1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МАЪНАВИЙ ТАРБИЯДА ДУНЁВИЙ ВА ДИНИЙ ҚАДРИЯТЛАР УЙҒУНЛИГИ

22-09-2020, 16:19 1 939 Ўқиш режими + -

МАЪНАВИЙ ТАРБИЯДА ДУНЁВИЙ ВА ДИНИЙ ҚАДРИЯТЛАР УЙҒУНЛИГИ 

     Диний бағрикенглик ғоясига таянган Ўзбекистонда  хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган турли миллат вакиллари ҳамжиҳат бўлиб, бир заминда яшаб, меҳнат қилиб келаётган бир вақтда “дунёвийлик” тамойилини тўғри англаш, жамият, давлат ва дин орасидаги муносабатларда мувозанатни сақлаш масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда. 
    Аввало, ўсиб келаётган ёш авлодни   маънан ва жисмонан етук шахсни тарбиялаш масаласи бугунги Ўзбекистон учун умуммиллий, умумдавлат миқёсидаги вазифа бўлиб, бу эзгу мақсад йўлида амалга оширилаётган ишларни изчиллик ва қатъийлик билан давом эттириш мазкур соҳадаги асосий мезонга айланди. Бизга маълумки тарбия-авлодлараро ижтимоий-тарихий ва ҳаётий тажрибани узатишга хизмат қилувчи, оила, таълим муассасалари, дин, ижтимоий, сиёсий ва бошқа ташкилотлар, ОАВ ва бошқалар таъсири остида жисмонан соғлом, маънан баркамол инсонни шакллантирувчи ва такомиллаштиришувчи узлуксиз жараён ҳисобланади. 
Юксак маънавиятни тарбиялаш воситаси ҳисобланган, муайян шахс, жамоа, муайян гуруҳ, жамият, миллатда жисмоний баркамоллик, руҳий, ахлоқий, маънавий етуклик каби сифатларни шакллантиришга қаратилган амалий таълим-тарбия жараёнини ифодаловчи тушунча  бу - маънавий тарбиядир. 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги  Президент Фармонига мувофиқ  кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, унинг асосида ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш мақсадида:
-“жаҳолатга қарши маърифат” улуғвор ғоя асосида диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар азалий қадриятларимиз ифодаси эканлигини кенг ёритиш; 
-ислом ва жаҳон цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган аждодларимизнинг бой маданий меросини чуқур ўрганиш асосида ёшларнинг онгу тафаккурини шакллантириш; 
-жамиятда миллий ва диний қадриятларимизга ёт бўлган ғояларга нисбатан тоқатсизлик муҳитини шакллантириш; 
-диний ва дунёвий билимлар уйғунлигини ривожлантириш асосида таълим сифатини ошириш кабилар соҳанинг устувор йўналишлари сифатида  белгиланди[1].
             Бундан ташқари, 2019 йил 4 сентябрдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  Президент Қарорига мувофиқ ёш авлодни Ватанга муҳаббат руҳида, илм-маърифатли, интеллектуал баркамол авлод этиб тарбиялаш, унинг диний ва дунёвий қарашларини ривожлантириш устувор вазифа сифатида қўйилган[2].
Бизга маълумки, дин  маънавий яқинлик ва руҳий ҳамоҳангликни таъминлашдек функциясига кўра, интеграциянинг муҳим омили ҳисобланади. Дин, жамият ва давлат муносабатлари тизимида манфаатлар уйғунлигини  таъминлашда ҳам  диннинг улкан ижтимоий гуруҳларни уюштира олиши, бирлашишини таъминловчи мафкуравий вазифаси алоҳида аҳамият касб этади. Ўзбекистонда дин  давлатдан ажратилган бўлсада, мамлакатдаги маданий-маънавий анъаналарнинг ажралмас қисми ва аҳоли маънавий камолотининг асосларидан бири сифатида қаралади. Дин кишилар менталитети, ахлоқи ва маданияти билан диалектик алоқадордир. Шу сабабли ҳам, ҳар қандай дунёвий давлатда жамиятнинг бирдамлиги, ўзаро аҳиллиги, жипслиги, тинчлиги ва барқарорлигини сақлашда дин ўзининг алоҳида ўрнига эга.
Соф диний таълимотга кўра, инсонлар манфаатига хизмат қиладиган илмнинг ҳар қандай тури савобли амаллардан саналади. Ўзбекистон аҳолисининг 94 фоиздан кўпроғи эътиқод қиладиган Ислом динида ҳам дунёвийлик ва динийлик чегаралари белгиланмаган. Ислом таълимотига кўра, инсонларнинг дини, жони, насаби, ақли ва молига фойда келтирадиган ҳар қандай амал диний жиҳатдан ҳам маъқулланган, савобли иш ҳисобланади. Масалан, кишиларнинг оғирини енгил қилиш мақсадида техник воситаларни, тиббий ёки кимёвий моддаларни кашф этиш, деҳқончиликда янги усулбларни қўллаш каби ишлар учун ҳам киши икки дунё саодатига эришиб, ажр ва мукофотлар олади. Ўз навбатида инсонлар зарарига хизмат қиладиган, ғаразли мақсадларда кашфиётларни амалга ошириш гуноҳ деб топилади. Мазкур тамойилларга асослаган ҳолда ўрта асрларда ислом оламидан илм-фаннинг барча соҳалари бўйича етук, қомусий алломалар етишиб чиққан. Дин уламолари ҳам ўз навбатида уларни “куфр” ёки динбузарликда айбламаганлар.
Исломда дунёвийликка динга ёт тушунча сифатида қаралмай, балки, динининг муқаддас манбалари-Қуръони Карим ва Ҳадисларда ҳам инсон бу дунёси учун ҳам ҳаракат қилиши кераклиги уқтирилади. Жумладан, “Бақара” сураси 201- оятда: Яна шундайлари борки, улар:”Эй, Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин”,-дейдилар. Шунингдек, “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин” (Қасас сураси, 77-оят) мазмунидаги ояти каримани Абу Лайс Самарқандий “Бу дунёдаги насибангни тарк қилмагин, токи охиратинг учун хизмат қилсин”, дея тафсир қилган[3]. 
Мазкур оятда охиратни ёдда тутган ҳолда, бу дунё неъматларини ҳам ёддан чиқарма, дейилмоқда. Чунки сенда тананг, оиланг, қўни-қўшни, жамият, қўл остингдагиларнинг ҳаққи бор, ҳар бир ҳақдорнинг ҳақини адо этишинг керак. Халифалардан Ҳазрати Умар (р.а.): “Сизларнинг яхшиларингиз у дунё ва бу дунё учун ҳаракат қилганларингиздир” деб алоҳида таъкидлаши ҳам бежизга эмас. Зеро, у зот масжиддан чиқмай, эртаю кеч ибодатга машғул бўлган ёш йигитларни таёқ билан ҳайдаб, дунёвий иш билан ҳам шуғулланишга чақирганлари ривоятларда машҳурдир. 
Дунёвий   ва диний қадриятлар инсонлар руҳиятининг ажралмас қисми ҳисобланиб, муштарак тарзида инсоннинг ҳаётга, жамиятга, жамият аъзоларига муносабатини намоён қилади. Дунёвий қадриятлар ижтимоий-руҳий ҳодиса бўлиб, у миллатнинг маданияти, тарихи, тили, дини, урф-одати, анъаналарини, жамиятнинг моддий ва маънавий бойликларини, иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг барча томонларини қамраб олса, диний қадриятлар диққат марказида инсон ва инсонийлик масаласи асосий ўрин тутади. Хусусан, тасаввуф таълимотида инсонийлик бош масала ҳисобланади. У инсон қалбини тарбиялашга, комил инсонни такомиллаштиришга алоҳида урғу беради. Шунинг учун ҳам ислом таълимотининг моҳиятини, унинг инсонпарварлик, тинчликсеварлик, мўътадиллик ва маърифатпарварлик хусусиятларини шахс ўртасида тарғиб қилиш орқали, баркамол авлодни тарбиялашда, дунёвий ва диний қадриятларни шахсга сингдиришда ислом дини омилидан кенг фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Биз буни дунёвий ва диний қадриятлар уйғунлигига тўла амал қилиб, IX-XII асрларда илк,    XV-XVI асрларда  сўнггги Шарқ уйғониш даврини вужудга келтирган буюк аждодларимиз мисолида кўрамиз.               
Хулоса шуки, дунёвийлик  Аллоҳга иймон келтирган ҳолда, уни қалбда сақлаб, Яратган инъом этган ақл-заковат, билим ва тажрибани ишга солиш, эл-юртни обод қилишга ҳисса қўшиш, халқнинг ҳурматини қозонишдир. Зеро, “Халқ рози бўлса, Холиқ рози бўлади”, дейди улуғ мутафаккиримиз Алишер Навоий. Диний-дунёвий қадриятлар уйғунлигида тарбия топган шахс жамият, давлат манфаатларига хизмат қилувчи янги-янги инновацион ғоя ва технологияларни кашф этишса, энг сўнгги илм-фан ютуқларини  қўлга киритишса, энг муҳими “портлаш эффекти” сифатида дунёга ўз миллати интеллектини тараннум этишса нур устига аъло нурдир. Чунки, у ўз фуқаролик бурчини чуқур англаб, Ватанга муҳаббат ва садоқат, дахлдорлик туйғуси би­лан яшаб, ўз тақдирини Ватани тақдири билан муштарак деб ҳис қилади. Зеро, Президент Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда:”Халқимизни рози қилсак, уларнинг оғирини енгил қилсак, уларнинг дарду ташвиши билан яшасак, Яратган ҳам биздан рози бўлади[4]”.
   

Мажитов Махмуд 
 
Ўзбекистон халқаро ислом академияси 
Малака ошириш маркази Сурхондарё вилояти 
минтақавий филиали директори 
 
 
 
 
[1] Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, 2018 йил 16 апрел
[2] Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4436 Қарори, 2019 йил 4 сентябр
[3] Ислом маърифати ва ҳозирги замон (матн)/ маъсул муҳаррир А.Абдуллаев,Тошкент, Тошкент ислом университети, 2016, 24 бет.
 
[4] Мирзиёев Ш.М. Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик-ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак.Тошкент, Ўзбекистон, 2017, 53 бет.