғрисида маълумот берса, ийдул қурбон хутбасида эса қурбонлик, такбиру ташриқ ҳукмларидан таълим беради. Имом-хатиб ийд намозидан олдинги жумада жамоатни ушбу нарсалардан огоҳлантириб қўйиши лозим.
Рамазон ҳайити биринчи куни ўқилмай қолса, у иккинчи куни ўқилади. Қурбон ҳайити маълум узрлар сабабли биринчи куни ўқилмаса, иккинчи ёки учинчи куни ўқишнинг кароҳияти йўқ, аммо узрсиз кечиктириш макруҳ.
Ийд намозларининг вақти қуёш бир найза бўйи кўтарилгандан то тиккадан оққунчадир.
Ва яна ҳаж ибодатида зулҳижжанинг еттинчи куни имом бир хутба қилиб, таълим беради. Кейин тўққизинчи куни Арафотда ва ўн биринчи куни Минода хутба қилади.
Биринчи хутба Зулҳижжанинг еттинчи куни пешин намозидан кейин бўлиб, унда орада ўтириш йўқ. Унда имом келгуси кунларда адо этиладиган ибодатлар ҳақида таълим беради.
Иккинчи хутба тўққизинчи куни Арафотда бўлиб, у худди жуманинг хутбасига ўхшайди.
Учинчи хутба Зулҳижжанинг ўн биринчи куни Минода бўлиб, орасида ўтириш йўқ. Пешин намозидан кейин ўтирилади ва унда кейинги бўладиган амаллар шархланади.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, хутба бу барча замон ва маконларда кишилар ўртасида амалда бўлган муҳим муомала турларидан бўлиб, ижтимоий муносабатлар ҳамда уларнинг ривожида, ички ижтимоий инфратузилмасининг мустаҳкамланишида унинг ўрни беқиёсдир. Бу муомала Қуръон, Суннат ҳамда уммат ижмосида ёрқин акс этиб, ўзининг муносиб  ўрнини топган ва ислом ҳуқуқшунослари томонидан ҳам шу бугунга қадар тинмай ўрганилиб, атрофлича баҳс ва тадқиқ қилиб келинмоқда.
 

Баҳодир СУЮНБОЕВ
Гулистон шаҳар “Ат-Термизий”
масжиди имом-хатиби

Манба: Азон.уз