1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

СИЙРАТ ДАРСЛАРИ (22-ДАРС)

15-09-2020, 10:58 323 Ўқиш режими + -
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

151. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан масжидда ўтирган эдик. Бир аъробий кириб келди. У масжидга сия бошлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари: «Ҳай! Ҳай!» дейишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: «Уни безовта қилманглар, ўз ҳолига қўйинглар», дедилар. Сийиб бўлгунича уни холи қолдиришди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни чақириб: «Албатта, масжидларда манави сийдик ва ифлос нарсалар дуруст эмас. Улар (масжидлар) фақат Аллоҳ азза ва жалланинг зикри, намоз ва Қуръон қироати учун», дедилар. Шундан сўнг у зот бир кишига амр қилдилар. У бир пақир сув олиб келиб, у(сийдик)нинг устидан қуйди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
 
* * *
152. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида Абдуллоҳ исмли бир киши бор эди. Унинг лақаби «эшак» эди. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кулдириб юрар эди. У зот уни шароб ичганида дарралатган эдилар. Бир куни уни яна олиб келишди. У зот амр қилдилар, унга яна дарра урилди. Сўнг айрим одамлар: «Аллоҳим, уни лаънатлагин! Уни кўп марта келтиришди-я!» дейишди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни лаънатламанглар! Аллоҳга қасамки, мен уни фақат Аллоҳга ва Унинг Расулига муҳаббатли деб биламан», дедилар».
Бухорий ривоят қилган.
 
* * *
153. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига ичиб олган бир кишини келтиришди. Шунда у зот: «Уни уринглар!» дедилар. Биздан кимдир қўли билан, кимдир кавуши билан, яна кимдир кийими билан урди. У қайтиб кетган пайтда баъзи одамлар: «Аллоҳ сени шарманда қилсин!» деди. У зот алайҳиссолату вассалом: «Ундай деманглар! Унинг зиддига шайтонга ёрдам берманглар! Балки «Аллоҳ сенга раҳм қилсин» денглар», дедилар».
Бухорий ва Аҳмад ривоят қилишган.
* * *
154. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинадаги уйлардан Умму Сулаймникидан бошқасига эркаклари бўлмаган пайтда кирмас эдилар. У зотга бу ҳақда айтилганда: «Мен унга раҳм қиламан. Акаси мен билан юриб қатл бўлган», дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

 

«Бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан


Манба: Ислом.уз