1442 йил 01 Сафар | 2020 йил 18 сентябрь, Жума.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
05:06
Sunrise
06:21
Dhuhr
12:31
Asr
16:53
Maghrib
18:40
Isha
19:55


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

УМР – БЕБАҲО НЕЪМАТ

15-09-2020, 15:22 10 Ўқиш режими + -

УМР – БЕБАҲО НЕЪМАТ
 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Ислом дини мусулмон кишини ўтаётган ҳар бир куни ва соатидан унумли фойдаланишга тарғиб қилади. Чунки вақтнинг ҳар бир сониясидан унумли фойдаланишлик, дин ва дунёга манфаат берадиган хайрли ва савобли ишлар билан машғул бўлиш барчанинг, хусусан биз мусулмонларнинг ҳам муҳим вазифасидир. Зеро вақтнинг қиймати бебаҳодир
Инсон ҳар тонг янги кунни қарши олар экан, унинг ихтиёрига 24 соат вақт берилади. Бу унга ҳар куни бериладиган 1440 дақиқа ёки 86400 сониялик фурсатдир. Ўтаёган вақтимиз ҳақида ўйлаб кўрадиган бўлсак, соат милларининг “чиқ-чиқлари”, аслида азиз умримизнинг тўхтовсиз парчаланиб кетаётган онлари эканини ҳис этамиз. Ушбу онлар бизнинг яхши ва ёмон амалларимизга гувоҳ бўлиб ўтиб бормоқда.
Аллоҳ таоло инсон учун берилган умрни беҳуда ўтказмай уни яхшилик ва савоб ишлар учун сарфлашга ва охиратда зое қилинган умр учун афсус надомат чекмаслик ҳақида огоҳлантириб, шундай дейди:
“Улар у ерда: “Эй Роббимиз!!! Бизларни чиқар!!! Қилиб юрган амалларимиздан бошқа солиҳ амаллар қиламиз!!! " – деб доду фарёд солурлар. “Сизларга эслайдиган одам эслагудек умр бермаган эдикми?! Сизларга огоҳлантирувчи(пайғамбар) келмаган эдими! Бас, энди тотаверинглар! Золимларга ҳеч бир ёрдамчи йўқдир”. (Фотир сураси, 37-оят)
Ушбу оятда Аллоҳга куфр келтирган, Унга шерик қўшган ва умрини беҳуда, лағв нарсалар билан машғул қилган гуноҳкор инсонлар ҳолати қандай аянчли бўлиши тасвирланган. Жаҳаннамда шиддатли азобларга дучор бўлган кофирлар чидай олмай Аллоҳга ёлворишга ўтадилар. 
Эй Роббимиз!!! Бизларни чиқар!!!  
Ҳаёти дунёда Аллоҳни Робб деб тан олишдан бош тортган эдилар. Азобни кўргач эса, “Эй Роббимиз!!!” дейишга ўтдилар.
Бизларни бу шиддатли азобга тўла жаҳаннамдан чиқар!
Қилиб юрган амалларимиздан бошқа солиҳ амаллар қиламиз!!! " – деб доду фарёд солурлар”.
Улар гапга ҳам, ўйга ҳам эътибор бермайдилар, яъни, солиҳ гаплар айтамиз, яхши ўйлар ўйлаймиз, демайдилар. Балки амал ҳақида гапирадилар. Чунки, амал нима эканлигини тушуниб қолдилар.
Лекин уларнинг талаблари қондирилмайди. Уларнинг доду фарёдлари инобатга олинмайди. Балки уларни яна ҳам хорлайдиган гаплар айтилади. Аллоҳ таоло уларга:
“Сизларга эслайдиган одам эслагудек умр бермаган эдикми?!”– дейди.
Ўша биз берган умрни нимага сарф қилдингиз?! Нима учун солиҳ амал қилиш ўз вақтида эсингизга келмади?! Аллоҳ таоло умр бериб қўйган вақтда солиҳ амал қилмасдан, энди, дўзахга тушгач, солиҳ амал қилиш ёдингизга келиб қолдими?! 
“Сизларга огоҳлантирувчи(пайғамбар) келмаган эдими!”
Сизларга иймон ва солиҳ амалга чақиргувчи, жаҳаннам азобидан огоҳлантиргувчи Пайғамбар, ёки унинг даъвати келмаган эдими?! Келган эди. Аммо сиз ўша пайтда уни инкор қилган эдингиз.
“Бас, энди тотаверинглар! Золимларга ҳеч бир ёрдамчи йўқдир”.
Энди бўлар иш бўлди. Дод-фарёд қилмай, бемалол жаҳаннам азобини тотаверинглар! Сизлар умрни исроф қилган золимларсиз, сизга бирор ёрдамчи бўлмас!
Демак, бу оятдан ҳар бир мўмин инсон ибрат олиши лозим. Ўтаётган ҳар бир онини қадрига етиб, Аллоҳ берган умрни Унинг кўрсатмаларига мувофиқ, Расулуллоҳ(с.а.в) суннатларига мос равишда ўтказса, кофир ва мушрик ва мунофиқ бандалар каби охиратда хорловчи азобга дучор бўлмайди, балки икки дунё саодатига эришади.
Умр   ўтказаётган одам ақл юргизиши, амалдан ожиз қоладиган кун келмасдан олдин хайрли амалларни қилиб олиши лозим. Дунёга келган ҳар бир инсоннинг умри  “вақт” кўринишида тўхтовсиз ўтиб боради. Бу дунёдан кетиш муддати, яъни ажал келганда, уни ташлаб кетишдан бошқа чора қолмайди. Ажал келиши эса бугунми, эртами қачон келиши инсонга номаълум. Деярли ҳар куни “фалончи вафот этибди”, деган хабарни эшитамиз. Бир кун келиб биз ҳақимизда ҳам “фалончи вафот этибди”, дейилади. Ҳа, ўтаётган ҳар бир соат, ҳар бир дақиқа ажал келиши мумкин бўлган вақтдир. Ўтиб кетган кунлар эса унинг яқин қолганидан даракдир.
Умрнинг асосини ташкил қилувчи вақт шунчалик қиммат ва бебаҳо бўлишига қарамасдан, кўпчилик инсонлар ундан фойдаланиб қолиш учн эмас, балки уни зое қилиб, йўқотиш учун мусобақалашадилар. Бундай “мусобақачилар” вақтнинг бебаҳо улушидан маҳрум инсонлардир. Бу ҳақда Ҳадиси шарифда қўйидагича баён қилинган,
Ибн Аббос (р.а) дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Икки неъмат борки, кўр инсонлар улардан маҳрумдир, Улар: Соғлиқ ва бўш вақтдир ”. (имом Бухорий ривояти.) Бу икки неъмат ғанимат экан.  Агар бир инсоннинг соғлиги ва бўш вақти бўлса-ю, солиҳ амаллар қилишга ҳаракат қилмаса, дангасалиги туфайли бу икки неъматни беҳуда ишларга сарфлаб юборса, албатта улардаги қимматли улуш, савоб олиш имкониятидан маҳрумдир.
Бугунги кунда мусулмонлар орасида вақтни беҳуда амалларга сарфлаш оддий ҳол бўлиб қолгани ачинарли ҳолатдир. Соатлаб телевизорда “футбол, ёки сериал томоша қилиш”, қимматли вақтини “ижтимоий тармоқлар”да ўтказиш, “фалон жойда янги ошхона очилибди”, дейилса, вақтини исроф қилаётганига парво қилмай, янги ошхона сари отланадиганлар, ҳатто овқатланиш учун шаҳар ташқарисига, ёки бошқа шаҳарларга ҳам бориб  борлиги ҳақиқатдир.
Бир марта келадиган дунёда ўйнаб, кулиб юриб қолишни айтиб, шу “ташвиш” билан яшаётганларга уламолар қўйидагича насиҳат қилганлар: “Аслида дунёга бир марта келадиган бўлганимиз учун амал савобли амаллар қилиб қолишимиз лозим. Чунки бизга абадий роҳат-фароғатни, яъни жаннатни қўлга киритиш учун фақат бир марта дунёда туриш муддатигина имконият қилиб берилган. Ана шу бир марталик имкониятни вақтинчалик нарсаларга чалғиб, қўлдан бой бериш ақлли инсонларнинг иши эмас”.
Ҳар бир мўмин банда “кеча ва кундуз унинг устида ишлаётгани” ни англаб, улардан фойдаланиб, вақтини савобли ишларга сарф қилиши лозим. Зеро, кеча ва кундуз янгиларни эскиртиради, узоқларни яқин қилади, умрларни қисқартиради, ёшларни улуғ ёшга киритади, кексаларни боқийлик сари яқинлаштиради. Шунинг учун ҳам умрни ғанимат билмоғимиз, уни энг фойдали ва савобли ишлар билан ўтказмоғимиз керак бўлади. 
 
 

Илхомхон домла Валиев
“Ҳожи Зайниддин”  
масжиди имом хатиби