Тавҳид илмининг асоси ва эътиқодни тўғри қилувчи илмлар қуйидагилардан иборат:
Шарҳ: Барча пайғамбарлар, саҳобалар, тобеин ва табаа-тобеинлар, шунингдек, мусулмон дунёсининг кўпчилигини ташкил этувчи ҳанафий, шофиъий, моликий ва ҳанбалий мазҳаблари эргашган рост ва тўғри ақида асослари қуйидагилардан иборатдир:
- Ҳар бир мусулмон одам дили билан тасдиқ этган ҳолда тили билан ушбуларни айтиши вожибдир:
Шарҳ: Ақоид ва усулул фиқҳ фанларида “вожиб” сўзи “фарз” маъносида ишлатилади. Демак, ҳар бир мусулмон одам дили билан тасдиқ этган холда тили билан қуйидагиларни айтиши фарздир:
Аллоҳга,Унинг фаришталарига, илоҳий, китобларига, юборган пайғамбарларига, охират кунига, ўлгандан кейин қиёматга тирилишга, яхши-ёмон тақдир Аллохдан эканига ҳақ ва рост деб иймон келтирдим. Охиратдаги ҳисоб-китоб, амаллар тарозиси, жаннат, дўзах барчаси ҳақдир.
Шарҳ: Фаришталар латиф жисм эгалари бўлиб, улар турли шаклларга кира олади, икки, уч ва тўрттадан қанотлари бўлади. Уларнинг кўплари осмонда.
Илоҳий китоблардан мурод Қуръони карим, Таврот, Инжил, Забур ва бошқа саҳифалар бўлиб, сони тайин қилинмаган.
Ўлгандан кейин қиёматда қайта тирилиш худди аввалги ҳолга қайтарилиш деганидир.
Яхши-ёмон тақдир, унинг ширини ва шўри Аллоҳ таолодандир.
Охиратдаги ҳисоб-китоб, амаллар тарозиси, жаннат, дўзах барчаси хақдир. Шунингдек, сирот кўприги, Ҳавзи Кавсар ҳам ҳақдир.
“Ақоид” китоби