ТОНГГИ ВА КЕЧКИ ЗИКРЛАРНИНГ ФОЙДАЛАРИ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Албатта, Аллоҳ таолони зикр қилиш ҳар бир мўмин-мусулмон учун фазилат ва амри мустаҳабдир. Чунки Аллоҳни зикр қилиш, Аллоҳ таоло наздида банданинг улуғворлиги ҳамда унинг тириклигининг белгиси ҳисобланади.
Пайғамбаримиз саллололлоҳу алайҳи васаллам ”Тирик билан ўликнинг ўртасидаги фарқ (Аллоҳни) зикр этишдадир” деб марҳамат қилганлар.
Уламоларимиз барча далил ва ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, тонгги ва кечки зикрларни доимий айтиб юришнинг бу ҳаётдаги фойдаларини келтириб ўтганлар:
- Тонгги зикрларни ўқиган мўмин банда то кечга қадар дунёнинг ёмонлигидан, нафснинг ёмонлигидан, инсонлар ва жин-шайтонларнинг зарар етказишидан, кўз тегиши, ҳасадчининг ич қоралиги ва сеҳр-жодуларнинг таъсиридан Аллоҳнинг изни ила омонда қолади. Кечки зикрларни ўқиса, бу ёмонликлардан то тонгга қадар омонда қолади. Агар ўқимаса, ўша кунги балолардан ҳимоясиз қолади;
- Кун ва кеч давомида хайр-барака эшиклари очилади, дунё ишларида енгиллик сезади, топганига барака киради.
- Руҳига ва нафсига озуқа бўлади;
- Қалби ва тана аъзолари ислоҳ бўлади;
- Қалбидан ғам-ғусса кетиб, ўрнини роҳат эгаллайди;
- Қалб, ақл ва юз мунаввар бўлади;
- Аллоҳнинг олдида ожиз бир инсон эканлигини ва Унга муҳтож эканлигини ҳис этади;
- Ризқида барака ҳосил бўлади;
- Ҳар доим Аллоҳ таоло уни кузатиб турганини ҳис қиладиган бўлади;
- Аллоҳ билан бундай боғлангани учун Унга яқин бандаларидан бўлади;
- Аллоҳ бундай банданинг номини фаришталар олдида зикр этади;
- Жисмининг куч ва тоқатига мадад бўлади;
- Гуноҳлари кечирилиб, савоблари зиёда қилинади;
- Ётган жойини Аллоҳнинг марҳамати билан фаришталар ҳимоя қиладилар;
- Ўша кунги ишларини қилиши учун Аллоҳ таоло бандага руҳий ва жисмоний куч қувват ато этади.
Бандаларга бундай 15та неъматни ато этилишига асосий сабаб банда тонгги ва кечки зикрларни давомий ўқиб юрганида доимо тирик ва бутун оламларни тутиб турган Зот – Аллоҳга суяниб юргани ҳамда куннинг боши ва охирини Аллоҳнинг зикри билан бошлаб тугатгани учундир.
Рустам домла Қиличев
Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси
Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими