1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ИХЛОС НИМА?

21-09-2020, 16:17 6 783 Ўқиш режими + -

ИХЛОС НИМА?
      

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Ислом динидаги муҳим асослардан бири ҳар бир амални Аллоҳ таоло учун холис қилиш ва ихлосни йўққа чиқарадиган риё, кибр ва ғурур каби амаллардан узоқ бўлишдир.
«Ихлос» сўзининг луғавий маъноси «тозалаш »ва «поклаш ”дир. Яъни, Аллоҳ таолонинг розилиги учун бажариладиган амалларни унинг холислигига нуқсон етказадиган бошқа нарсалардан поклашга айтилади. 
Ихлоснинг истилоҳий маъноси ҳақида уламоларимиз бир қанча таърифлар келтирганлар. Аллома Изз ибн Абдуссалом шундай дейдилар: «Ихлос-мукаллаф киши ибодатни фақат Аллоҳ учун қилиши, одамлардан ҳурмат-эътибор кутмаслиги, бирор диний фойда кўриш ёки дунёвий зарардан қутулишни қасд қилмаслиги керак». Саҳл ибн Абдуллоҳ ихлос ҳақида: «Ихлос-банданинг ҳаракати ҳам , сукунати ҳам фақат Аллоҳ таоло учун бўлишидир»,-деган. Абу Али Даққоқ: «Ихлос-амални одамларнинг мулоҳазасидан (яъни ,бу ишимни одамлар мақтайдими ёки ёмонлайдими, деб ўйлашдан) поклашдир», дейдилар.
    Ихлос бу дунё ва охиратда нажот топишнинг асоси ҳисобланиб, у амалларга нисбатан бинонинг пойдевори ёки жасаднинг руҳи кабидир.Бандаларнинг амаллари қабул қилиниши учун икки нарса муҳим,бири ихлос,иккинчиси тўғри бажариш.Яъни, амал Ислом шариати кўрсатмаларига зид бўлмаслиги лозим ва ўша амал Аллоҳ учун холис бажарилиши керак. Чунки, Аллоҳ таолодан бошқа учун бажариладиган ҳар қандай иш қабул қилинмайди.
Қуръони каримнинг бир қанча оятларида ихлос ҳақида зикр қилинади. Жумладан, ихлос билан дуо қилиш ҳақида шундай дейилади: яъни: «Унга (Аллоҳга )динни холис қилган ҳолларингизда дуо қилингиз.Сизларни (аввал бошда ярата)бошлаганидек ,(қиёматда мангу ҳаётга)қайтурсизлар».(Аъроф сураси ,29-оят.) 
   Яна бир оятда эса Аллоҳ таоло Пайғамбарига хитоб қилиш орқали бизга динини ширк, риё ва сумъадан холис қилиб ,ибодат қилишимизни буюради: яъни   «(Эй, Муҳаммад!) Албатта, Биз сизга бу Китобни ҳақиқатан нозил қилдик, бас, Сиз Аллоҳга–динни Унга (ширкдан) холис қилган ҳолда ибодат қилинг! » (Зумар сураси, 2-оят). 
         Қуръони каримнинг тафсири сифатида ҳадиси шарифларда ҳам ихлос мавзусига тўхталиб ўтилган. Аксарият ҳадис китоблари ниятни холис қилиш ҳақидаги Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сўзлари билан бошланади: «Албатта амаллар ниятларга боғлиқдир. Ҳар ким нима ният қилган бўлса, унга шу нарса бўлади. Кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учун бўлган бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учундир. Кимнинг ҳижрати дунё учун бўлган бўлса, дунёга етади. Аёл учун ҳижрат қилса, уни никоҳига олади. Ҳижрати нима учун бўлган бўлса, унга ўша нарса бўлади.» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
   Ҳадиси қудсийда бундай марҳамат қилинган: «Аллоҳ таоло айтади: «Мен шерикка муҳтож эмасман… Ким амалларида Менга бошқасини шерик қилса, Мен унинг ширкидан покман. Амали шерик қилганига топширилади» (Ибн Можа ривояти).
Бошқа бир ҳадисда: «Қачон қиёмат бўлиб, Аллоҳ таоло аввалгию охиргиларни жамласа, бир нидо қилувчи: «Ким ўз амалида Аллоҳга бирор кишини шерик қилган бўлса, савобини унинг ҳузуридан талаб қилаверсин. Албатта, Аллоҳ шерик қилувчиларнинг ширкидан беҳожатдир», дейилади. (Термизий ривояти).
   Ихлос билан қилинган амал инсоннни нажотга бошлайди. Буни  қуйидаги ҳадисдан ҳам билишимиз мумкин. Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллолоҳу алайҳи ва саллам ихлос билан қилинган амал инсонни нажотга бошлаши ҳақида шундай дейдилар: «Аввал ўтган умматлардан уч киши сафарга чиқиб, бошпана сифатида бир ғорга кирдилар. Ғорнинг эшиги тоғдан тушган ката тош билан беркилиб қолди. Шунда улар: «Бу тошдан бизни Аллоҳ таолога холис қилган амалларимиз билан дуо қилиш қутқаради»-дейишди. Улардан бири: «Эй Аллоҳ! Менинг қари ота-онам бор эди. Уларни доим бола-чақаю чорполаримдан аввал таомлантирардим. Бир марта ниманидир излаб узоққа кетиб қолдим. Қайтганимда ота-онам ухлаб қолишган экан. Сут соғдим, бола –чақа, уларнинг бошида, идишни қўлимда ушлаб турдим. Ниҳоят улар туриб сутни ичишди. Эй, Аллоҳ! Мана шу ишни ихлос билан сен учун қилган бўлсам, нажот бер»,-деб дуо қилди. Тош бироз силжиди, лекин чиқа олмадилар. Иккинчиси: «Амакимнинг бир қизи бор эди. Уни жуда яхши кўрардим. У билан бирга бўлишни хоҳлаганимда, қиз рад қилди. Очарчилик йилида ўша қиз ёнимга муҳтож бўлиб келди. Қизга 120 динор бердим (тахминан 510 грам тиллонинг қийматига тенг бўлади)». Фақат бунинг эвазига қиз билан бирга бўлиш (зино)ни хоҳладим. У рози бўлди. Муродимга етай деганда қиз: «Мен сенга ҳалол эмасман, муҳрни ҳаққи билан очгин»-деди. Дарҳол ўрнимдан туриб кетдим, ваҳоланки, у менга энг севимли аёл эди. Берган динорларимни ҳам қайтариб олмадим. Эй.Аллоҳ!Мана шу ишни ихлос билан сен учун қилган бўлсам, нажот бер»,-деб дуо қилди. Тош бироз силжиди, лекин чиқа олмадилар. Учинчиси гап бошлади: «Бир қанча мардикорларни ишлатдим. Ҳаммасининг иш ҳақисини бердим. Лекин биттаси ҳақини олмай кетди. Унинг иш ҳақисини кўпайтирдим, бир қанча мол мулк бўлди. Кунлардан бир куни ўша мардикор келиб ҳаққини сўради. Кўриб турганинг, мана шу туялар, сигирлар, қўйлар ва қулларнинг ҳаммаси сеники, олиб кетавер дедим. У: «Эй, Аллоҳнинг бандаси! Мени масхара қилма, мен иш ҳаққимни сўраяпман»,-деди. Сенинг устиндан кулаётганим йўқ, олиб кетавер, дедим. У ҳеч нарса қолдирмай олиб кетди. Эй, Аллоҳ! Мана шу ишни ихлос билан сен учун қилган бўлсам, нажот бер»-деб дуо қилди. Тош сурилди, ғордан чиқиб кетдилар». (Имом Бухорий ривояти).
           Демак, амалларимизда ихлос бўлмоғи лозим. Акс ҳолда, шайтон нафсимизни васваса қилиб, амалларимиз савобидан маҳрум қилади.
 


Шуҳрат домла Муродов

Миришкор тумани Чоргумбаз 
 масжиди имом хатиби