1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ҚАРЗ МУДДАТИНИ УЗАЙТИРИШ ФАЗИЛАТИ

18-09-2020, 19:08 319 Ўқиш режими + -

ҚАРЗ МУДДАТИНИ УЗАЙТИРИШ ФАЗИЛАТИ
 
      Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
     Инсон бу дунёда ҳар хил вазиятга тушади. Баъзан инсонда мол-давлатнинг борлиги бўлади, баъзан эса йўқлик ҳолати бўлади. Чунки бу дунё имтиҳон дунёсидир. Мана шу имтиҳонли дунёда кимдир кимдандир қарз сўрайди. У вақти соати билан қарзини бериб, қарз бериб турган кишига миннатдорчилик билдиради. Баъзан эса у олган қарзини айтилган муддатда қайтара олмай қолади.  Шундай пайтларда қарз бериб турган одам қарз олган одамнинг ҳолатини тушуниб, унинг қарз бериш муддатини узайтирса, яхшилик ҳисобланади.      
        Бу ҳақда Аллоҳ   таъоло “Қуръони карим”да:  “Агар   қарздорнинг қўли қисқа  бўлса,   бойигунча  муҳлат  беринглар. Билсангиз  садақа   қилишингиз ўзингизга  яхшидир” (Бақара сураси, 280-оят) дейди.  
    Аллоҳ  таоло бу ояти   билан борди-ю қарз  олган  одам қўли қисқалик  қилиб   қолиб,  вақтида  қарзини   узолмай қолса, унинг қўлига   пул-мол  келгунча  муҳлат   бериб  кутиш кераклигини уқтиради.  Агар  шунда   ҳам уза  олмаса, унда қарзини   унга садақа  қилиб  юбориши,   қарз  берган  кишига   яхшироқдир  дейди.  
Аллоҳ унинг   молига  бу  дунёда   барака  беришидан  ташқари,   охиратда  улкан савоб ва  мукофотларга   сазовор қилишини  ҳам  таъкидламоқда.   Бундан   афзал мукофот  бўлиши мумкинми?  
Аллоҳ таоло Юнус сурасининг  26-оятида: “ Чиройли амал қилган  зотлар  учун   гўзал  оқибат ва  зиёда   неъматларим  ҳам  бордир”   дейди.
     Албатта, инсонларнинг бир-бирларига қарз бериб туришлари, бир-бирларини яхши ишларда қўллаб қувватлашлари фазилат ҳисобланади. Шу қаторда қарз олган киши ҳам қарзни ўз гарданидан соқит қилиш ғамида бўлиши, имкон ахтариши лозим бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизни бир-биримизга нисбатан меҳр-муҳаббатли қилиб, орамизда ўзаро бирдамлик, беғараз ёрдам бериб туришлик каби савобли ишларимизни бардавом қилсин. 

Аслиддин домла Тожиддинов

Қусам  ота жомеъ масжидини 
 имом   хатиби