Муҳаммад ибн Холид ас-Суламийдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилган:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Албатта, Аллоҳдан бир бандага мартаба ато этиш ирода қилинган бўлса-ю, унга банда амали билан етмаган бўлса, Аллоҳ уни жасадида ё молида, ё боласида балога гирифтор қилади. Сўнгра уни ана ўшанга токи Аллоҳдан унинг учун кетган мартабага эриштиргунча сабр қилдиради», – дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифда Аллоҳ таоло гоҳида бандани ўзи унинг учун олдиндан тайёрлаб қўйган манзил – мартабага эриштириш учун ҳам балога мубтало қилиши мумкинлиги ҳақида сўз кетмоқда.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айтишларича, Аллоҳ баъзи бандаларга аввалдан бир мартабани тайёрлаб қўяр экан. Банда маълум амалларни қилгандан кейингина ўша ўзи учун белгиланган мартабага эришиши керак бўлади. Аммо у шартдаги амални қилиб, ўша мартабага эришишга муваффақ бўла олмайди. Мартаба эса уни кутиб турибди. Шунда Аллоҳ мазкур бандани ё жисмида, ё молида, ёки боласида балога гирифтор қилиб, унга сабр бериб, ҳалиги балога сабр қилдириб, сўнгра олдиндан тайёрланган ўша мартабага эриштирар экан. Шунинг учун ўзига мусибат етган киши бундан кейин яхшилик келишидан умидвор бўлиб туриши керак.
Уммул Аъло розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Беморлигимда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени кўргани келдилар ва:
«Эй Уммул Ало, севинавер, мусулмоннинг касали туфайли Аллоҳ унинг хатоларини худди олов олтин ва кумушнинг кирини кетказгандек кетказади», – дедилар» Иккисини Имом Абу Довуд ривоят қилган.
Ҳадиси шарифнинг маъноси тушунарли. Эркак киши бемор аёлни кўргани бориши мумкинлигини ҳам мулоҳаза қилсак бўлар экан.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Қачон банда бемор бўлиб қолса ёки сафарга чиқса, Аллоҳ таоло унга соғлик ва муқим вақтида қиладиган амалларнинг ажрини ёзади», – дедилар» Имомлар Аҳмад, Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Бу ҳам Аллоҳ таолонинг бандаларига меҳрибонлигининг бир намунаси. Банда бемор бўлиб қолганида соғлигимда қиладиган савоб ишларим, нафл рўза, намоз, зикрларим қолиб кетди, деб ўксимаслиги учун унга худди соғлигида амал қилиб оладиган савоблари ёзилади, буни билган банда беморликка сабр қилиши лозим. Шу билан бирга, мазкур қоидани яхши билган банда соғлик пайтида яна ҳам кўпроқ нафл ибодатлар қилиши турган гап.
Албатта, бу ҳадисларда биз ўрганган сабр ва розилик масаласи ўлим ва касаллик муносабати билан юзага чиқади. Чунки биз жаноза масалаларини ўрганмоқдамиз. Умумий бало-офатлар, дину диёнат йўлидаги бало-офатлар ҳамда шу маънодаги сабр ва ризо мавзулари Аллоҳ хоҳласа, ўз ўрнида ўрганилади.