1442 йил 01 Сафар | 2020 йил 18 сентябрь, Жума.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
05:06
Sunrise
06:21
Dhuhr
12:31
Asr
16:53
Maghrib
18:40
Isha
19:55


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ШУКР ҚИЛИШ ФАЗИЛАТ

15-09-2020, 10:25 12 Ўқиш режими + -


Шукр қилиш фазилат

Аллоҳ таоло  биз бандаларини беҳисоб неъматларидан баҳраманд қилган экан, У ўз навбатида ана шу неъматларнинг шукрини адо этиб бормоғимизга буюради. Аллоҳ таолонинг берган неъматларини каттаю-кичик демай, уларни шукрини бажо келтиришимиз лозим. Аллоҳ таоло агар бандалар шукр қилсалар, уларга неъматларини  зиёда қилишини ваъда қилди ва итоат қилсалар ,бу неъматлар давомийлиги ва боқийлигининг кафолатини берди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилди.  «… Қасамки, агар шукр  қилсангиз албатта , сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз , албатта ,азобим шиддатлидир»  (Иброҳим сураси,7 оят.) 
 Яна бир оятда «Эй имон келтирганлар!Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб ,Унга шукр қилингиз!» дейилган. (Бақара сураси,172-оят).
Инсон шукр қилса, ризқи яна зиёдалашади. Бу ҳақида ҳазрати Али разияллоҳу анҳу шундай деганлар: «Неъмат шукрга, шукр эса зиёдаликка боғлангандир. Модомики банда шукр қилишда давом этар экан, Аллоҳ таоло ҳам зиёда қилишда бардавом бўлади» (Имом Байҳақий ривояти).
Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллолоҳу алайҳи ва саллам шукр ҳақида шундай деганлар: «Ким озига шукр қилмаса, кўпига ҳам шукр қилмайди. Ким инсонларга ташаккур айтмаса,улардан миннатдор бўлмаса,Аллоҳ таолога ҳам шукр қилмайди.Неъматлар ҳақида гапириш -шукрдир. Уни гапирмаслик эса-ношукрликдир. Жамоат билан юриш-раҳматдир.Ёлғизлик эса-азобдир». (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).          
Ҳар жабҳада ибрат бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллолоҳу алайҳи ва саллам бу борада ҳам намуна бўлганлар. Аллоҳнинг суюкли ҳабиби барча гўзал амалларни ўзларида мужассам этган зот эдилар.Шукр қилишда У зотга етадиган бирор бир киши топилмаслигига шубҳа йўқ.Сабаби, Аллоҳ таолога дуолари ижобат бўладиган киши бўла туриб,Аллоҳ таолодан кўп мол-дунё беришини сўрамаган эдилар. Балки, Аллоҳ берган ризққа қаноат қилиб яшаганлар.Очликдан қоринларига тош боғлаб юрганлари ҳақида биламиз.Пайғамбаримиз шундай ҳолатда ҳам шукр қилган бўлсалар, ҳозирги тўкинлик –фаровонлик даврида биз фақат шукримизни зиёда қилишга эътибор қаратишимиз лозим бўлади.
Шукр қилувчи кишида меҳр-мурувват,инсоф-диёнат,қаноат,сабр каби ахлоқлар мавжуд бўлади.Бу ахлоқлар инсонни дунё ва охират саодатига бошлайди. Аллоҳ таолонинг берган неъматларига шукр қилмоқлик иймоннинг ярми бўлса, иймоннинг иккинчи ярми Аллоҳ юборган мусибатга сабр қилмоғидир. Банда Аллоҳнинг берган неъматига шукр қилиб, юборган синовига сабр этса ,Аллоҳнинг ҳузурида у банда учун улкан ажр  ва Аллоҳ таоло тарафидан берилган неъматнинг зиёда бўлишлиги бордир. Барча Пайғамбарлар ҳам Аллоҳнинг шукр қилгувчи шокир бандалари эди.Ҳатто Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи ва салламни ҳам Аллоҳ таоло шукр қилишга амр этиб Қуръони каримда : «Йўқ! Аллоҳгагина ибодат қил ва шукр этувчилардан бўл!» деб ваҳий қилди. (Зумар сураси ,66-оят).
 Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи ва салламни қандай шукр қилганликларини Оиша онамиздан ривоят қилинган ҳадисдан биламиз. Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: « Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи ва саллам кечасида қоим бўлиб кўп намоз ўқиганларидан ҳатто оёқлари шишиб кетар эди. Шунда мен у зотга : «Эй Аллоҳнинг Расули  (саллолоҳу алайҳи ва саллам) нега бундай қилиб ўзингизни қинйнайсиз.Ахир Аллоҳ сизни аввалги-ю охирги гуноҳларингизни кечирганку »,-деб айтдим.Пайғамбарими саллолоҳу алайҳи ва саллам эса: «Аллоҳга шукр қилгувчи банда бўлмайинми?»,-дер эдилар. (Муттафақун алайҳи).
Шукр инсонни доимо ўзида бор неъматлар қадрини билишга,эзгуликка ва савоб ишларни қилишга ундаб,гуноҳ ва маъсиятдан қайтаради.
Шукр қилгувчи банда доимо Аллоҳни ёдда тутиб, Унинг берган неъматлари қадрини билиб,ўзини ношукрлик ,ҳасад каби ёмон иллатлардан тияди.
Тафаккур қилиб кўрайлик! Аллоҳ таоло бизни оналаримизнинг қорнида яратган вақтда бизнинг ҳеч нарсамиз йўқ эди. Ҳеч нарсани англамас, билмас эдик. Сўнгра У бизга ақл, кўз, қулоқ, қўл, оёқ ва яна кўплаб аъзоларни берди .Ер юзини оромгоҳ қилди , жамики махлуқотларидан азиз ва мукаррам қилди. Жамики мавжудотларни инсонга бўйинсундириб қўйди. Ушбу неъматларининг ўзи шукр қилишимизга етарли эмасми? Ушбу неъматларни бизга инъом этган Зот –энг кўп шукрга ҳақли Зот эмасми? Аллоҳ шунча неъматлар билан бизни икром қилган бўлса-ю, биз ношукрлик қилсак ,бу яратган Роббимизга нисбатан исён эмасми?
Аллоҳ таоло барчамизни берган неъматларига шукр қиладиган шокир бандаларидан қилсин!

Жўраев Валижон

Миришкор тумани “Гулистон”
 масжиди имом хатиби