
“Толлибулоқ” масжиди Яккабоғ тумани Чайдари қишлоғидир. Чайдари қишлоғи туман марказидан 12 км шарқда жойлашган. Чайдари қишлоғи ҳақида “Қашқадарё қишлоқномаси” китобида: “ Чайдари-яккабоғ туманидаги қишлоқ. Чойдору тарзида ҳам ёзишади. Чой+дори сўзларининг маъноларидан изоҳлаш ҳоллари мавжуд. Номнинг товуш таркибида ўзгариш юз берган. Азалий шакли: чий+дала. Қишлоқ қуйисидаги халқоб жойда, чуқурликда чий-йўғон пояли қамишсимон ўсимлик ўсганлиги сабабли чий+дала аталган. Чий+дала-чийдала-чийдала-чайдала-чайдари тарзида ўзгариш юз берган. Чайдари-чий ўсимлиги ўсган жой. Дала номи қишлоқ номига айланган[1]“ дейилади. Мана шу қишлоқнинг чеккасида “Толлибулоқ” масжиди жойлашган.
Маълумотларга кўра, масжид 1905 йилда шу ерлик аҳоли томонидан ҳашар йўли билан қурилади. Қадимдан масжид олдида булоқ бўлиб, бу булоқ суви ширин. Айтишларича, шу булоқнинг суви ширинлигини ҳисобга олиб одамлар уни “Тотли” деб аташган. Ана шу “Тотлибулоқ” атамасини талаффузда ўзгарган кўринишидан масжиднинг номи “Толлибулоқ” деб аталади.
“Толлибулоқ” масжид тарихий биносининг тарҳи 7х7 метрни ташкил қилади. Масжиднинг девори пахса лойдан бўлиб, томи текис ёпилган. 2018 йилда янги масжид биноси қуриш бошланди. Бу бинонинг тарҳи 24х12 метрни ташкил қилади. Унинг девори пишиқ ғиштдан бўлиб, томи гумбаз билан ёпилган.
2019 йилда масжидда янги таҳоратхона қурилди.
Ҳозирги кунда масжидда фуқароларнинг ибодат қилишлари учун барча шароитлар мавжуд. Масжид халқимизнинг диний эҳтиёжларини қондириш йўлида фаолият кўрсатиб келмоқда.
Руҳиддин Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими
[1] Нафасов. Т. Қашқадарё қишлоқномаси. Т. “ Муҳаррир” нашриёти. 2009.288-бет.