1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ДУО ВА СЕҲР ИККАЛАСИ БИР НАРСАМИ?

24-09-2020, 09:48 1 435 Ўқиш режими + -
 

ДУО ВА СЕҲР ИККАЛАСИ БИР НАРСАМИ?
 
      Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
    Кўпинча халқимиз орасида  “фалончига дуо едиришибди” ёки “фалончини дуо қилиб кетишибди” ёки “уйга дуо сепиб кетишибди” ёки “томоғидан дуо олдирибди” каби сўзларни эшитиб қоламиз. Хўш, аслида дуо ўзи нима?
      Дуо  истилоҳда - киши чин иймон, ҳокисорлик, синиқлик  ва бутун қалби билан ҳамма нарсани унутиб,  Аллоҳдан диний ва дунёвий ишларида Аллоҳдан ёрдам ва мадад сўрашидир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
“Роббингиз: “Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман” (Ғофир сураси, 60-оят) деб марҳамат қилган.
      Дуо – бу инсоннинг Аллоҳ таоло олдида ожиз ва эҳтиёжманд банда эканлигидан далолат қилади. Аллоҳга дуо қилган банда Унинг ҳузурида ўзини ночорлигига эътироф этади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам дуонинг улуғ ибодат эканлиги  борасида шундай марҳамат қилганлар: “(Банданинг Аллоҳга қилган) дуосидан кўра Аллоҳга мукаррамроқ нарса йўқдир” деб. Имом Термизий ривояти.  Бу ҳадис дуонинг қанчалик улуғ ибодат эканлигига далолат қилади. 
    Сеҳр   истилоҳда –   шайтонга яқинлик ҳосил қилингач, шайтон ёрдамида амалга ошириладиган жирканч ишдир.

 

 Сеҳр бировнинг соғлигини касалликка буриб юбориш бўлиб, ботил нарсани ҳақ сифатида чиқармоқликдир. Сеҳр-бу бирор нарсанинг тескарисини шундай усталик билан бажаришки, ҳатто, натижада инсон иккиланиб қолади. Умуман олганда сеҳр – сеҳргар(яъни, бизнинг ҳаётимизда фолбинлар) билан жин шайтонлар ўртасидаги келишув бўлиб, шайтон сеҳргарга итоат қилиб, ёрдам бериши ва сўраган нарсасини бажо келтиргани учун шайтонга атаб сеҳргарнинг баъзи ҳаром( масалан, товуқ сўйиб қонини суртиш) ва ширк амалларни бажаришдир.
Сеҳр-жоду ҳақида Қуръони каримда: “Лекин шайтонлар одамларга сеҳрни ўргатиб, кофир бўлдилар” (Бақара сураси, 102-оят) деб хабар берган. Бу оят сеҳр-жоду  шайтонларнинг жирканч иши эканлигига қатъий далолат қилади.
            Демак, дуо -  бу Аллоҳга ибодат қилиш бўлиб, Ундан мадад, ёрдам сўраш, сеҳр - жоду эса шайтонга ибодат қилиш бўлиб, ундан ёрдам сўрашдир. Кўриниб турибдики дуо бошқа,   сеҳр бошқа, ҳуддики осмон билан ер, машриқ билан мағрибдек бир-биридан фарқ қилади. 
Шунинг учун  “фалончига дуо едиришибди”,  “фалончини дуо қилиб кетишибди”, “уйга дуо сепиб кетишибди” ёки “томоғидан дуо олдирибди”
каби сўзларда   дуодек улуғ сўзни қўлламайлик. Бу хусусда Аллоҳдан қўрқайлик. Кимга сеҳр қилинганлиги аниқ бўлса “фалончига сеҳр қилиб кетишибди”  ёки “жоду қилиб кетишибди” ...   каби сўзлар билан гапирайлик. Ҳар нарсани ўз номи билан атайлик.

Рустам домла Қиличев

ЎМИ Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими