1442 йил 05 Рамазон | 2021 йил 16 апрель, Жума.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:39
Sunrise
05:59
Dhuhr
12:37
Asr
17:19
Maghrib
19:15
Isha
20:35


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

АЁЛ КИШИ ҒУСЛДИ МАСҲ ТОРТАДИМИ ЁКИ БОШИНИ ЮВАДИМИ?

24-10-2020, 07:33 83 Ўқиш режими + -
САВОЛ:
Эр аёли билан яқинлик қилгандан сўнг, аёли ғусл қилишида бошни тўлиқ ювиши керакми ёки масҳ тортса кифоями? Олдиндан раҳмат!

ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир  роҳманир роҳим. Жинсий алоқадан аввал хотин кишининг сочи ўрилган ва уни ғуслдан аввал ёйиш машаққат бўлса, сочнинг ости (яъни, бош териси)ни тўлиқ ювади. Осилиб турган сочни ювиш шарт бўлмайди. Лекин жинсий алоқадан аввал сочи ўрилмаган бўлса, ғусл пайтида сочини ҳамма жойини ювади. Ҳар бир соч толасига сув етказади, акс ҳолда ғусли дуруст бўлмайди. Алоқадан аввал ўрилмаган сочни алоқадан кейин ўриб олса ҳам, барибир сочнинг ҳамма жойини ювади.
    Умму Салама онамиз разияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар: 
يا رسول الله إني امرأة أشد ضفر رأسي فأنقضه لغسل الجنابة ؟ قال لا إنما يكفيك أن تحثي على رأسك ثلاث حثيات ثم تفيضين عليك الماء فتطهرين 
Яъни: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Мен сочимни маҳкам қилиб ўраман, жанобатдан ғусл қилиш учун сочимни ёяманми?” Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Йўқ, сочингизни ёймайсиз. Бошингизга уч ҳовуч сувни қўйиб, сўнгра устингиздан сув қўйиб покланишингиз етарли бўлади” – деб жавоб бердилар" (Имом Муслим ривоятлари).
     Жанобатдан покланмоқчи бўлган аёл ғуслда бошига масҳ тортиб қўйиши мумкин эмас. Балки жинсий алоқадан аввал сочи ўрилган бўлса, сочининг ости (яъни, бош териси)ни ювиш ва бутун баданга сув етказиш кифоя қилади, осилиб турган сочни ювиш шарт эмас. Чунки ўрилган сочни ёйиш машаққат туғдиради (“Баҳрур роиқ”, “Табйинул ҳақоиқ” ва “Фатҳу бабил иная” китоблари).  
     Демак, жинсий алоқадан аввал ўрилмаган сочлар эса ғуслда тўлиқ ювилади. 
     Эслатиб ўтиш керакки, юқоридаги масала осонгина ўрилиб, осонгина ечиладиган сочларга тегишли эмас. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Салама онамизга берган рухсатлари сочларини ўриш ҳам, ёйиш ҳам етарлича машаққат бўладиган аёлларга тегишли. Чунки уламоларимиз бу рухсатнинг иллат (сабаб)и хараж (қийинчилик) эканини таъкидлаганлар.
Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси 

Манба: фатво.уз