УСТОЗЛАРИМИЗ ҚАДРИ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Бизларга илму маърифат ато этган Аллоҳ таолога ҳамду санолар, умматига ҳақиқат йўлини кўрсатган севимли Пайғамбаримизга салавоту саломлар бўлсин.
Дунёда миллатлар кўп, ранг баранг маданиятлар, қадриятлар бор. Ҳар бир миллат орасида халқ эргашадиган ва эъзозлайдиган тарихий шахслар бўлади. Миллатнинг етук миллат бўлиб шаклланишида бу инсонларнинг маълум бир ҳиссаси бўладики, қолган авлодлар уларнинг хизматларини доимо эслаб турадилар.
Аллоҳ таоло Зумар сурасининг 9-оятида марҳамат қиладики: “Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми? Дар ҳақиқат, фақат ақл эгаларигина панду насиҳат олурлар”.
Дарҳақиқат, устозларимизнинг қадри доимо баланддир. Устозларимиз, улуғларимиз ҳар биримизнинг маълум бир даражага етишимизда хизматлари бордир.
Диёримиздан етишиб чиққан Аҳмад Яссавий, Нажмиддин Кубро, Занги ота, Абдухолиқ Ғиждивоний, Баҳовуддин Нақшбанд, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор каби зотларнинг номлари бутун дунёга машҳур ва уларнинг шу қадар хизматлари беқиёсдир. Уларнинг нафсни тарбиялаш, аҳлоқни гузаллаштириш, қалбни поклаш бир сўз билан айтганда ҳақ ва ҳақиқатни идрок қилиш учун тарбияни такомиллаштириш йўлидаги таълим ва тавсиялари бутун дунёга дастуриламал бўлиб келмоқда.
Чунончи Мавлоно Муҳаммаджон Ҳиндустоний Рустамжон ўғли бир маърузаларида айтадиларким, сен бир парча нонни ейишинг учун қуёш, ой, ер, осмон, сув, деҳқон хизмат қилади буғдой ўсиши учун, буғдойни ўриш ва тегирмонга қўйиш, хамир қилиш, новвой пишириш каби хизматлар бўлади.
Бир масалага йўлиқсак, устозга мурожаат қиламиз, устоз амал қилиб ўтган зотларга, чунки улар мазҳабга амал қилиб келган, мазҳаб ояту ҳадисдан ажратиб олиб тайёрлаб берган зотлар.
Барча устозларга байрам муборак бўлсин!
Муҳаммадамин Султонов
“Муҳаммад Ибн Ғайлоний” масжидининг имом хатиби