"МУҲАММАДИЯ" МАСЖИДИ
2778
22-09-2020, 16:20
343
Ўқиш режими
+
-
МУҲАММАДИЯ МАСЖИДИ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
“Муҳаммадия” масжиди Яккабоғ тумани Совуқбулоқ мфй, Жавоғи қишлоғидир. Жавоғи қишлоғи туман марказидан 3 км ғарбда жойлашган. Масжид жойлашган Жавоғи қишлоғи ҳақида “Қашқадарё қишлоқномаси” китобида: “Жавоғи-Яккабоғ туманидаги қишлоқ. Маҳаллий аҳоли Жавағи, Жавоқли деб қўллашади. Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида яшовчи қатағанларнинг, жонқатаған уруғининг бир тармоғи-жабағи. Қишлоқ қатағанлар билан саройларнинг чегарадош ҳудудида жойлашган. Уруғ, қабила номларининг қишлоқ номларига айланиши турли этник бирликларнинг туташ ҳудудида юз беради. М. Қошғарийнинг ёзишича, 10-11 асрлардаги туркий қабилалардан бири-йабақу. Йабақу суви (дарёси) Кошғар тоғидан Фарғона водийсига оққан. Жабағи/Жабағи/Жавағи уруғ, уруғ тармоғи, йабақу қабиласи номининг асосида тотемни билдирувчи сўз туради. Туркий тиллар ўтмишида жабағи-той, тойчоқ, отнинг боласи. Жабағи сўзи Қозоқ, Қарақалпоқ тилларига мансуб. Қирғиз тилида-жабағи. Олтой тилида-дабаға (жўбаға) хакас тилида-чабаға/чўбаға, турк тилида йафағи. Бошқирд тилида йабағи. Татар тилида йабаға. Сўз бошида ж-й товушларининг қўлланиши билан фарқ қилади. Барча туркий тилларга хос сўз. Фақат ўзбек тилининг қадимий ва ҳозирги сўзлари мажмуида бу сўз йўқ. Фақат уруғ, уруғ тармоғи номи ва унданҳосил бўлган қишлоқ номи сифатида сақланиб қолган. Маъноси-тойчоқ. Ёшга тўлмаган тойчоқ; ёшга тўлган той, қулун. Жамоанинг тотеми асосида уруғ номланган. Этнонимга қозоқ, қорақалпоқ, қирғиз, хакас тилларидаги жабағи/жавағи/чабағи шакли асос бўлган. Жавоғли ёки Жавбоғли тарзида ёзиш маъқул эмас. Чунки этноним ўзгаришсиз қишлоқ номига айланган. Номланишда аҳолининг этник таркиби ва мансублиги эътиборга олинган[1]“ дейилади.
Масжид мана шу қишлоқнинг ўртасида жойлашган. Масжид 1997 йилда халқ ҳашари билан қурилиб, унга “Муҳаммадия” деган ном берилди.
“Муҳаммадия” масжидининг тарҳи мураббо тарзида бўлиб. у 11Х11 метрни ташкил қилади.
Масжид томи текис ёпилган бўлиб, унинг учта кириш эшиги бор. Масжиднинг атрофи айвон қилинган.
2016 йилда “Муҳаммадия” масжиди қайта таъмирланди.
2017 йилда масжиднинг таҳоратхонаси янгидан қурилди. Унда таҳорат қилиш учун барча шароитлар мавжуд.
Муҳаммадия масжиди 1998 йилда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган.
Ҳозирги кунда масжидда фуқароларнинг ибодат қилишлари учун барча шароитлар мавжуд. Масжид халқимизнинг диний эҳтиёжларини қондириш йўлида фаолият кўрсатиб келмоқда.
Руҳиддин домла Акбаров.
ЎМИ Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими
[1] Нафасов. Т. Қашқадарё қишлоқномаси. Т. “ Муҳаррир” нашриёти. 2009. 103-бет.