1445 йил 10 Шаввол | 2024 йил 18 апрель, Пайшанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:35
Sunrise
05:56
Dhuhr
12:36
Asr
17:20
Maghrib
19:17
Isha
20:38


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ПРЕЗИДЕНТНИНГ ИСЛОМ MОЛИЯСИ БЎЙИЧА МУҲИМ ҚАРОРИ ЛОЙИҲАСИ ЭЪЛОН ҚИЛИНДИ

20-10-2020, 11:41 217 Ўқиш режими + -
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ислом молиялаштириш тамойиллари асосида қимматли қоғозларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори лойиҳаси эълон қилинди
Қарордан кўзланган мақсад Ўзбекистонда молиялаштиришнинг муқобил шаклларини яратиш ҳамда аҳоли ва тадбиркорларнинг ўсиб бораётган эҳтиёжларини қондириш, таклиф этилаётган молиявий хизматлар турини кенгайтириш, ислом молиялаштириш тамойиллари асосида ички ва ташқи капитал бозорларидан ресурсларни сафарбар этишдир.
Бунда, асосан, қуйидагилар белгиланиши кўзда тутилган:
сукук қимматли қоғозлари – ислом молиялаштириш тамойилларига асосан чиқарилган, мол-мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи ва мулк ҳамда мулкий ҳуқуқдан фойдаланиш ва (ёки) улардан фойдаланишдан олинадиган даромадлар, ушбу қимматли қоғозлар молиялаштирилиши мақсадида чиқарилган маълум лойиҳалар хизматлари ёки мол-мулкига бўлган бўлинмас ҳуқуқни тасдиқловчи эмиссиявий қимматли қоғозлар;
- сукук ижара қимматли қоғозлари (сукук ал-ижара) – муомала муддати аввалдан белгиланиб, махсус молия компанияси томонидан ислом молиялаштириш тамойилларига асосан чиқарилган қимматли қоғозлар бўлиб, уларнинг эгалари ижара шартномаси (молиявий лизинг) бўйича даромад олиш ҳуқуқига эга бўлишади;
сукук иштирок этиш қимматли қоғозлари (сукук ал музораба/мушорака) – муомала муддати аввалдан белгиланиб, махсус молия компанияси томонидан ислом молиялаштириш тамойилларига асосан жалб этилган маблағлардан янги инвестициявий лойиҳани ташкил этиш учун фойдаланиш, оддий шерикчилик шартномаси ёхуд акциядорлик жамияти ёки масъулияти чекланган шерикчилик ташкилий-ҳуқуқий шаклидаги юридик шахсни ташкил этган ҳолда мавжуд инвестициявий лойиҳани ривожлантириш ёки тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш мақсадида чиқарилган қимматли қоғозлар;
тўлови узайтирилган қайта сотиб олиш қимматли қоғозлари (сукук ал муробаҳа) – муомала муддати аввалдан белгиланиб махсус молия компанияси томонидан ислом молиялаштириш тамойилларига асосан чиқарилган қимматли қоғозлар бўлиб, бунда оригинаторга тўлови узайтирилган мол-мулк берилади.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан ҳамкорликда сукук қимматли қоғозларини жорий этиш билан боғлиқ вазифаларни амалга ошириш мақсадида Ислом тараққиёт банки ва бошқа ҳалқаро молия институтлари грантларини жалб этиш чораларини кўрилиши таъкидланган.  
Сукук ўзи нима?
Сукук, бу – ислом молияси тизимидаги қимматли қоғоз ҳисобланади. Таниқли олим, муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний сукукка қуйидагича таъриф берган: «Сукук бойликларни адолатли тақсимлаш воситасидир, чунки сукук сармоядорларга лойиҳадан келадиган фойданинг маълум қисмини олиш имконини беради ва шу сабабли бир сармоядорнинг кучи етмаган катта корхона/лойиҳаларни молиялаштиришнинг энг яхши усулларидан бири ҳисобланади».
Сукук чиқарувчи муассаса сукук сертификатларини сармоядорлар гуруҳига сотади ва ундан тушган маблағларни бирор мулк (актив)ни сотиб олишга ёки маълум бир лойиҳани амалга оширишга йўналтиради.
Шариатда фоизлар тўлайдилар ва шариат талабларига жавоб бермайдиган фаолият (қимор ўйинлари, спиртли ичимликлар, чўчқа гўшти ва бошқалар) билан боғлиқ бизнесни молиялаштиришлари мумкин бўлган одатий облигациялар мақбул деб ҳисобланмайди. Сукук унга муқобил сифатида ишлаб чиқилган. Сукук қимматли қоғозлари шариатга мувофиқ фоизларни эмас, балки одатда инвестицияларга моддий активларни жалб қилиш, фойда тўлаш йўли билан тузилган. Масалан, Сукук қимматли қоғозлари инвестиция компанияси томонидан қурилган (ва махсус транспорт воситасида олиб бориладиган) мол-мулкка қисман эгалик қилиш ҳуқуқига эга бўлиши мумкин, шунда сукук эгалари мол-мулкдан олинадиган фойдани ижара ҳақи сифатида йиғишлари мумкин (бу Ислом шариатида рухсат этилган).
Шундай қилиб сукук – кўпгина сармоядорлар томонидан молиялаштириладиган лойиҳаларда ўз эгасининг (яъни сукук сертификатини сотиб олган томоннинг) умумий лойиҳа сармоясидаги ҳиссасини ва олинадиган фойда ёки зарарда сармоядорнинг улушини ифода этувчи ҳужжат ҳисобланади.
Агентлик ҳисоботига кўра, ҳукумат томонидан бюджет харажатларини қоплаш мақсадида чиқарилган сукуклар 2019 йилда жами 21 миллиард долларга тенг бўлган бўлса, 2020 йил якунига қадар қарийб икки бараварга ошиб, 40 миллиард АҚШ долларига етиши кутилмоқда.
Исломнинг илк даврларида Сакк (сукук) шартнома ёки шариат қонунларига мувофиқ амалга оширилган ҳуқуқлар, мажбуриятлар ёки пул маблағларини ўтказиш билан боғлиқ ҳар қандай ҳужжатни назарда тутган бўлиб, ушбу атама савдо ва бошқа тижорат фаолиятидан келиб чиқадиган молиявий мажбуриятларни ифодаловчи ҳужжатлар шаклларига нисбатан ишлатилган.
Биринчи сукук битими милодий VII асрда Дамашқдаги жоме масжидида бўлиб ўтган, дейилади. Мусулмон савдогарлар Аббосийлар халифаси Ҳорун ар-Рашид (IX аср) давридан бошлаб чек ёки Сакка тизимидан фойдаланганликлари маълум бўлган.
Ғарбнинг замонавий "чек" сўзи ҳам "сакк" ("сукук"нинг бирлик шакли)дан келиб чиққан бўлиб, бу қоғоз ўрта асрларда товарни етказиб берилганда тўлаш ва пулларни хавфли ерларда олиб юрмаслик учун ёзма равишдаги розиликни билдирган. 
Исломий молия институтларининг баланслари янада ликвидли бўлиши учун қисқа ва ўрта муддатли воситаларни тақдим этиш зарурлигига жавобан Исломий давлатлар ташкилоти Фиқҳ Академияси (Ислом давлатлари ташкилоти) 1988 йил феврал ойида сукукдан фойдаланишни қонунийлаштирди.
Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, ҳукуматнинг реал инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришда сукукдан фойдалана олиши, биринчидан, аҳолининг бўш турган маблағларини иқтисодиётга жалб қилиш ва иқтисодиётни ривожлантиришга йўналтириш имконини беради. Иккинчидан, кўпчиликнинг маблағи ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳаларнинг фаол жамоатчилик назорати остида пухта бажарилишига сабаб бўлади. 

Ёқуб Умар тайёрлади.

Манба: Азон.Уз