Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Аллоҳ таоло инсониятни беҳисоб неъматлар билан сийлаган. Улар орасида инсон учун энг бебаҳоларидан иккитаси сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир. Дарҳақиқат, бу икки неъматдан баҳраманд бўлиб турган инсон уларнинг қадрига етиши лозимдир. Лекин хасталик гўдакни ҳам, ёшни ҳам, кексани ҳам четлаб ўтмайди. Инсонлар ҳар доим бир хил ҳолатда яшамайди. Балки, баъзи ҳолларда Аллоҳ таолонинг турли-туман синовлари бўлиб ўтиши мумкин. Аллоҳ таоло баъзи бандасига беморлик дардини беради. Қайсики инсон шу берилган дардга сабрли бўлиб, Аллоҳ таолонинг синов имтиҳонига бардошли бўлса, гуноҳлари кечирилиб, савобга эришади. Аммо, бу синовга сабрсизлик қилса, гуноҳкор бўлади. Мана шундай ҳолларда мўмин мусулмонлар ўрталарида меҳр-мурувват, ўзаро ҳамжиҳатлик зиёда бўлиши учун бир-биридан хабар олиб турмоғи лозим. Аллоҳ таоло ўз бандаларини ҳузуридан келадиган синов – имтиҳонлари, ҳар хил дард ва касал билан синаса, гоҳида бошқа ҳолат ва имтиҳонлар билан ҳам синайди. Жумладан, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:
“Ва Биз сизларни баъзан бироз қўрқинч ва очлик билан, молга, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан имтиҳон қиламиз. (Эй Муҳаммад), сабрлиларга башорат беринг”(Бақара сураси, 155-оят)[1].
«(Эй Муҳаммад!) Сабр қилинг. Сабр қилишингиз эса фақат Аллоҳ (ёрдами) билангина мумкиндир» (Наҳл сураси, 127-оят).
«Албатта, сабр қилувчиларга (охиратда) мукофотлари беҳисоб берилур» (Зумар сураси, 10-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб бундай деди: «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳга дуо қилинг, менга шифо берсин». У зот: «Агар хоҳласанг, дуо қиламан ва Аллоҳ сенга шифо беради. Агар сабр қилсанг, (охиратда) сен ҳисоб-китоб қилинмайсан», десалар, у аёл: «(Бўлмаса,) сабр қиламан», деди Имом Бағовий ривояти.[2]
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Мўминга тикан кирса ва ундан каттароқ мусибат етса ҳам, албатта, Аллоҳ ўша сабабли унинг даражасини кўтаради ва гуноҳини ювади», дедилар» Имом Термизий ва Муслим ривоят қилишган.
Тикан кириши ҳам мусибат ҳисобланади. Унга ҳам сабр қилиш керак.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизлардан бирингиз ҳар бир нарса(мусибат)га истиржо[3] айтсин, ҳатто ковушининг ипи узилиб кетса ҳам. Чунки у ҳам мусибатлардан бири (агарчи кичик бўлса ҳам)”[4].
Бошқа бир ривоятда айтилади:
“Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг чироқлари ўчиб қолди. Шунда: “инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун”, дедилар. Шу ҳам мусибатми, дейилганда: “Ҳа, мўминга азият берган ҳар бир нарса мусибатдир”, – дедилар”[5].
Ана ўшандай мусибатлар етган пайтда сабр қилган мўминнинг даражаси кўтарилиб, хатолари ўчирилар экан. Шунинг учун каттаю кичик мусибат қаршисида ўзимизни комил мусулмондек тутмоғимиз лозимдир.
[1]Усмонхон Алимов. “Тафсири ирфон”. Тошкент: “Шарқ” нашриёти-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририяти. 2012 й. 1–3-жузлар. 164-бет.
[2]Ваҳба Зуҳайлий. «Ал-Фиқҳул-исламий ва адиллатуҳу». Дамашқ: «Дорул-фикр», 1980. 2-жуз. 448-бет.
[3]Истиржо –“Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун” калимасини айтиш.
[4]Яҳё ибн Шараф ан Нававий. “Ал Азкарун Нававий”. “Мишкатул исламия” матбааси. 1425 ҳ.й, 1-жуз, 138-бет.
[5]Абул Барокат Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафий. “Мадорикут танзил ва ҳақоиқут таъвил” Байрут. “Дарун нафоис” нашриёти, 2005. 1-жуз, 85-бет.
давоми бор....
Нормурод домла Шоимов
Китоб туман Севаз жомеъ
масжиди имом хатиби