1442 йил 05 Рамазон | 2021 йил 16 апрель, Жума.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:39
Sunrise
05:59
Dhuhr
12:37
Asr
17:19
Maghrib
19:15
Isha
20:35


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

“ФАҚИРЛИК БАЛОСИДАН ПАНОҲ ТИЛАЙМАН”

8-10-2020, 17:31 80 Ўқиш режими + -

“Фақирлик балосидан паноҳ тилайман” 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. 
Пайғамбаримиз (с.а.в.):“Аллоҳим мен сендан фақирликдан, йўқчиликдан, хорликдан ва яна зулм қилишимдан ва биров менга зулм қилишдан паноҳ тилайман” (Абу Довуд ва Насоий ривояти) дейдилар. 
Дарҳақиқат, фақир-камбағал бўлишлик, ночор, етишмовчиликда яшашнинг ҳам ўзига яраша қийинчилиги бор. Жумладан, оила қуриш, оилани сақлаб қолиш, унинг мустаҳкам бўлиши молиявий ҳолатга боғлиқ. Йигит кишини баъзан  оила қуришдан тўсиб турадиган энг катта тўсиқ ҳам айнан шу камбағаллик бўлади. Нафақат оила қуриш, ундан кейинги маҳр, рўзғор, мустақил ҳаёт кечиришгача бу нарсалар муаммо туғдириши бор гап. Айни шу сабабдан Қуръони карим бу ҳолатга тушганларга то имкон топгунларига қадар сабр қилиш ва ўзларини ёмон ишлардан тийиб туришларини буюради: “Никоҳ (имкон)ни топа олмаганлар, то Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилгунича иффатларини сақласинлар”.  
Ҳаётда ҳам кўрамиз, кўпчилик қизлар камбағалроқ яшайдиганларга турмушга чиқишдан бош тортади. Ота-оналар ҳам қизини турмушга узатишда бу жиҳатни албатта эътиборга оладилар. Йўқчилик, камбағалчилик азалдан катта машаққатлардан бири бўлиб, буни Қуръони карим ҳам эътироф этади ва ота-оналарга куёв танлашда фақат молиявий томонини эмас, солиҳлигини ҳам эътиборга олишлари лозимлигини уқтиради: 
“Ораларингиздаги никоҳсизларни ва қулу-чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг. Агар фақир бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилур. Аллоҳ (фазли) кенг, ўта билгувчи зотдир”[1].(Нур сураси 32-оят)
Йўқчилик ахлоқ-одобга таъсир қиладиган иллатлардан бири саналиб, оила мустаҳкамлигига путур етказади. Кимдир эридан, кимдир аёлидан шикоят қилиб, ажрашишни маъқул кўради. Бу нарсалар ислом қонунчилигида ҳам эътиборга олинган бўлиб, “зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ” қоидасига кўра, агар эрнинг оилани боқа олмаслиги маълум бўлса, аёлнинг талаби билан қози уларни ажраштириб юбора олади.
         Йўқчилик оила аъзоларига нисбатан меҳрни, муҳаббатни камайтириб юборади. Нафақат яхши кўрмай қолади, баъзан инсон зоти йўқсиллик туфайли ёмон ишларга қўл уришгача боради. Кейин эса, ҳижолат бўлиб, иложсизликдан қилганини айтиб, бир умр хомуш юради. 
Қадим жоҳилият даврида айрим кишилар иқтисодий қийинчилик бўлган  пайтларда, очарличилик пайтида ўз фарзандларини ўлдирганлар.  Бу инкор этиб бўлмас ҳақиқат бўлиб, воқеликда юз берганлигини ва юз бериши мумкинлигини Қуръони карим ҳам эътироф этган ва бундан қаттиқ қайтарган: 
“Очликдан қўрқиб, болаларингизни ўлдирманг. Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз”[2].(Анъом сураси 151 оят)
Бошқа оятда қуйидагича келади: “Болаларингизни фақирликдан қўрқиб ўлдирманг. Биз уларни ҳам, сизларни ҳам ризқлантирамиз. Албатта, уларни ўлдириш катта хатодир”[3].(Исро сураси 31- оят)
         Эътибор қаратадиган бўлсак, биринчи оятда “очликдан қўрқиб” дейилди. Яъни бу ерда фақирлик юзага келиб бўлгани айтилмоқда. Иккинчи оятда эса “фақирликдан қўрқиб” дейилди. Бу ерда фақирлик ҳали юзага келмаган, лекин унинг келишидан хавф бор бўлган ҳолат назарда тутиляпти. камбағаллик воқеликда юзага келиб бўлган бўладими ёки юзага келиш хавфи бўладими бу нарса жиноят қилишга сабаб бўла олмаслиги таъкидланмоқда ояти каримада. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам бундай жирканч ишни ширкдан кейин санаганлари ҳам бежиз эмас.
         Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламдан “Энг катта гуноҳ нима?” деб сўрашди. У зот: “Сени яратган Аллоҳга ширк келтиришинг”, дедилар. “Кейинчи?” деб сўрашди. У зот шундай марҳамат қилдилар: “Таом беришдан қўрқиб фарзандингни ўлдиришингдир”. 
         Ислом дини иқтисодий омилларнинг инсоний фазилатларга ана шундай салбий таъсир қилишини, ҳатто баъзилар одамгарчиликдан чиқиб, разил ишларни ҳам қилиши мумкинлигини эътироф этади. Лекин бу билан ҳамма ёмон ишларга иқтисодий танглик сабаб бўлади, дейиш хато бўлади, албатта. Шуниси аниқки, инсоний фазилатларга руҳий, диний, ахлоқий ва ижтимоий омиллар ҳам таъсир ўтказади.
Хулоса қилиб айтамизки, инсон бу дунёда имтиҳонда яшайди. Имтиҳон дунёда борлик ҳам бўлади, йўқлик ҳам бўлади. Аллоҳ таоло берган борлик пайтларда шукр қилишимиз ва қийинчилик, йўқчилик бўлган пайтларда эса сабр қилиб яшашимиз лозим бўлади. 
         

А.Бойқобилов 
Қарши шаҳар бош имоми
 
 
.