"ИҚРОРЛИГИМНИ ЁЗИБ ҚЎЙ"
3105
28-10-2020, 11:16
497
Ўқиш режими
+
-
Ҳинд алломаси Иноятуллоҳ ал-Машриқий Ғарбда катта шуҳрат қозонган. Номзодини Нобел мукофотига тавсия этишганида рад қилган. У Қуръони каримнинг илмий мўъжизаларидан таъсирланган инглиз олими Жеймс Женд ҳақида қуйидаги ажойиб ҳикояни сўзлаб берган экан: “Минг тўққиз юз тўққизинчи йил. Якшанба куни эди чоғи. Шаррос ёмғир қуярди. Бир юмуш билан уйдан чиқдим. Шу пайт кўчада Кембриж университетининг устози, машҳур фалакшунос олим Жеймс Женднинг черковга келаётганини кўриб қолдим. Қўлтиғига Инжил ва шамсиясини қистириб олибди. Унга яқин бориб салом бердим.
Жавоб қилмади. Яна салом бердим. У ўйчан тикилиб турдида: “Мендан нима истайсан?” деди. Мен: “Сизга икки саволим бор, жаноб. Биринчидан, шундай кучли ёмғирда нега шамсиянгизни ишлатмаётганингизни билмоқчийдим”, дедим. Сэр Жеймс табассум қилиб, тезда шамсиясини очди. “Иккинчи саволим шуки, оламга машҳур сиздай олимни черковга қатнашга нима мажбур қилади?” деб сўрадим. Бу саволимга сэр Жеймс жавоб беролмай, бир оз ўйланиб қолди. Сўнгра: “Бугун кечқурун мен билан чой ичсангиз”, деб уйига таклиф қилиб қолди.
Оқшом тушгач, олимнинг уйига бордим. Уй бекаси эшик олдида қаршилаб, сэр Жеймс мени кутаётганини айтди. Хонага кириб, устига чой қўйилган столчага тикилганича хаёлларига ғарқ бўлиб ўтирган профессорни кўрдим. У менинг кирганимни пайқаб: “Боя нима ҳақда сўровдинг?” деди. Жавобимни кутмаёқ самовий жисмларнинг тузилиши, уларнинг муқаррар низоми, чексизлиги, жозибияти ва кишини лол қолдирувчи нурлар тўфони ҳақида маъруза қила кетди. Унинг сўзларини тинглар эканман, Аллоҳнинг ҳайбати жалолатидан қалбим ларзага келганини ҳис этдим.
Сэр Жеймс бўлса, сочлари тиккайган ҳолатда, кўзларидан дув-дув ёш оқизиб, Аллоҳдан қўрқув туфайли қўллари титраб ўтирар эди. Бирдан у менга ўгирилиб гапира бошлади:
— Эй Иноятуллоҳ! Аллоҳ махлуқларининг ажойиблигига назар солсам, илоҳий жалолатдан вужудим қалт-қалт титрайди. Аллоҳга илтижо этиб, “Сен улуғсан!” деганимда бу дуони бутун борлиғим қувватлаётганини ҳис қиламан. Улуғ бир саодат ва ажиб бир таскин шууримни чулғайди, ўзимни дунёда энг бахтиёрларнинг ҳам бахтлиси каби ҳис этаман. Иноятуллоҳ, нега черковга қатнаётганимни энди тушунгандирсан?
Бу суҳбат онгимда ғалаён пайдо қилган эди. Мен суҳбатдошимга шундай дедим:
— Эй жаноб, менга сўзлаб берган илмий тафсилотларингиздан ғоят қаттиқ таъсирландим. Шу боис Қуръони каримнинг бир ояти ёдимга келди. Ижозат берсангиз, сизга ҳам ўқиб берсам...
— Хурсанд бўлардим, — дея бош силкиди у.
Мен оятни ўқий бошладим:
— «...Яна тоғлардан ҳам оқ, қизил — ранго-ранг йўл(ли тоғлар) ҳам, тим қора (тоғлар) ҳам бордир. Шунингдек, одамлар, жониворлар ва чорва ҳайвонлари орасида ҳам ранг-баранглари бордир. Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларигина курқур...» (Фотир, 27—28, мазмуни).
Шу жумлаларни ўқиганимда сэр Жеймс баралла қичқириб юборди:
— Нима дединг?! «Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларигина қўрқур...» Даҳшат, ғаройиб, жудаям ажойиб!!! Бу эллик йиллик ўрганиш ва мушоҳадаларимнинг исботи-ку! Куръонда чинданам шундай оят борми? Агар шундай бўлса, менинг иқрорлигимни ёзиб ол, Иноятуллоҳ: Қуръон албатта Аллоҳ томонидан ваҳий қилингандир!
Мубашшир АҲМАД таржимаси
«Ҳидоят» журналининг 2003 йил 7-сонидан олинди.
Манба: Қадрият.Уз