ҚУРЪОНИ КАРИМДА ОХИРАТ ТАЛҚИНИ
(9 -қисм)
Тарозу ва амалларни тортиш
Мўмин-мусулон киши қиёмат куни торозу бўлишига ва унда ҳар бир одамнинг бу дунёда қилган амаллари ўта аниқлик билан тортилишига жазм ила эътиқод қилмоғи лозим. Чунки бу ҳақда Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда ҳеч қандай таъвилни кўтармайдиган равишда очиқ-ойдин иборалар билан хабарлар келган.
Аллоҳ таоло «Анбиё» сурасида:
«Биз қиёмат куни учун адолат тарозуларини қўюрмиз. Бирор жонга ҳеч қандай зулм қилинмас. Агар (амал) ачитқи донаси оғирлигича бўлса ҳам, келтирамиз, ҳисобчиликда Ўзимиз кифоя қилурмиз», деган (47-оят).
Қиёмат қойим бўлгандан кейин дод-войларга, эътирофларга, тавба-тазарруъларга ва ёлборишларга қаралмайди.
«Биз қиёмат куни учун адолат тарозуларини қўюрмиз».
У мутлақ адолат тарозуси бўлади. Ҳаммага бир хил муносабатда бўлинади.
«Бирор жонга ҳеч қандай зулм қилинмас».
Фойдасидан камайтирилмайди, зарарига қўшилмайди.
«Агар (амал) ачитқи донаси оғирлигича бўлса ҳам, келтирамиз».
Ачитқи донаси жуда кичик бўлади. Агар инсоннинг бу дунёда қилган яхшию ёмон амали ўша кичик доначалик оғирликка эга бўлса ҳам, ҳисобга олинади. Яъни, ҳеч бир амал эсдан чиқарилмайди.
«Ҳисобчиликда Ўзимиз кифоя қилурмиз».
Бизга бошқа ҳисобчининг кераги йўқ.
Демак, қиёмат куни келмасидан олдин ҳаракат қилиб қолиш керак. Унга тайёргарлик кўриш лозим.
Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида:
«Ўша куни (амалларни) тортиш ҳақдир. Бас, кимнинг тортилган(амал)лари оғир келса, ана ўшалар нажот топгувчилардир», деган (8 оят).
Қиёмат куни фақат савол-жавоб билан кифояланиб қолинмайди. Балки ундан ҳам дақиқроқ ишлар бўлади. Ҳар бир инсоннинг қилган амаллари тарозига солиб тортилади. Бу тарози аниқ ишлайдиган тарози бўлиб, зарранинг оғирлигини ҳам сезади. Ҳамма ишлар ҳис қиладиган тарзда ҳам ўлчанади. Ана ўша тортишда кимнинг амаллари оғир келса, у нажот топади, жаннатга киради.
Қарши шаҳар “Наво” масжиди имом-хатиби
Қамаров Маҳмуднинг
битирув малакавий иши дан олинди